Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҚАДРИЯТЛАРИМИЗ БЕШИГИСАН МАҲАЛЛА

Ҳақиқатдан ҳам шу маҳаллада туғиласан, вояга етасан, маҳалла сени тарбиялайди, ҳам оталик, ҳам оналик қилади. Авваллари чойхоналарга қарасангиз, тўрда чиройли краватлар, деворларга танбур, дутор, доира осиб қўйилган бўларди.

Одамлар билан мудом гавжум бўлган чойхонанинг узун столи устида кунлик газеталар тартиб билан жамланган, хона деворининг бир томонида маданият ва маънавият ҳақидаги деворий газеталар, иккинчи томонида Улуғ ватан урушида қатнашган ва уруш ортида туриб ғалабага ўз ҳиссасини қўшган маҳалладошларнинг расмлари осилган турарди. Краватда мўйсафед боболарнинг, полда тўшалган палосда эса давра қурган ёшларнинг гурунги тинмас, кўпинча жанг қатнашчилари бўлган чоллар уруш пайти бошдан кечирганларини ёшларга ҳикоя қилиб беришарди. Шундан сўнг навбат ғазалхонликка келарди. Ҳазрат Навоий, Бобур Мирзо, Машраб, Фурқат ва бошқа шоирлар ғазаллари мутолаа қилиниб, ёшларга ғазал маъноси тушунтириб берилар, баъзан мушоирага ўхшаб кетадиган бу йиғин ярим тунгача давом этарди. Чор-атрофда тинчлик ҳукмрон, меҳр-муҳаббатнинг азалий масканига ўхшарди маҳалла.
Тўйларчи?! Ҳовлида ўтарди бу маросим. Ёшлар бир кун олдин келиб жой тайёрлашган, оқсоқолнинг гапини ҳеч ким икки қилолмасди. Лекин тўғрисини айтиш керак, шўро даврида ҳамма ҳам яхши яшамас эди. Текширувчи органлар жуда кўп бўларди. Бир томонда қўй, бир томонда бўри ейман деб турган вақт. Халқ жуда азобда бўлган. Ҳозирги тинчлик-тотувлик замонини орзу қилган ота-боболаримиз. Ҳа, А.Қодирий, Фитрат, Беҳбудий, Файзулла Хўжаев, Акмал Икромовлар орзу қилган мустақиликка эришдик.
Биз айтган чойхоналар ҳозир ҳам бор. Лекин баъзи чойхоналарга кириб кишининг ихлоси қайтади. Чунки, ҳалиги, мўйсафед деган боболаримиз ёшлар билан бир даврада ўтириб, қимор ўйнашади, лото, нарда деган ўйинларга пул тикишади. Олдинги тартиб интизом йўқ, китобхонлик ҳақида гапирмаса ҳам бўлади, энг ачинарлиси ёшларнинг катталарга нисбатан ҳурмати йўқолиб бораётгани.
Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадисларида шундай дейдилар: Неъматга шукур қилишлик, унга миннатдор бўлмоқ, унинг давомли бўлиши, йўқолмаслиги гаровидир. Бу билан Сарвари Олам, Аллоҳ берган неъматга шукур қилмоқ, унинг кадрига етмоқ кераклигини сизга даъват қилмоқдалар. Мана, ҳозирги тўйлар катта кошоналарда бўлмоқда. Муҳтарам Президентимиз тўйларни ихчам ва исрофгарчиликка йўл қўймай ўтказиш бўйича кўп гапирадилар. Аслида бу гаплари халққа мурожаат, меҳнатнинг қадрига етмаган, қарзга ботиб тўй ўтказган, ёш келинни ташлаб хорижга сарсон бўлиб юрганлар ҳақида юракдан қайғуришларидир. Шу сабабдан маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари томонидан ҳафтада камида бир бор мажлис чақирилиб, ёшлар дунёқарашини кенгайтириш, ҳаётга, турмушга тайёрлаш учун суҳбатлар ўтказилиши даркор. Пайғамбаримиз ҳадислари, донишманд ёзувчи ва шоирларнинг асарларини ёшларга тушунтириб бормоқ зарур. Ёшларнинг Ватанга бўлган меҳр-муҳаббатлари ошсин. Кейинги вақтларда ёш келин-куёвлар ўртасида ажрашиш, келин ва қайнона ўртасидаги жанжаллар ортиб, оила пароканда бўлишига олиб келмоқда. Буларнинг олди олинмаса, эндигина ҳаётга келган гўдаклар пешонасига етим деган кўринмас тамға босилиши тайин. Ахир, уларда нима гуноҳ. Одамлар ўзгариб бораётгандек, бир ота-онадан туғилган фарзандлар уйланганидан сўнг, улар ўртасида ака-укалик меҳри йўқолгандек гўё. Бир қоринга сиққан ака-ука бир ҳовлига сиғмаса, бегонага ўхшаса. Ўзаро жанжаллар оилага совуқлик туширмоқда. Ҳовлининг бўлиниши оға-иниларни бир-биридан узоқлаштирмоқда. Бунинг олдини олмаса бўлмайди. Мустақиллигимиз қадрига етишимиз, уни ардоқлашимиз инсонийлик бурчимиз бўлсин, ҳаётга шукур қилиб, ёшларни меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаб, Аллоҳ берган неъматнинг - тинчлик-омонликнинг қадрига етиб яшайлик.
Мустақиллигимиз абадий бўлсин.

Ҳожи Қамар МУАЗЗАМОВ


Дата добавления: 16/08/2019 11:48;   Просмотров: 771
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку