Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Адолатга бЎлган ишонч кафолати

Аввало, шуни эътироф этиш жоизки, Давлатимиз раҳбарининг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида" 2016 йил 28 декабрдаги Фармони фуқаролар ҳамда давлат ўртасидаги муносабатларда очиқликни, шаффофликни таъминлашда янги саҳифа очди.

Хусусан, Фармонда белгиланган вазифалар доирасида 2017 йил 11 сентябрда "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг мақсади давлат органлари ва муассасаларига, шунингдек, уларнинг мансабдор шахсларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.
Қонуннинг амал қилиши давлат иштирокидаги ташкилотларга ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳам татбиқ этилади.
Қонуннинг амал қилиши кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, иқтисодий-процессуал қонун ҳужжатлари ва бошқа қонунлар билан белгиланган мурожаатларга, давлат органларининг, шунингдек, улар таркибий бўлинмаларининг ўзаро ёзишмаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Қонунда мурожаатларнинг янги шакллари белгиланиши баробарида уларни кўриб чиқиш тартиблари ҳам аниқлаштирилди. Жумладан, "ариза", "таклиф", "шикоят", "аноним мурожаат", "видеоконференцалоқа", "давлат иштирокидаги ташкилот", "мурожаатнинг дубликати", "оммавий қабул", "такрорий мурожаат", "электрон мурожаат" каби муҳим тушунчалар ҳуқуқий жиҳатдан тавсифлаб берилди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ваколатига эга субъектлар доираси кенгайтирилиб, давлат органлари ҳамда муассасаларидан ташқари давлат иштирокидаги ташкилотлар, яъни устав фондида давлат улуши мавжуд бўлган тижорат ташкилоти ёхуд тўлиқ ёки қисман давлат органи томонидан ташкил қилинган ёки таъсис этилган нотижорат ташкилоти ҳам киритилди.
Янги таҳрирдаги Қонунга мувофиқ, жисмоний шахснинг мурожаатида жисмоний шахснинг фамилияси(исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак. Юридик шахсларнинг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери(почта манзили) тўғрисида маълумотлар кўрсатилган бўлиши лозим.
Жисмоний ва юридик шахснинг мурожаатида давлат органининг, ташкилотнинг аниқ номи, мурожаат юборилаётган мансабдор шахснинг лавозими ва(ёки) фамилияси (исми, отасининг исми) кўрсатилган, шунингдек мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак. Мурожаатларда мурожаат этувчиларнинг электрон почта манзили, алоқа телефонлари ва факслари рақамлари кўрсатилиши, мурожаатлар давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкин.
Қонунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан мурожаатларнинг самарали кўриб чиқилишини ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тузилиши белгиланган.Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари юридик шахс мақомига эга бўлмайди. Унинг тизимини қуйидагилар ташкил этади: Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қароқалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Халқ қабулхоналари,Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманлар ва шаҳарлардаги (туманга бўйсунувчи шаҳарлардан ташқари) Халқ қабулхоналари.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси келиб тушаётган мурожаатларни ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида қабул қилиш, тўплаш, таснифлаш ва тизимлаштириш, шунингдек, уларнинг тўлиқ, ўз вақтида ҳамда сифатли кўриб чиқилиши устидан мониторинг ва назоратни амалга ошириш имконини берувчи ахборот тизими ҳисобланади.
Қонуннинг яна бир ўзига хослиги шундаки, унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналарининг ҳамда Виртуал қабулхонасининг ҳуқуқий мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда иш тартиби аниқ қилиб қўйилди. Бундан ташқари, мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби, муддатлари ҳам батафсил баён этилди. Шу билан бирга, қонунда мурожаатларнинг кўриб чиқилишини мониторинг ҳамда назорат қилиш ҳар чоракда мурожаатларни умулаштириш ва таҳлилдан ўтказиш, натижаларини давлат органларининг веб-сайтларида эълон қилиш бўйича нормалар ўрин олди. Мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, шунингдек, туҳмат ва ҳақоратдан иборат мурожаат берганлик муайян тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши аниқ белгилаб қўйилди.
Жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларининг шахсий қабулини ўтказувчи давлат органларининг, ташкилотларнинг раҳбарлари ёки бошқа мансабдор шахслар ҳар қандай, шу жумладан, ўз ваколатларига кирмайдиган масалалар бўйича ҳам мурожаат қилинганда, қабулни рад этишга ҳақли эмаслиги Қонунда мустаҳкамланди. Жисмоний шахсларни ҳамда юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш тартиби такомиллаштирилди. Хусусан, сайёр шахсий қабуллар, оммавий қабуллар, зарур ҳолларда қабул қилиш жадвалларидан ташқари ҳам ўтказилиши мумкин.
Мурожаатлар уларда қўйилган масалаларни ҳал этиш ўз ваколати доирасига кирадиган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига бевосита ёхуд бўйсунув тартибида юқори турувчи органга берилади.
Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатни мустақил равишда беришга, шунингдек бу борадаги ваколатни ўз вакилига беришга ёхуд мурожаатни почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда юборишга ҳақли. Вояга етмаганлар, муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган шахсларнинг манфаатларини кўзлаган мурожаатлар уларнинг қонуний вакиллари томонидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда берилиши мумкин.
Мурожаатга у бўйича илгари қабул қилинган мавжуд қарорлар ёки уларнинг кўчирма нусхалари, шунингдек уни кўриб чиқиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар илова қилиниши мумкин, мазкур ҳужжатлар қайтарилмайди, мурожаат этувчи уларни қайтариш ҳақида ёзма ариза берган ҳоллар бундан мустасно. Кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар мурожаат тааллуқлилиги бўйича бошқа давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига юборилганда мурожаатга илова қилиниши керак.
Мурожаат почта алоқа воситаси орқали конвертда келиб тушганда конвертда мурожаат ва унга иловалар мавжудлиги текширилади. Конвертда мурожаат мавжуд бўлмаса ёки у шикастланган бўлса, шунингдек мурожаатда кўрсатилган иловалар мавжуд бўлмаса, далолатнома тузилиб, унинг бир нусхаси мурожаат этувчига конвертда кўрсатилган манзил бўйича юборилади.
Хулоса қилиб айтганда, қонун нормаларининг ҳаётга тадбиқ этилиши мурожаатларнинг давлат ва хўжалик бошқарув органлари томонидан ўз вақтида, тўлиқ, беғараз ўрганилиши ҳамда улар юзасидан қонуний чоралар кўрилишини таъминлайди. Мурожаатлар соҳасидаги қонунчилик талабларининг бажарилиши эса халқнинг адолатга, давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

К.ТЎхтаев,
Тайлоқ туманлараро иқтисодий суди раиси


Дата добавления: 02/07/2018 11:33;   Просмотров: 1088
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку