Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

АДОЛАТ ЭНГ УСТУВОР ТАМОЙИЛГА АЙЛАНАДИ

Авваламбор айтиш жойизки, муҳтарам Юртбошимиз Мирзиёев Шавкат Миромоновичнинг бевосита раҳбарлиги ва ташаббуслари асосида фуқароларнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилиб, бу борада биргина ўтган 2017 йилнинг ўзида 4 маротаба видео селектор йиғилишлари ўтказилиб, барча мутасадди ташкилот ва идораларнинг вазифалари ва функциялари аниқ белгилаб берилди.

Бугунги йиғилишдан асосий мақсад – туманда жиноятчиликка қарши кураш, унинг олдини олиш, ҳудудда криминоген вазиятни барқарор сақлаш борасида қилинган ишларни, айниқса йўл қўйилган хато ва камчиликларни таҳлил қилиш, бу борада олдимиздаги вазифаларни белгилашдан иборат.
Айтиш керакки, туманда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ҳокимият органлари ҳамда бошқа мутасадди идоралар томонидан жиноятчиликка қарши курашиш, унинг олдини олиш борасида бир мунча ишлар амалга оширилган.
Натижада, 2017 йилда туманда умумий жиноятчилик 439 тадан 436 тага камайган. Шу билан бирга туманда номусга тегиш 2016 йилда 5 тани ташкил қилган бўлса, 2017 йилда қайд этилмаган, босқинчилик 2 тадан 1 тага 50 фоизга, ўғирлик 60 тадан 57 тага 5,0 фоизга камайган.
Ўзбекистон Республикасининг "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Қонунининг 25-моддасида вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари жамоат тартибига риоя этилиши ва жиноятчиликка қарши кураш, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ чора-тадбирларни кўриши белгиланган.
Шу билан бирга, 2014 йилнинг 14 май кунги "ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида"ги Қонунида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва давлат бошқаруви органларига ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида қатор вазифалар юклатилган.
Келажакда ёшларимиздан нимани кутиш мумкин, уларга тўғри таълим-тарбия бера олаяпмизми деган савол ҳар биримизни ўйлантириши лозим.
Бу борада маҳалла фаоллари ва жамоатчиликнинг масъулиятини оширишимиз, аҳоли ўртасида бефарқлик кайфиятига қарши қатъиятлик билан курашишимиз зарур.
Бунинг учун эса, албатта, давлат бошқаруви органлари, хотин-қизлар қўмиталари, "Маҳалла", "Нуроний" жамғармалари, "Ёшлар иттифоқи" билан ҳамкорликда ҳар бир маҳаллада кенг қамровли тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб боришимиз, оммавий ахборот воситалари имкониятларидан янада самарали фойдаланишимиз лозим.
Туманда мавжуд 77 та маҳаллаларнинг 74 тасида ёки 96,1 фоизида турли хил жиноятлар содир этилганлиги шундан далолат беради.
Бу даврда туман ҳудудида содир этилган қотиллик жиноятлари туманнинг "Гулбоғ" "Жарқишлоқ" "Қўшмачит" "Андижони" ва "Шўрбойича" маҳалларида содир бўлган.
Оилавий жанжаллар сабабли қотиллик, тан жароҳати етказиш ва шу каби бошқа аянчли жиноятлар содир этилаётганлиги ҳар биримизни ташвишга солиши керак!
Қотиллик жиноятларини содир этганларнинг 5 нафари оилали, 1 нафари оила қурмаган шахсларни ташкил этади. Ёш кўрсаткичи бўйича таҳлилга кўра жиноят содир этган ёҳуд содир этилишига жалб қилинган шахслардан 4 нафари 50 ёшгача, 2 нафари эса 50 ёшдан катта бўлган шахслар ҳиссасига тўғри келади.
Қотиллик жиноятини содир этган шахсларнинг 5 нафарини эркакалар ва 1 нафарини аёллар ташкил қилиб, улардан 1 нафари муайян иш билан банд бўлса, 5 нафари расман бирор-бир жойда ишламайдиган шахслардир. Улардан 1 нафари муқаддам суд ҳукми билан айбли деб топилган, 5 нафари эса судланмаган. Айбланувчиларни қотиллик жиноятининг жабрланувчиларига нисбатан алоқадорликлари ўрганилганда, 3 нафари жабрланувчи айбланувчига қариндош эканлиги ва 2 нафари олдиндан таниш бўлганлиги аниқланди. Ушбу жиноятларнинг 2 таси маиший муносабатларда келиб чиққан жанжал сабабли 3 таси бошқалар сабаблар билан содир этилган.
Бундай халқимизнинг минг йиллик урф-одат ва қадриятлари, жамиятимизда шаклланган ҳулқ-атвор нормаларига хилоф жиноятларнинг туманда кузатилаётганлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жамоатчиликни ўз ишини танқидий кўриб чиқишини тақозо этади.
Тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинлари бўйича таҳлил қилинганда, умумий жиноятчилик туман бўйича камайган бир вақтда туманнинг 33 та, яъни "Янгиариқ" маҳалла ҳудудида (Т.Тоғаев) 18 тага (40-22), "Бўзи" маҳалласида (Ғ.Норов) 8 тага (10-2), "Янгижой" маҳалласида (А.Мадиев) 7 тага (11-4), "Юқори Туркман" маҳалласида (Н.Сатторов) 7 тага (12-5), "Янгиобод" маҳалласида (Т.Искандаров) (10-4) ва "Раджабамин" маҳалласида (Ш.Назаров) 6 тага (10-4), "Навобод-5" маҳалласида 5 тага (5-0), "Қуйи Қайнама" маҳалла ҳудудида 4 тага (7-3), "Қуйи Чордара" (Р.Рустамов) (8-5), "Хўжа Аҳрор Вали" (А.Аҳмаджонов) (10-7), "Даштсўхта" (Н.Мустафоқулов) (6-3), "Чаман" (Ш.Ламидов) "Қўшкўприк" (Д.Алимов) (3-0), "Юқори Арабхона" (Ж.Хушназаров) (8-5), "Ангаролмос" (Б.Солеев) маҳалла ҳудудларида 3 тага (3-0), "Ўрташиқ" (Н.Сатторов) (18-16), «Обод" (Б.Солеев) (4-2), "Гулобод" (А.Гадоев) (15-13), "Деҳнав" (Ш.Уразов) (5-3), "Андижони" (С.Жабборов) (13-11), "Бухори" (Ф.Раҳмонов) (10-8), "Марказий Арабхона" (А.Ниязов) (5-3), "Миришкор" (С.Бақоев) (2-0), "Рустам" (И.Мирсаидов) маҳалла ҳудудларида 2 тага ошган.
Жиноятчиликнинг олдини олиш, жиноятларни фош этиш, қидирувдагиларни ушлаш, бедарак йўқолганларни топиш ва номаълум мурдаларнинг шахсини аниқлашда жамоатчиликнинг кўмаги муҳим аҳамият касб этишини инобатга олиб, туман ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан жамоатчилик ўртасида ҳамкорликни кучайтириш талаб этилади.
Ваҳоланки ҳар бир қидирувдаги шахс ўз оиласи билан барибир алоқада бўлиб туради, биз жамоатчилик билан ҳамкорликни кучайтириб қидирувдаги шахсларнинг яқин қариндошларига қонунларимиздаги енгилликларни тушунтиришимиз зарур.
Қайд этилган туман ҳудудида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши кураш, уни профилактика қилиш борасидаги жиддий камчиликлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, давлат бошқаруви органлари, хотин-қизлар қўмиталари, "Маҳалла", "Нуроний" жамғармалари, "Ёшлар иттифоқи" бу йўналишдаги иш фаолиятларини талаб даражасида ташкил этилмаганлигидан далолат бермоқда.
Шу сабабли, қайд этилганлардан келиб чиққан ҳолда жиноятларларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур муҳокама қилиб, келгусида бу каби масъулиятсизликларнинг олдини олишга қаратилган аниқ чора тадбирлар белгилаб олишимиз лозим булади.

Х.А.Мардиев,
туман прокурори,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Олий ўқув курслари тингловчиси


Дата добавления: 26/01/2018 13:10;   Просмотров: 1260
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку