Ўрташиқ (тарихан Ўташих) туманимиздаги қадимий маҳаллалардан бири ҳисобланади. Айни пайтда бу ерда 3982 нафар аҳоли яшамоқда.
Шуниси диққатга сазоворки, ана шу қишлоқдан Иккинчи жаҳон урушига 500 нафар йигит сафарбар бўлиб 167 нафари Ватан ҳимояси учун шаҳид бўлишди. Қадршунос аҳоли ўтганлар хотирасини абадийлаштириш мақсадида Хўжа Гавшер қабристонига кириш деворига Иккинчи жаҳон урушида ва унинг жароҳати туфайли вафот этганлар исму насабларини зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйдилар.
Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ёдгорлик атрофида маҳалла фаоллари, афғон уруши қатнашчилари, собиқ ҳарбий хизматчилар ва бош-қалар йиғилишди.
Тадбирни маҳала фуқаролар йиғини раиси, истеъфодаги полковник Шодмон Азизов очди.
Шундан сўнг “Гулобод тонги” газетаси муҳаррири, шоир Нормурод Каримзода сўзга чиқиб, “Хотира ва қадрлаш куни” аҳамияти ва муҳтарам Президентимизнинг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига нисбатан эъзоз ва ғамхўрлиги тўғрисида тўлқинланиб гапирди.
– Айни пайтда вилоятимизда 137 нафар ва туманимизда беш нафар уруш қатнашчилари қолган холос, – деди нотиқ, – Юртбошимизнинг қарорига асосан ҳар бир уруш фахрийсига икки миллион сўм мукофот ва навбатсиз машина сертификати берилди.
– Раҳматли отам Ҳамдам Нуриллоев Ватан ҳимоясига борганда мен дунёга келмаган эдим, – ўкинч билан сўзлади меҳнат фахрийси Нарзулло Ҳамдамов, – болалигим оғир шароитда ўтди. Худога минг марта шукрки, ҳаётимиз фаровон, осмонимиз мусаффо.
– Мен тақдир амри билан икки йил Афғонистон урушида қатнашдим, – деди байналмилал жангчи Абдураҳмон Розиқов, – шунинг учун уруш нима эканлигини яхши биламан. Урушнинг номи ўчсин ва дунёда ҳамиша тинчлик бўлсин.
Маҳалла марказида янги очилган базмгоҳда тадбир иштирокчилари учун бир пиёла чой ташкил этилди. Хайрия дастурхонини ташкил этишда Олимжон Акрамалиев, Исомиддин Бурҳонов, Абдураҳмон Акрамов ва бошқа ҳомийларнинг хизмати катта бўлди.
Зоҳир ҲАСАНЗОДА
СУРТАДА тадбирдан лавҳа.
Б. ҚОДИРОВ олган сурат
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.