Янги йил эшик қоқиши олдидан бутун дунё халқларининг, жумладан тумандошларимизнинг ҳам ташвишу қувончлари чексиз. Ҳамма пойқадами қутлуғ янги йилни муносиб кутиб олишга, эски нарса - биноларни тарк этиб, ўрнига янгисини бунёд этиш, шоду хуррамлик, очиқ чеҳралар билан ундан фойдаланишга уринмоқда.
Куни кеча ана шундай унутилмас байрамона кайфиятдаги лаҳзаларни туман Тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлими жамоаси учун янги қурилган бинони фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди.
Унда расмий таомилдан кейин туман ҳокими ўринбосари вазифасини бажарувчи Азамат Ҳалимов қисқа нутқ сўзлади. Шундан сўнг тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлими мудири Холнисо Бердиева самимий дил сўзларини изҳор этди.
- Равонакда жойлашган бўлим биноси эскирган, бугунги замон талабига жавоб беролмайдиган даражага тушиб қолган эди. Бу икки қаватли кўркам бинони МЧ "Бинокор" қўрувчилари беш ой муддатда бунёд этдилар.
Ҳар бир қаватда 15 тадан палата бўлиб, 30 нафар юқумли касалликларга чалинганларни алоҳида-алоҳида хоналарда даволаш мўлжалланган.
Беморлар бир-биридан фарқ қилувчи юқумли касалликлардан ҳимояланиш учун махсус кийим-кечаклар ва зарарланмайдиган асбоб-ускуналар билан таъминланади. Беморларга ишлатилган тиббий воситалар утилизация қилинади.
Шулар билан биргаликда овқатланиш, кир ювиш, оғир беморлар даволаниш хонаси ёнида хожатхона, юмшоқ ва қаттиқ жиҳозлар соғлиқни сақлаш вазирлигининг меъёрий тавсиялари бўйича ташкил этилган.
Эндиликда Маҳмуд Нарзиев, Сожида Нўъмонова, Наргиза Собирова каби фидойиларимиз қаторида бутун 68 нафарлик жамоамиз Гиппократ қасамёдига содиқ бўлиб, халқимизга ҳалол хизмат қилади, - деди Х.Бердиева.
Р. НАИМОВ
Б. ҚОДИРОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.