Тумандаги Шўрбои маҳалласида жойлашган 8-сонли мактабгача таълим муассасаси биноси ўтган асрнинг 30-йилларида қурилган. Иккинчи жаҳон урушидан олдин ва кейинги оғир йилларда қишлоқ аҳли ўз мурғак фарзандларини мазкур боғчага қўйиб, далада деҳқончилик қилардилар. 90 йилга яқин давр мобайнида мазкур боғча норасидаларни тарбиялаб келмоқда.
Ҳозирги пайтда боғча биносининг фойдаланадиган уйлари халқ ва замон талабига жавоб бермайди: гуруҳ хоналари тор, деворлари нам тортиб, шўрланмоқда. Фақатгина тарбиячи-мураббийларнинг саъй-ҳаракатлари, ҳаддан ортиқ жиҳозланишдаги диди, нафис ёзув ва дидактик материалларини ўз жойида ишлатилиши билан фаолият юритаётганлиги ўзини оқламоқда.
Яқинда 1-2-муассаса гуруҳларининг тарбиячилари Дилора Муртазоева ва Хадича Абдуллоева раҳбарлигида "Эҳтиёткор пиёда ҳафталиги" тадбирида "Кўчада ҳаракат қоидалари" мавзусида очиқ кўрик-беллашув бўлиб ўтди. Унда икки гуруҳнинг 60 нафар болалари ва уларнинг оналари таклиф этилди.
Беллашувда йўл ҳаракати қоидалари, йўл белгилари, йўлдан ўтиш қоидалари, "Светофор"нинг аҳамияти ёритиб берилди. Бунда Ганжина шеър билан фикрини айтди:
Қизил ёнса - кутинг,
Сариқ ёнса - бўлинг тайёр.
Яшил бўлса - йўл очиқ,
Қўрқмай дадил олға юр.
Абдунаби нозир либосида "Милиционер" шеърини айтди:
Кўркам формам устимда,
Мен сергакман постимда.
Ҳуштак чалиб чур дейман,
Қоидали юр дейман...
Машғулотнинг сўнггида апликациядан "Йўл чироғи" шаклини қирқиб катта картон қоғозга ёпиштирилди. Машғулот болажонлар гуруҳлари томонидан мазмунли ва қизиқарли ўтди. Тадбирга қатнашган оналар мароқли тадбирдан хурсанд бўлиб, тарбиячилар жамоасига миннатдорлик билдирдилар. Шунингдек, мазкур мактабгача таълим муассаси биноси ниҳоят эскиргани учун янги бино қуриш Давлат дастурига киритилишини илтимос қилдилар.
Раҳматилло ШАРИФЗОДА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.