ёхуд катта муаммоларни бартараф этиш-кичик муаммоларни тузатишдан бошланади
Сиз кўриб турган суратлардаги манзара кўп йиллардан буён Оҳалик қишлоғи аҳлини ташвишлантириб, қийнаб келмоқда. Сабаби бундан 35-40 йил олдин асфальт қилинган қишлоқнинг асосий кўчаси бугун мана шундай абгор ва хароба аҳволда. Йўлнинг баъзи ўнқир-чўнқир жойларидан транспорт тугул пиёдалар ҳам ҳаракатланишга қийналади. Агар мазкур қишлоқни туманимизнинг энг хушманзара, сўлим тоғ экотуризмига мос ҳудуд деб ҳисобласак, бу ҳолат жуда ачинарли ҳол эмасми? Чунки, бу қишлоқга эрта баҳорданоқ нафақат туманимиз аҳолиси балки, шаҳарликлар туманимизга келган меҳмонлар ва ҳаттоки, чет эллик саёҳлар ҳам табиат гўзалигидан баҳраманд бўлиш, тоғнинг тоза ҳаводан тўйиб нафас олиш, маданий ҳордиқ чиқариш мақсадида бу ерга ташриф буюришади. Энди айтингчи кўчаларнинг бундай ҳолати уларда қандай таассурот қолдиради. Тўғри, ҳар йили шу йўлларда аҳолига хизмат кўрсатиб, узоғини яқин қилаётган 256 - маршрутда қатновчи "ДАМАС" ҳайдовчилари ўз ҳисобларидан қум, шағал тўкиб, кўчанинг бузуқ жойларини гредер қилдиришади. Лекин, у уч-тўрт ойга бормай яна эски ҳолатига қайтади. Биз соҳа ходимларидан йўллар қачон таъмирланади деб сўраганимизда улар бунинг учун катта маблағ зарур эканлиги, қолаверса 1 км йўлни асфальтлашга 600 млн.сўм атрофида маблағ сарфланишини айтишди. Ҳозирча эса маблағ йўқ. Инкор этмаймиз. Аммо улар ички имкониятларидан келиб чиққан ҳолда лоақал "ДАМАС"чилар ташаббусини қўллаганларда ҳам халққа анча енгиллик бўларди. Афсуски, ундай бўлмаяпти. Ахир, Муҳтарам Юртбошимиз бот-бот такрорлайдилар "Халқимиз эртага эмас, бугун яхши яшаши керак" деб. Шу ўринда тегишли мутасаддиларга бир гапни, яъни катта муаммоларни бартараф этиш, кичик муаммоларни тузатишдан бошланишини эслатиб қўймоқчимиз. Хўш, бунга улар нима дейишади. Биз жавоб кутиб қоламиз ва албатта бу мавзуга яна қайтамиз.
Тошпўлод ЮСУПОВ,
"Гулобод тонги" махсус мухбири
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.