Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

90 ЁШЛИ ОНАХОН ҲИММАТИ

Туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи ва коронавирусга қарши кураш штаби бошлиғи Фурқат Валиев коронавирус муаммоларини бартараф этиш бўйича банд бўлган бир вақтда иш телефони жиринглаб қолди.

- Лаббай, эшитаман!
- Ассалому алейкум ўғлим Фурқатжон! Мен Тошкент шаҳридан Муаззас Рахимовна Салихбаева бўламан, деди у, -Яратганимга шукур, 90 баҳорни қаршиладим, муқаддас Рамазон ойида "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракатига ўзимнинг муносиб ҳиссамни қўшиш мақсадида шахсий жамғармам ҳисобидан туман шифохонасида ишловчи жамоа учун махсус кийим - кечак ва тиббий буюмлар олиш мақсадида 60 миллион сўм йўллашга қатьий қарор қилдим. Чунки раҳматли умр йўлдошим Саид Шокирович Салихбаев кўп йиллар Самарқанд туман партия комитетининг биринчи котиби вазифасида меҳнат қилган эди. Мен ана шу туманнинг нон - тузини кўп еган ҳамда мазкур туман халқига эҳтиромим чексиз. Шунинг учун Тошкент шаҳрида яшаб келаётган бўлсамда, ҳали - ҳалигача Самарқандни қўмсаб тураман.
Ишончим комилки, иншооллоҳ муҳтарам юртбошимизнинг бевосита ғамхўрликлари ва ташаббуслари билан бу касаллик, албатта, бартараф этилади.
Шундан сўнг Фурқат Мухторович 90 баҳорни қаршилаган қалби дарё, саховатманд онахон Муаззас Рахимовнага муқаддас рамазон ойида туман тиббиёт бирлашмасига беминнат мурувват кўрсатгани учун тиббиёт жамоасидаги 500 нафардан кўпроқ шифокорлар ва 1600 нафарга яқин ҳамширалар номидан самимий миннатдорлик билдириб, унга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, фарзанд - набира, абира- чабиралар ҳузур - ҳаловатини кўришни тилаб қолди.

Зоҳир Ҳасанзода

Биз туман аҳолиси ва муштарийлар номидан Муаззас Рахимовна Салихбаевага беғараз ёрдам учун миннатдорлик билдирамиз.
ТАҲРИРИЯТ
Сурат муаллифи Нозим Файзиев


Последнее редактирование: 07/05/2020 17:57;   Просмотров: 753
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку