Янги йил кириб келиши билан ўтган йил ишларини сарҳисоб қилиб, янги режаларни тузиб олдик.
2016 йил бутун ўзбек халқи учун эсда қоларли воқеаларга бой, залворли ва ўз навбатида баракали йил келди, десам муболаға бўлмас. Иқтисодий жиҳатдан олиб қараладиган бўлса, қишлоқ хўжалиги ва саноатда ҳам мисли кўрилмаган ютуқлар қўлга киритилди. Сиёсий ҳаётимизда эса 2016 йил 4 декабрда бўлиб ўтган Президент сайлови юксак кўтаринкилик ва демократик асосда ўтказилди. Шу жиҳати билан олдинги сайловларга нисбатан тубдан фарқ қилади.
12 та маҳалла фуқаролар йиғинини ўз ичига олган қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида 37. 650нафар аҳоли истиқомат қилади. Арабхона, Туркман қишлоғи, Урганжи, Дўстлик ва Чордара сингари йирик қишлоқларни ўз ичига олган ҚФЙ ҳудудида 14 миллат вакиллари аҳил ва иноқ истиқомат қилишади. 7 та мактаб, 3 та ҚВП ва 1 та мактабгача таълим муассасаси мавжуд.
5 та базмгоҳда тўйлар ихчам ва тартибли ўтказилмоқда. Қишлоқ фуқаролар йиғини тасарруфидаги қишлоқлар Самарқанд шаҳри билан туташиб кетганлиги сабабли, бу ерда жуда катта кўламдаги қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Уларнинг аксарияти тадбиркорлар ташаббуси билан бунёд этилди. Жумладан, хусусий тадбиркор Обид Ғафуров Бухори қишлоғида замонавий кўринишга эга бўлган савдо шахобчасини қурган бўлса, яна бир тадбиркор Шаҳриёр Эргашев томонидан 600 ўринли "Меҳр" ресторани қурилиб фойдаланишга топширилди. Унинг ёнида хусусий ҳаммом қад ростлади.
Хусусий тадбиркор Саъдулла Вафоқулов ўзи яшаб турган Туркман қишлоғида супер маркет ва ёзги тўйхона, Эркин Вафоқулов эса мини маркет қуриб аҳолига сифатли савдо хизматини йўлга қўйди. Арабхоналик Бахти Ҳасанов мини футбол майдончасини қурган бўлса, Ҳожи Отамуродов "Дўстлик" номли ресторанга асос солди. Туркман қишлоғида Сулаймон Исроилов стоматология хонаси қурди. Худди шундай тадбиркорларимиз сартарошхона, гўзаллик салони, бокс зали, гулчилик иссиқхоналарини қуриб, эл назарига тушишди. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Янги йил режасига биноан уйларда касаначиликни ривожлантириш, бичиш-тикиш цехлари, энг муҳими янги маҳалла маркази қуриш ниятида пойдеворлар қурилган. Шунингдек, Бухори қишлоғида мини футбол майдончаси, зардўзлик цехи, нонвойхона, кондитер цехи, Урганжи қишлоғида савдо мажмуаси, Туркман қишлоғида болалар трикотаж цехи қуриш ва барча маҳаллаларда мини футбол майдончаси бунёд этиш кўзда тутилган. Бундан ташқари Арабхона қишлоғида бензин ва газ қуйиш шахобчаси, гулчилик иссиқхонаси, 9-умумтаълим мактаби биносида МТМ, Дўстлик маҳалласида ҚВП очишни режага киритганмиз.
Жорий йилда қишлоқ ва маҳаллаларимиз фаоллари зўр кўтаринкилик, ташаббус ва бунёдкорлик руҳи билан яна кўплаб хайрли ишлар қилишга бел боғлаганлар.
Кова МАМЕДОВ, Каттақўрғонариқ ҚФЙ раиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.