Туманда жорий йилда қиймати 494,4 миллиард сўмлик 65 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши режалаштирилган. Бунинг натижасида 600 га яқин янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.
Таҳлилларга кўра, ўтган давр мобайнида қиймати 320,4 миллиард сўмлик сўмлик 49 та лойиҳа фойдаланишга қабул қилинган. Соҳалар кесимида олиб қараганда, энг кўп лойиҳа қишлоқ хўжалиги йўналишида - 146,1 миллиард сўмлик 39 та амалга оширилган.
Хусусан, Жанубий Корея Республикаси фуқораси PARK JIN SOO томонидан 3,5 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилган. Лойиҳа доирасида масъулияти чекланган жамият шаклидаги "Multi Fruit Korea" хорижий корхонаси томонидан 540,5 гектар суғорилмайдиган - лалми ер майдонида замонавий интенсив боғ ташкил қилиниб, 75 та янги иш ўринлари яралди.
Гилос, анор ва ёнғоқ парваришланаётган боғда етиштирилган ҳосилнинг 80 фоизини Жанубий Корея Республикаси ҳамда Европа мамлакатларига экспорт қилиниши режалаштирилган.
Ушбу йўналишдаги яна бир йирик лойиҳа масъулияти чекланган жамият шаклидаги "AGROMIR" қўшма корхонаси томонидан амалга оширилган. Лойиҳа доирасида қиймати 139,2 миллиард сўмлик мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш кластери ташкил этилиб, 25 та янги иш ўринлари яратилган. Эътиборлиси, кластерда қайта ишланган маҳсулотларнинг 75 фоизи хориж бозорларига чиқарилмоқда.
Туманда шунингдек, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишида 148,1 миллиард сўмлик 5 та ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасида 26,3 миллиард сўмлик 5 та лойиҳа доирасидаги ишлар якунига етказилган. Амалга оширилган лойиҳалар доирасида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилгани алоҳида эътиборга молик.
Хусусан, "MUSLIM TRADING COMPANY" масъулияти чекланган жамиятида пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш, "MOTRID SIFAT POLIMER" масъулияти чекланган жамиятида эса плёнка ишлаб чиқариш ҳамда "SEMURG`SAM" масъулияти чекланган жамиятида картон қоғоз ишлаб чиқариш линиялари фойдаланишга қабул қилинди.
Бундан ташқари, жорий йилда туманда 14 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилиши кўзда тутилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу борадаги кўрсаткич 8 миллиард 770 минг АҚШ долларини ташкил қилган.
Наврўз ТЎРАЕВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.