Самарқанд вилоятида 59 та бозор ва савдо комплекслари фаолият юритади ва уларнинг 41 тасини деҳқон бозорлари ташкил этади. Бозорларнинг 2019 йилги соф фойдаси 3 216 928 минг сўмни ташкил этди. Жорий йил 1 январь ҳолатига кўра, уюшма тизимидаги бозор ва савдо комплексларининг дебитор қарздорлиги 7083504,7 минг сўмни, кредитор қарздорлик 11507599,8 минг сўмни ташкил этди.
Бу ҳақда Матбуот уйида вилоят бозорлар ва савдо комплекслари уюшмаси раиси Тоҳир Мамадалиев иштирокида ўтказилган бозорлардаги бугунги ҳолат, санитария-ветеринария хизматининг аҳволи, яратилган озиқ-овқат захирасига бағишланган матбуот анжуманида маълумот берилди, дейилади zarnews.uz хабарида.
Комплексда жорий йил январь-сентябрь ойларида бажарилган тушум 28034970 минг сўмни, шундан солиқ тўловлари суммаси 5793178 минг сўмни ташкил этган.
- Самарқанд шаҳри куни муносабати билан ташкил этилган ярмаркада шаҳар аҳолиси учун 28 минг тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сотилди, - дейди Т.Мамадалиев. – Карантин чекловлари даврида аҳолига қулайлик яратиш учун Самарқанд шаҳрининг 31 та ҳудудида кўчма савдо ярмаркалари ташкил этилди. 2020-2021 йил куз-қиш мавсумида нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ва бозорларда маҳсулотлар захирасини яратиш учун комплексга 5057 тонна асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини жамғаришимиз лозим. Ҳозиргача қарийб 2 минг тонна маҳсулот захирага жамғарилди. Бунинг учун бозорлар қошида 38 та савдо тайёрлов корхоналари ташкил этилди.
Вилоятда етиштирилмайдиган 770 тоннадан ортиқ гуруч маҳсулоти учун Хоразм вилоятидаги деҳқонлар билан шартномалар тузилган. Сабзининг маълум қисмини Қашқадарё вилояти Косон туманидан келтириш бўйича келишувлар имзоланди. Маҳсулотлар захираси учун 9 миллиард 894 миллион сўм банк кредитининг 5 фоизи махсус жамғарма ҳисобидан ва қолган 16 фоизи бозорлар томонидан сўндирилади. Бу ҳам албатта маҳсулотнинг таннархи ўзгаришига таъсир кўрсатади.
Анжуманда қайд этилишича, эндиликда шаҳарлар ва туман марказларида экобозорлар ташкил этилади ва бу бозорларда фақат қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сотилади.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.