Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Гўшт нархи қачон арзонлашади?

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ошиб кетиши турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Масалан, гўшт нархининг ошиши билан худди шундай вазият юзага келди. Айни пайтда мамлакатимиз бозорларида қорамол гўшти ўртача 45 сўмдан 80 минг сўмгача сотилмоқда. Илгари қўй гўшти нисбатан мол гўштига қараганда қимматроқ бўларди. Ҳозир эса қорамол гўшти нархининг кескин ошиб бориши бу нисбатни йўққа чиқарди. Бу борадаги эътирозлар ҳам ўринли. Сабаби, атиги 1-2 ой олдин қорамол гўшти 50 — 55 минг сўм атрофида харид қилинган. Аслини олганда бу ҳолатга ҳар йили дуч келамиз.  Иқтисодий тебранишларнинг қайсидир сабаблари туфайли гўшт маҳсулотининг нархи ошади. Асосий ва муҳим озиқ-овқатлар тури сифатида гўшт нархнинг ошиб кетиши кўплаб норозичиликларни келтириб чиқариши табиий.
Асосий сабаб нимада?
Давлатларнинг ижтимоий ҳаётида жамоатчилик фикри муҳим ўрин тутади. Айни вазиятда ҳам нарх-навонинг баландлиги ем хашак нархининг ошиб кетиши, шунингдек, юқори қатламнинг асоссиз ҳаракатларию, қуйи қатлам вакилларининг «чўнтаги»ни эътиборга олмаётгани билан баҳоланмоқда. Хўш, гўшт нархининг кескин кўтарилишига қандай омиллар сабаб бўлмоқда?
Статистик маълумотларига кўра, 2020 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистонда аҳоли сонига нисбатан қорамол 36,8 фоизни ташкил этади. Бу эса, 1000 аҳоли жон бошига 368 бош қорамол тўғри келади дегани. Ўзбекистонда саноат йўли билан боқиладиган қорамолларнинг жами 5 фоизини ташкил қилади. Қолган 95 фоизи аҳоли томонидан етиштирилмоқда. Бундан кўриниб турибдики, гўшт маҳсулотларининг асосий қисми аҳоли хонадонлари орқали бозорга чиқади. Бу эса, ўз навбатида, ем-хашак нархлари, об-ҳавонинг ноқулай келиши каби бир қатор табиий омиллар, чорва кредит фоизларининг қимматлиги туфайли бозорда нархларнинг назоратдан чиқишига сабаб бўлади. Хўш, чорва моллари учун берилган кредит неча фоизни ташкил этади? Бу борада жавоб олиш учун Ҳамкорбанк мижозларни қўллаб қувватлаш хизмати билан телефон орқали боғланганимизда чорва моллари учун йилига 20 фоизлик имтиёзли кредит ажратилаётгани, у ҳам бўлса, тўғридан тўғри истеъмолчига эмас, балки таъминотчига ўтказиб берилиши, ҳозирда эса чорва моллари учун кредит ажратилмаётгани ҳақида маълумот олдик.
Бундан келиб чиқадики, чорва моллари бозорда 10 млн сўмни ташкил қилсаю, таъминотчига пул ўтказиш йўли билан тўлов қилганингиз учун чорва молларининг нархи ўз-ўзидан 15-20 млн.га айланиб кетиши ҳеч гап эмас.. Маълумотларга кўра, 2020 йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда 1840 минг тонна гўшт ишлаб чиқарилган (2019 йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 фоизга кўпроқ) ва 34 минг тонна гўшт импорт қилинган. Худди мана шундай муносабат ва изоҳларни қатор давлат органлари, вилоят ҳокимликлари ҳам бера бошлади. Бироқ, қанча захира, қанча маҳсулот ишлаб чиқарилганидан қатъи назар бу борадаги изоҳлар деярли эшитилмаяпти.
Нархларга чеклов қўйиш ечим бўла оладими?
Барча иқтисодчиларнинг фикрича, нархларни назорат қилиш, умуман, барча маҳсулот турларига нисбатан ҳам мақбул ечим бўла олмайди. Нархни шароитдан келиб чиқиб бозор белгилаши керак. Яхши ва сифатли маҳсулот хоҳлаган харидор раста остидан барибир ўша қиммат нархни тўлайди. Бундай олди-сотдини чўнтаги кўтармайдиганлар эса сифатсиз маҳсулот билан чорасиз қолади. Бундан бир-икки йил аввал худди шундай гўшт нархи қимматлашуви ва нархларга чеклов ўрнатилиши ортидан бозорга эшак гўштлари ва ўлган мол гўштлари ҳам кириб келганини ҳеч кимга сир эмас. Айтишларича, ҳозирда 60-70 минг сўм чеклови билан чиқарилаётган гўштлар эса асосан сўйилишга мўлжалланган қорамолларни 2-3 ойда биоқўшимчалар билан озиқлантириш ҳисобига тез вазн олиб, сўйилади, аммо гўштнинг асосий қисми ёғ билан қопланган бўлади.
Қачондир гўшт нархи тушадими?
Молиявий ҳисоб-китобларда пандемия шароитида молиявий харажатларни ҳисобга олинган ҳолда қайсидир маънода аҳолига нарх-навони назорат қилиш орқали енгилликлар берилиши ўринли. Аммо қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари масаласига келганда, айнан, гўшт нархини минималлаштириш кутилган самарани бермаслиги эҳтимоли катта.
Бунда иқтисодий таҳлилларга асосланиб қуйидаги талаб ва таклифларни ўртага ташлаш мумкин:

  • чорвачилик учун ажратиладиган кредитлар ва ҳар қандай имтиёзли шартларни назоратда ушлаш;
  • чорва моллари етиштиришни саноат миқёсида сифатли даражада ташкиллаштириш;
  • нарх назоратини камайтириш, кўзбўямачилик асосида шакллантирилган нархларга чек қўйиш;
  • бу борада экспертлар билан доимий таҳлилларни олиб бориш.



Шаҳбоз АБДУСАТТОРОВ,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
жамиятлари федерацияси Матбуот хизмати мутахассиси

Дата добавления: 04/11/2020 16:21;   Просмотров: 984
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку