Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЭЛЕКТРОН СОЛИҚ ХИЗМАТЛАРИ – ХАЛҚ МАНФААТИ УЧУН

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг “Электрон солиқ хизматлари” – my.soliq.uz порталида 30 дан ортиқ электрон давлат хизмати кўрсатилмоқда. Портал ёрдамида нафақат керакли ахборотга эга бўлиш, балки солиқ ва молиявий ҳисоботлар, солиқ қонунчилигига оид мурожаатларни жўнатиш, солиқларни ҳисоблаш, мол-мулк ва ер солиқларини тўлаш, бюджетдан солиқ қарздорлиги йўқлиги тўғрисидаги маълумотларни олиш ишларини тезкорлик билан бажариш мумкин.

Туман давлат солиқ инспекцияси ҳам ахборот технологияларидан кенг кўламда фойдаланиш иш унумининг ошиши ва харажатлар камайишига, энг муҳими, солиқ тўловчиларнинг вақти тежалишига хизмат қилмоқда. Айниқса, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан солиқ ҳисоботлари тўлиқ электрон кўринишда топширилиши натижасида қоғоз сарфи кескин камаймоқда. Масалан, ҳар бир ҳисобот учун тахминан 20 грамм қоғоз сарф этиладиган бўлса, тумандаги 2.4 мингдан ортиқ хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ҳисоботлар электрон кўринишда топширилиши ҳисобидан ўтган йили 2.1 тоннадан ортиқ қоғоз ёки 27.9 миллион сўмдан зиёд маблағ тежаб қолингани фикримиз тасдиғидир.
my.soliq.uz порталида солиқ тўловчи жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар учун алоҳида шахсий кабинетлар мавжуд бўлиб, ҳар бир солиқ тўловчига солиқ органлари билан электрон кўринишида бевосита мулоқот қилиш учун имконият яратилган.
Шахсий кабинетдан юбориладиган электрон ҳужжатларга юридик мақом бериш мақсадида, унда электрон рақамли имзодан фойдаланилади. Бундан ташқари, шахсий кабинетдаги барча маълумотлар ва ёзишмаларнинг махфийлигини таъминлаш учун электрон рақамли имзо ёрдамида шифрланиши амалга оширилади.
Мисол учун, жисмоний шахслар шахсий кабинетида солиқ тўловчининг солиққа тортиладиган барча обьектлари ва уларга ҳисобланган мол-мулк, ер солиғи ҳақида маълумот олиш мумкин. Бу ердан барча турдаги (йиллик, ихтиёрий, дастлабки-ижара бўйича, чет эл жисмоний шахсларининг мол-мулкини реализация қилишдан олинган даромадлари бўйича) солиқ декларацияларини жўнатиш мумкин.
2016 йилнинг 1 майидан бошлаб яна бир янгилик жорий этилди: корхона ва ташкилотларда ишловчи ходимларнинг мол-мулк ва ер солиқларидан бўлган қарздорликлари ёки жорий йил учун ҳисобланган маҳаллий солиқларини шахсий кабинет орқали онлайн тўлаш имконияти яратилди. Ҳозирда иш берувчи ўз ходимининг аризасига мувофиқ, маҳаллий солиқларини битта тугмани босиш орқали бюджетга ўтказиб бериши мумкин. Бунда, тўловлар автоматик равишда ходимнинг шахсий карточкасига ёзилади ҳамда қарздор ходимларнинг реестрларини қоғоз шаклда солиқ идорасига тақдим этишга эҳтиёж қолмайди. Ушбу тўлов тизимларидан фойдаланиш ҳам мутлақо бепул. Биргина 2016 йилда Самарқанд туман бўйича ушбу янги тизимдан 2432 та юридик шахс унумли фойдаланиб келишмоқда.
Бундан ташқари, шахсий кабинетда солиқ тўловчининг Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида рўйхатга олинганлиги ва унга идентификация рақами берилганлиги тўғрисида гувоҳномани, резидентлик сертификатни, солиқ қарзи мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотномани шакллантириш ва лозим топилса чоп этиш имконияти мавжуд.
Шунингдек, шахсий кабинетдан чиқмасдан яшаётган турар-жойнинг мол-мулк ва ер солиғи миқдорини ҳисоблаш, солиқларни тўлаш учун квитанцияларни шакллантириш мумкин. Қизиқтираётган саволлар бўйича мурожаатларини тўғридан-тўғри Давлат солиқ қўмитасига, ҳудудий бошқарма ёки солиқ инспекцияларига юбориш имконияти яратилган.

Ш.АСЛИЕВ, туман ДСИ бошлиғи


Дата добавления: 09/06/2017 14:11;   Просмотров: 1648
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку