Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

БОҒБОНЛАРГА МАДАДКОР

Ҳар йили туманимиз ҳудудида каттадан-катта боғлар ва токзорлар барпо этилиб, эскилари қайта таъмирланади.

Янги боғлар ташкил этишда интенсив, тез ҳосилга кирувчи пакана (карлик) пайвандларга уланган мевали дарахтлар кўчатлари ўтқазилишига алоҳида эътибор қаратилади. Ана шу хайрли ишни амалга оширишда академик Маҳмуд Мирзаев (собиқ Рихард Шредер) номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Самарқанд илмий тажриба филиали жамоасининг хизматлари самарали бўлмоқда. Фақатгина жорий мавсумда 1,5 миллион туп ток ва 500 мингдан кўпроқ мевали дарахт кўчатлари тайёрланди.

Шу кеча-кундузда республикамизнинг турли вилоятларидан фермер хўжаликлари раҳбарлари келиб ўзаро шартномалар асосида ҳар хил кўчатларни олиб кетмоқдалар.

– Бизда тайёрланган ниҳоллар маҳаллий иқлим ва тупроқ шароитимизга мослиги, касалликларга чидамлилиги ва юқори ҳосилдорлиги билан фарқ қилади,-деди муассаса директори Жамшид Аҳмаджонов,-улар интенсив боғлар учун мўлжалланган. Таъкидлаш жоизки, бу дарахтларнинг танаси кичик бўлганлиги учун ишлов бериш, суғориш, кесиш, шакл бериш, дори сепиш ва мевасини териш жуда қулай. Бундай боғларда танасига ёруғлик тушиши, ҳаво айланиши яхши бўлганлиги учун мевасининг сифати ҳам юқори бўлади. Айниқса, симбағизга олинган боғларга нарвон ишлатмасдан ҳосил терилади ва сифати юқори бўлиб, нобудгарчиликка йўл қўйилмайди.

Илмий изланишлар тўғрисида ҳам гапириб берсангиз.

– Ҳозирги кунда 60 хил олма ва нок навлари бор. Қишлоқ хўжалик фанлари номзоди Ўрмон Мирзоҳидов олманинг семиренко навлари устида илмий изланишлар олиб бормоқда. Унинг укаси Бахтиёр Мирзоҳидов узумчликда янги навларни яратмоқда. Улуғбек Бойжигитов донакли мевалар, Гулжамол Мирзоҳидова узум, Жамшед Расулов олма, Бобур Ҳайдаров шафтоли дарахтлари ҳосилдорлигини ошириш соҳасида докторлик диссертациясини ёзишмоқда.

Келгуси режалар нималардан иборат?

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташриф буюрганларида тоғ этакларида ёнғоқ, бодом, писта, челон (унабий) ва бошқа хил мевали дарахтлар ўтқазишни тавсия қилди. Бизнинг илмий тажриба станцияда жорий йилдан бошлаб ёнғоқ, бодом ва унабийнинг хориждан келтирилган уруғлари асосида ушбу йўналишда кўчат етиштириш йўлга қўйилмоқда. Чунки яқин йилларда вилоятимиз ҳудудида 10 минг гектарга яқин майдонга янги боғлар барпо этилади. Соҳибқирон Амир Темур бобомиз даврида Самарқанд атрофида 14 та боғ бўлган. Ишончим комилки, ушбу боғлар сони яна бир неча марта кўпаяди. Амир Темур бобомизнинг ажойиб насиҳатлари бор: шоҳ бўлсанг ҳам, гадо бўлсанг ҳам ниҳол қада. Чунки яхшидан боғ қолади.

Зоҳир ҲАСАНЗОДА


Дата добавления: 24/03/2017 10:59;   Просмотров: 1742
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку