Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

2017 ЙИЛДА ИШ ЎРИНЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА АҲОЛИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА

Туман ҳокимлиги томонидан меҳнат бозорининг прогнози ва эҳтиёжларини, шунингдек иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини, ҳудудларини ижтимоий-иктисодий ва индустриал ривожлантириш дастурларини ҳисобга олган ҳолда, 2017 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури (бундан буён матнда Дастур деб юритилади) ишлаб чиқилди.

Дастурни ишлаб чиқишда халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, барча давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг вакиллари, тадбиркорлик субъектлари бевосита иштирок этдилар.

Дастурнинг мақсади ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларининг салоҳиятини ишга солиш, демографик омилларни ва меҳнат бозорининг конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда, ишга жойлаштиришнинг самарали шаклларини ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашиш йўли билан иш ўринлари ташкил этиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича комплекс ва ўзаро боғлиқ чора-тадбирларни амалга оширишдан иборат.

Дастур параметрлари инвестиция лойиҳалари, ҳудудлар ва тармоқларни ривожлантириш, корхоналарни модернизациялаш ҳамда технологик янгилаш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини чуқур қайта ишлаш, транспорт ва коммуникация қурилишини, ижтимоий ва бозор инфратузилмаларини жадал ривожлантириш дастурлари билан ўзаро алоқадор (боғланган).

Дастурнинг соҳалар кесимидаги прогноз параметрлари, айниқса, меҳнат бозорига биринчи марта кириб келаётган ёшлар, банд бўлмаган шахслар, ишдан бўшатилаётган ходимлар учун иш ўринларига ва меҳнат билан бандликка бўлган эҳтиёждан, шунингдек саноатни, қурилишни, қишлоқ хўжалигини ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларини, хизмат кўрсатиш соҳасини, кичик бизнесни ривожлантириш муносабати билан ишчи кучига талабни ҳисоблашдан келиб чиққан ҳолда белгиланган.

Дастурни бажариш доирасида меҳнат бозорида фаол чораларни амалга ошириш, шу жумладан ишсизларга, касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларига, чет элдан қайтиб келаётган меҳнат мигрантларига, муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахсларга, иқтисодиётдаги таркибий ўзгартиришлар оқибатида ишини йўқотган фуқароларга, шунингдек ногиронларга, кўп болалилар ва ёлғизларга, одам савдоси қурбонларига ва бошқаларга ишга жойлашиш борасида хизматлар кўрсатиш давом эттирилади.

Иш ўринлари ташкил этилишини ҳамда илгари ташкил этилган иш ўринлари барқарор амал қилиб туришини, бандликнинг самарали шакллари ривожлантирилишини таъминлашга, шунингдек меҳнат бозорида фаол ҳамда аниқ мақсадга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилишига йўналтирилган вазифаларни изчил рўёбга чиқариш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2016 йил 28 октябрдаги 619-III сонли, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 13 декабрдаги 124-III сонли “2017 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисида”ги қарорлари талабларидан келиб чиқиб, Халқ депутатлари туман Кенгаши

 

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

  1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2016 йил 28 октябрдаги 619-III сонли, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 13 декабрдаги 124-III сонли “2017 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисида”ги қарорлари билан Самарқанд тумани бўйича 2017 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури параметлари иловага мувофиқ тасдиқланганлиги маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.
  2. Туман ҳокимининг ўринбосари Ф. Норов, туман бўлимлари, туман ташкилотлари 2017 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини амалга ошириш мақсадида:

2017 йилда ҳудудлар ва йўналишлар кесимида 3612 та иш ўрнини ташкил этиш ҳамда жами 4500 кишининг бандлигини таъминлаш, шу жумладан касб-ҳунар коллежларининг 1573 нафар битирувчисини ва чет элдан қайтиб келаётган 2600 нафар меҳнат мигрантини ишга жойлаштириш учун зарур чораларни кўрсин;

аҳоли бандлиги соҳасидаги давлат сиёсатини рўёбга чиқариш бўйича норматив-ҳуқуқий базани меҳнат бозори институтларини ва ушбу соҳадаги давлат-хусусий шерикчиликни ривожлантириш, шунингдек меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органларининг функцияларини кенгайтириш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш зарурлигини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштиришга йўналтирилган аниқ чораларни кўрсин;

2017 йилда рўёбга чиқариладиган Инвестиция дастурига, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ва сервис соҳасини ривожлантириш, маҳаллийлаштириш, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш дастурлари ҳамда бошқа мақсадли дастурларга мувофиқ иш ўринларининг барқарорлигини таъминласин;

тумани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қуриш дастурларини рўёбга чиқариш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини янада ривожлантириш, ишламаётган корхоналарни хусусийлаштириш ва қайта тиклаш йўли билан 2017 йилда туман аҳолисининг бандлигини таъминлаш кўрсаткичлари самарали бажарилиши юзасидан зарур чораларни кўрсин;

қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиш, қонун ҳужжатларига мувофиқ оилавий тадбиркорликни ва анъанавий миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳисобига иш ўринлари ташкил этиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ролини оширсин;

ишсизларни, биринчи навбатда ёшларни, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларининг битирувчиларини, чет элдан қайтиб келаётган меҳнат мигрантларини, хотин-қизларни ишга жойлаштириш, жумладан уларни касбий қайта тайёрлаш, шунингдек бўш иш ўринлари ярмаркаларини ўтказиш йўли билан ишга жойлаштириш бўйича таъсирчан чоралар кўрсин;

таълим муассасалари, айниқса касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, жумладан битирув курсларининг ўқувчиларини аниқ корхоналарга бириктириб қўйиш, корхоналар (иш берувчилар), касб-ҳунар коллежлари, битирувчилар ва уларнинг ота-оналари ўртасида тузиладиган уч томонлама шартномаларнинг самарадорлигини ва шартларига риоя қилишини таъминлаш чораларини кўрсин;

Дастур бажарилишининг тизимли ва мунтазам равишда мониторинг қилинишини, жумладан Дастурни рўёбга чиқариш натижаларини ҳисобга олишнинг давлат статистика, солиқ органлари ҳамда меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органларининг маълумотлар базалари билан боғланган ягона маълумотлар ахборот базасини шакллантириш ва доимий янгилаб бориш йўли билан мониторинг қилинишини таъминласин;

амал қилиб турган ва янги ташкил этилаётган иш ўринларининг қисқариш сабаблари пухта ўрганилишини ҳамда илгари ташкил этилган иш ўринлари сақланиб қолишини таъминлашга қаратилган тегишли чоралар ишлаб чиқилишини ташкил этсин;

Дастур бажарилишининг бориши тўғрисида йилнинг ҳар чорагида Халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашларига ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот тақдим этилишини таъминласин.

  1. Туман тижорат банклари (О. Мирзаев, С. Рахмонов, Ф. Усаров) кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига, асосан қишлоқларда иш ўринлари ташкил этилиши назарда тутиладиган лойиҳаларни молиялаштириш учун, шу жумладан касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларига тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва юритиш учун кредит ресурслари кўпайтирилиши тавсия этилсин.
  2. Туман Ахборот маслаҳат маркази (Н. Бердиев)га бизнесни яратиш ва бошқариш асосларига бағишланган амалий семинар-тренинглар ўтказилишини, шу жумладан самарали ва асослантирилган бизнес-режалар ишлаб чиқилишини, шунингдек тадбиркорлик фаолиятини, айниқса ёшлар тадбиркорлик фаолияти юритилаётган бошланғич босқичидаги туғиладиган муаммоли масалаларни ҳал қилишни тизимли ташкил этиш тавсия қилинсин.
  3. Халқ депутатлари туман Кенгаши доимий комиссиялари Дастурнинг иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг тегишли ҳудудий параметрлари бажарилишига доир қисмини рўёбга чиқаришнинг боришини ҳар чоракда ўз йиғилишларида муҳокама қилсин, масъул ташкилотлар раҳбарларининг ахборотини тингласин, шунингдек Дастур кўрсаткичлари сўзсиз бажарилишига қаратилган таъсирчан чораларни кўриб борсинлар.
  4. Халқ депутатлари туман Кенгашининг депутатлари ўзлари сайланган округларда аҳоли бандлигини таъминлаш халқ депутатлари туман Кенгаши сессияларида депутатлар ҳисобот берилсин
  5. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
  6. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш Халқ депутатлари туман Кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси (Б. Одилов) зиммасига юклансин.

Туман Кенгаши раиси            Б. Кадиров


Дата добавления: 06/01/2017 15:12;   Просмотров: 1740
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку