Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЮРАКДА ВАТАННИ УЙҒОТГАН ИМОН

ХУРШИД

Ватан юрагимда туғилдинг қачон,
Нафас олгандами кўз очган оним.
Танамда ҳис этиб ажиб ҳаяжон,
Ерга теккандами илк бор тавоним.
Тилимдан энг аввал янграган калом -
"Она" сўзи билан бўлдингми пайдо.
Туғилдингми, менга қўйилганда ном,
Эшитганда азон – илоҳий садо.
Поёнига етиб гўдаклик чоғи,
Онгга сингдирганда маърифат, адаб,
Юрагимда ёқиб илм чироғин,
Сен ҳақда тасаввур бердими мактаб.
Орзулар чарх урган ўсмирлик они,
Муҳаббат ақлни олди асирга.
Севги яратган деб бутун дунёни,
Кўнглимга кирдингми ишқ билан бирга.
Ватан юрагимда туғилдинг қачон,
Ҳижрондан интиқ дил тутагандами.
Соғинчинг қалбимни хўп ўртаган он -
Ҳарбийлик хизматин ўтагандами.
Беларусь демади мусофир ва ёт,
Бемаврид ёмғири лек ташлар эзиб.
Сархилдир меваси, йўқдир маза, тот,
Юрт чўлин соғиндим ўрмонлар кезиб.
Юрт чўли - саксовул ястанган ҳудуд,
Амрлик саҳросин олдида жаннат.
Беҳиштнинг нусхаси билан бўлган бут
Ўзбекистон, ердаги беқиёс санъат.
Биламан, малоҳат мени этар лол,
Ватанни юракда уйғотган бошқа.
Тун кўкин ёритиб чиқса ҳам ҳилол,
Ватаним ўхшатгум сени қиёшга.
Сен борсан юрагим тонгдек мусаффо,
Бағрингда озодман, эркин ҳар инсон.
Сен ўзинг руҳимга, жонимга даво,
Номингни қалбимда яратган иймон.
Ватан – юрагимда сўнмас эътиқод,
Киндик қоним томган табаррук замин.
Ҳар қарич ерингни қилмоқ-чун обод
Тайёрман тортмоққа минг Фарҳод заҳмин.
Тарихнинг даъвоси таъкидлар ҳаққинг,
Темурнинг пойидан ним дунё қутлуғ.
Юраги нур каби покиза халқинг,
Қуёш юрти деган номинг бор - улуғ.


Дата добавления: 08/09/2017 11:16;   Просмотров: 1344
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку