Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЯШАШ – ҲАРАКАТ ҚИЛМОҚ ДЕМАКДИР

Боши билан шунғиб кирмаса ҳар дам,

Сув остидан дурни топарми одам?

А.ЖОМИЙ

Бир донишманд шундай деган экан: "Фидокор кишилар қуёшдай зарур. Улар жамиятнинг энг шоирона ва ҳаётбахш элементи бўлиб, бошқаларга ҳаяжон, таскин берадилар ва ёшартирадилар. Уларнинг шахсиятлари бошқаларга ибратдир".

Лавҳамиз қаҳрамони Тўрабек Искандарий ҳам юксак мақсадларга эришиш учун машаққат билан олға интилди. У 1947 йил 12 март куни тумандаги Равонак маҳалласида дунёга келди. Мактабга бориш олдидан раҳматли онасидан "Ҳафтияк"ни тамомлаб уч йилдан сўнг Маҳфиза исмли отинбиби ая ёрдамида муқаддас китобимиз Қуръони Каримни хатм қилди. Тўрабек 1964 йилда қишлоғидаги 33-ўрта умумтаълим мактабни олтин медаль билан битириб, Тожикистон давлат  университетининг шарқшунослик факультети араб тили бўлимига ҳужжатларини топширди. Қабул имтиҳонларидан мувоффақиятли ўтиб, талаба деган номга сазовор бўлди. Меҳрибон ироқлик устоз Ҳасан Наққош Бағдодийдан кўп нарсаларни ўрганди. Ҳатто унинг раҳбарлигида диплом ишини ёзди ва "аъло" баҳоларда ёқлади. Орадан бир ҳафта ўтмасдан уни ҳарбий комиссариатга чақирдилар ва Москвага йўлланма беришди. Икки йил оралиғида Ироқ, Яман, Сурия ва Мисрда ҳар хил вазифаларда ишлади. Ҳатто 1969 йилда Фалас­тин Исроил урушида қатнашди.

1971 йилда яна Душанбе шаҳрига  қайтиб келиб, Тожикистон давлат университетининг фалсафа кафедрасининг аспиранти бўлди. Фалсафа фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Болтаев раҳбарлигида "Мирзо Бедилнинг фалсафий қарашлари" мавзусида  илмий рисола ёзишга киришди. Аспирантурани тугатиб, Кўлоб педагогика институтининг фалсафа кафедраси ўқитувчиси сифатида фаолият олиб борди. Аммо ватан меҳри уни 1977 йилда яна Самарқандга олиб келди. Аввал Сиёб туманида "Билим"  жамияти раиси, сўнгра Самарқанд давлат университетида ўқитувчилик қилди. Уч йилдан сўнг уни Москвага чақириб, Миср ва Ироқда  турли вазифаларда ишлашгаюборишди. Сафардан қайтиб, тумандаги 39-ўрта умумтаълим мактабида ҳарбий таълим ўқитувчиси лавозимига ишга тайинланди. Аммо яна Ватан топшириғига асосан 1980 йилдан 1985 йилгача Афғонистонда ҳарбий хизматда бўлди. Уруш ҳамиша урушдир. Тўрабек Искандарий беш йил давомида бошидан кечганларини ёзса жилд-жилд китоб бўлади. Чунки у ўнлаб маротаба ўлим билан юзма-юз бўлди, лекин меҳрибон Парвардигор ўз паноҳига сақлади. 1985 йил ёзида ўз оиласига қайтди ва туман Маданият бўлими мудири сифатида иш бошлади. Лекин 1990 йил тақдир уни Ливия давлатига олиб борди. Тўрабек Искандарий таҳликали уч йилдан сўнг она-Ватанига келди ва туман халқ таълим бўлимида шарқ тиллари бўйича услубчи вазифасида меҳнат қилди.

Бўлим қошида форс-араб тилларини ўқитиш бўйича малака ошириш курсини очди. Айниқса, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида форс ва араб тиллари ва эски ўзбек ёзувини ўқитиш яхши йўлга қўйилди. Афсуски, эски тафаккурда яшаётган баъзи раҳбарларнинг билим савияси ва дунёқараши  пастлиги туфайли бундай эзгу ишларга салбий таъсир қилмай қолмади. Энг муҳими, Тўрабек Искандарий Самарқанд чет тиллар институтида араб тили факультети очилишига муносиб улуш қўшди. Айни пайтда унинг шогирдлари бутун республикамизда ва ҳатто хорижда самарали хизмат қилишмоқда.

Жаҳонгашта тиниб-тинчимас таржимон, тилшунос ва Мирзо Бедилнинг ашаддий мухлиси Тўрабек Искандарий ўз қишлоғида замонавий мактаб очиш ниятида эди. Собиқ туман ҳокими  Баҳодур Саъдуллоевнинг қўллаб-қувватлаши натижасида ушбу билим маскани фойдаланишга топширилди. Бугунги кунда кексалик гаштини сураётган Тўрабек Искандарий ҳар гал мактаб олдидан ўтса, хайрли ишдан кўнгли кўтарилади, кайфияти аъло бўлади.

Тўрабек Искандарий ёш авлодни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ҳам муносиб улуш қўшиб келмоқда. У вилоят "Ветеран" байналмилал-жангчилар  уюшмаси аъзоси сифатида мактаб ва коллежларда тез-тез ташриф буюриб, бизнинг оқ ювиб, оқ тараган она ватанни севмоқ муқаддас бурч  эканлиги, ватанпарварлик номусли ва назокатли туйғу эканлиги тўғрисида гапириб беради ҳамда буюк бобокалонимиз Алишер Навоий байтини келтиради:

Ватан таркини бир нафас айлама,

Яна ранжи ғурбат ҳавас айлама.

Тўрабек Искандарий бизнинг газетамизнинг доимий муаллифидир. У ҳар гал идорамизга ташриф буюрса, бир пиёла чой устида суҳбатимиз қаймоқ боғлайди.

- Нафақада бўлишимга қарамай туман фахрий педагоглар уюшмаси раиси вазифасида фаолият олиб бораяпман, - дейди Искандарий. Мўҳтарам юртбошимиз ташаббуслари билан халқ таълимида туб ўзгаришлар бўлмоқда. Хабарингиз бор, мактаб директори сифатида ишлаган давримда халқ таълими ишини туб ўзгартириш учун ўттиздан кўпроқ  дастур ва таклифларни ўртага ташлаган эдим. Айни пайтда уларнинг айримлари ҳаётга жорий этилди. Ҳозир ҳам туман халқ таълими йиғилишларида мактаблардаги мавжуд камчиликларни танқид қиламан ва бу ишим айрим раҳбарларга ёқмайди. Лекин ҳақиқат ва адолат ҳамма жойда қарор топиши лозим. Маърўза ва илмий мақолаларимда ҳамиша буюк аллома ҳазрати Бедил таълимотига таянаман. Чунки унинг илмий-фалсафий қарашлари бебаҳо хазинадир. У кишининг ўгитлари дастурдир. Масалан, ҳазрати Бедил ёзадилар: "Саховатпешаликнинг маъноси барча ҳолларда инсон табиатига сурур-шодлик олиб келади. Айниқса беморларнинг ҳолидан хабар олиш, улар кўнглини кўтариш, ожиз кишиларга асо бўлиш, инқирозга учраганларга  моддий ва маънавий кўмак бериш, қўриқ ерларга оби ҳаёт бериш ва боғ яратиш. Марҳумларни яхши сўзлар билан хотирлаш ва бошқа хил инсоний фазилатдир ".

- Домла Искандарий, ҳазрат Бедилдан ташқари, яна кимларнинг асарларини мутолаа қиласиз?

- Шарқ алломаларини, қолаверса зардушт, буддо, пайғамбарларимиз Исо Масеҳ, Муҳаммад Мустафо (с.а.в) ҳадислари, Қуръони Карим, унга ёзилган тафсирларни мароқ билан ўқиб, махсус дафтарларга айрим жойларни кўчириб ёзаман. Албатта, она тилим-тожик адибларининг китобларини ҳам варақлаб чиқаман. Айни пайтда, Жалол Икромий, Мирсаид Миршакар, Боқий Раҳимзода, Лоиқ Шерали ва бошқалар билан учрашганларим тўғрисида  хотиралар ёзаяпман. Иншооллоҳ, алоҳида китоб сифатида чоп этилади.

- Сизга 75 баҳорни кўриш насиб этди. Бу ёшда одам чинакамига пишиб етилади, бошқаларга ўрнак олса арзигулик ҳислатларга эга бўлади, бировларга сабоқ бўладиган нарсаларни тушуниб етади...

- Ҳа, нуроний муйсафид бўла олиш буюк санъатлардан бири бўлиб, ўзининг ҳаёт мактабини яратган донишманд қиёфасида ўз тажрибасини атрофдагиларга узатади. Бизлар йил фаслларини адаштирмаганимиздан, ёшимизни  чалкаштирмасдан аввало ёшларга насиҳатгар бўлишимиз ҳам қарз ҳам фарз. Модомики, ёшлик - доноликни касб этадиган палла, кексалик эса уни қўллайдиган пайт экан, биз, оқсоқоллар, бўлажак авлодга маслаҳат бериш ҳуқуқига эгамиз.  Ўрта мактабда ўқиб юрган пайтларимда рус адиби  Островскийнинг қуйидаги ҳикматини ёдлаб олган эдик: "Ҳаёт ҳар бир кишига улкан ва бебаҳо туҳфа инъом этади. Бу куч-қувватга тўла ёшлик, билим ва курашга чанқоқлик, ишонч ва орзу-умидга тўла ўспиринликдир ".

Ҳа, ёшлик бу-орзу. Бу-ишонч, бу жасоратга интилиш. Бу-истиқболнинг бошланиши. Ҳозирги янги Ўзбекистонга, Учинчи Ренессансга асос-пойдевор қўяётган эканмиз, бундай улкан режаларни амалга оширишга ёшларимиз ташаббускор бўлишлари лозим. Аммо минг афсуски, айрим ёшларимиз китоб ўқиш, билим олиш билан  касб-ҳунарли бўлиш ўрнига телефон ва компьютер ўйинлари билан банд бўлишлари, биз қарияларни, педагогларнинг таъбини хира қилади. Собиқ мактаб директори сифатида айтаманки, битта ота юзта ўқитувчидан устун демакдир. Отанинг қаттиқ қўллиги ажойиб дори-аччиқдан кўра ширини кўп. Падари бузургвор болаларни бино қилиш, уларни едириб-ичириш билан ўз зиммасидаги вазифани учдан бирини бажаради холос. У ўз фарзандини одамизод қаторига қўшмоғи, жамиятга эса фаол кишиларни, давлатга ҳақиқий фидоий фуқароларни етиштириб бермоғи керак.

Ҳа, Тўрабек Искандарий бугунги кунда "Паҳлавий ҳикматлар", "Бедилнинг фалсафий қарашлари", "Бақироқ туя ҳофиз бўлганмиш" каби ўнлаб илмий ва бадиий китоблар, 600 дан зиёд мақолалар, 40 га яқин ҳикоялар муаллифи ҳамда таржиман сифатида кенг китобхонларга маълумдир.

Биз имкониятдан фойдаланиб газетамиз муштарийси, ёшлар насиҳатгўйи, зукко олим, ажойиб суҳбатдош Тўрабек Искандарийни 75 йиллиги билан табриклаб, унга сиҳат-саломатлик ва Шайх Саъдий умрини тилаймиз.

Нормурод КАРИМОВ,

Зоҳир ҲАСАНЗОДА,

Ўзбекистон ёзувчилар

уюшмаси аъзолари.


Последнее редактирование: 12/03/2022 10:41;   Просмотров: 1545
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку