(Ҳажвия)
Туни билан футбол кўриб, севимли командасининг мағлубиятидан асаби бузилган, устига-устак ишдан кечикишининг сабабини ҳам шунга йўйган духтир йигит қабулхонада ёши ўтинқираган аёл билан эркакни кўриб ажабланди. Бир хаёли қабулни орқага сурмоқчи бўлди, лекин Гиппократ қасами ёдига тушиб, аёлни хонага киритмоқчи эди, эркак тихирлик қилгани учун унга ҳам рухсат берди. Хонага киришгач, уларни эшик ёнидаги ўриндиққа ўтиришга таклиф этди. Ўзи эса девордаги илгакда осиғлиқ халатини олиб кийди ва суянчиғига сочиқ ташланган курсига қараб юраркан, йўл-йўлакай савол берди:
- Нима гап, онахон?
- Бола масаласида келгандик.
- Бу ерга бошқа масалада келишмайди. - дўхтир беихтиёр тилига келган гап беўхшов ҳазил эканини сезиб, жиддийлашди, - Безовта қилмаяптими?
- Безовта ҳам гапми, - гапга қўшилди эркак.
- Отахон сиз қўшилманг, - танбеҳ берди дўхтир. - Ёш қирқдан ўтгандан сўнг бола онага оғирлик қилишини билмасмидингиз.
- Кампир олтмишда, - яна гапга қўшилди эркак. - Бу ёшда болага қараш ўзи бўладими?
Дўхтир аёлнинг кўзи атрофига шохлар отган ва бўйнида иккита ҳалқасимон ажинга тикилиб, унинг ёшини нотўғри чамалаганини сезди.
- Истамагандик, - деди аёл ҳам гап оҳангида пушаймонлигини яширмай, - Қизим сақламасаларинг бўлмайди, деб туриб олди.
- Ҳимояланиш керак эди, - ачинди дўхтир, - Қанча вақт бўлди? Кўзга ташланмаслигига қараганда тўрт-беш ҳафта...
- Тўрт ой бўлди, - дўхтирнинг гапига бўлди аёл.
- Олти ой, - аниқлик киритди эркак.
- Олти ойлик бўлса, билинарди? Ривожланишдан орқага қолганмикан?
- Бирор чора кўрмаса бўлмайди, - эркак дўхтирнинг тушунарсиз гапларидан асабийлашди.
- Энди кеч, - ожизлигини ифода қилмоқчи бўлгандек дўхтир қўлларини қуш қанотини очгандек, икки ёнга ёйди, - яна уч ой чидайсизлар.
- Нега уч ой? - аёл хавотирини яширмади.
- Ўн-ўн беш кун фарқ қилиши мумкин. - дўхтир аёлни тинчлантирмоқчи бўлди.
- Бугундан гапиринг, бугун нима қилиш керак? - эркак тоқатсизланди.
- Онахон яхши овқатлансин. Қонлари камайган бўлиши мумкин.
- Овқатнинг нима алоқаси бор? Сиз болани нима қилишни айтинг, - деди эркак фиғони қайнаб.
- Боланинг безовта қилгани онахоннинг яхши овқатланмаганидан бўлса керак? - дўхтир ўзини босишга қанча ҳаракат қилмасин, асабийлашди.
- Қизимизга хабар бергандик, у камида бир йил ишламасам бўлмайди, дейди, - аёл илтижо билан духтирга тикилди.
- Қизингиз қаерда? - яна қизини тилга олганидан дўхтир ажабланди.
- Куёв билан хорижга ишлагани кетишган. Келиб болага ўзлари қарашсин.
- Бизнинг шу ёшимизда болага қараш осонми? - эркак бу гал ҳовуридан тушиб, гапга қўшилди.
- Яна бошқа фарзандларингиз борми? - дўхтир эркакнинг овози пасайгани учун товушини кўтармай савол берди.
- Икки опаси бор қизимнинг. Лекин улар болага қарашни исташмади.
- Ҳа, қийин бўларкан сизларга.
Дўхтир бошқа қандай масалаҳат беришини билмай, кўзини стол устидаги дафтарга тикди.
Шу пайт эшик очилиб хонага кўҳликкина қиз кирди. Унинг бесарамжон кўзлари ва қизариб кетган юзи хонадагиларнинг эътиборини тортди.
- Кираверишда бир тирмизак менга гап отди, - деди ўзини йиғидан аранг тутиб турган қиз.
- У бизнинг невара, - деди эркак гуноҳкорона оҳангда. - Тартибга олмаса бўлмайди.
Дўхтир азбаройи қизга раҳми келганидан эркакга юзланди?
- Чақирингчи бу ёққа.
Эркак хонадан чиқиши билан дўхтир аёлга парда билан тўсиб қўйилган хона четига ўтишини сўраб, қизга топшириқ берди.
- Онахонни назоратдан ўтказинг.
Қиз бир дўхтирга, бир аёлга қараб, ҳайрон бўлганича парда орқасига йўналди.
Ортидан кирган аёл билан паст овозда савол-жавоб қиларкан, эшикдан эркак неварасини олиб кирди.
- Салом қани? - деди дўхтир иккала қулоғига ҳам мусиқа эшитиш мосламасини тақиб олган ўспириннинг сабза урган мўйлови ва антиқа услубда пардоз берилган сочига тикилиб.
Йигитча ҳали жавоб бермай парда орқасидан пиқирлаган кулги овози эшитилди ва кейин, аввал оппоқ халат кийган ҳамшира, ортидан аёл кўринди. Дўхтир бир муддат олдин йиғламоқдан бери бўлиб турган ҳамширанинг кулгу яширинган юзига савол назари билан қаради.
- Сиз ўйлаган бола мана шу шумтака экан, - деди кулиб ҳамшира, - Қариялар бизга қўшни бинода жойлашган вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга келишган экан. Адашиб бизнинг поликлиникага келиб қолишибди.
У шу гапларни айтаркан, отилиш пайида бўлган кулгусини тўхтатиб қолиш учун қўли билан оғзини беркитди. Эркак бошқа жойга келиб қолганидан хижолатда, аёл эса дўхтир қўйган ташхисдан ийманиб, юзи қип-қизарган, ўспирин жазодан қутилгани аён бўлгани учун яна мусиқа эшитишга тутинганди. Фақат, бу тунда кам ухлаш оқибати албатта, бўлиб ўтган воқеанинг моҳиятини ҳали тўлиқ англаб етмаган дўхтирнинг қиёфасидан ҳеч нарсани англаб бўлмасди.
Хуршид Нуруллаев
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.