Олим деган қўшним бор. Ўнинчи синфни битирганидан сўнг жамоа хўжалигига ишга кирди, ўшандан буён деҳқончилик билан кун кечириб, оила тебратиб келади.
Ҳозир нафақада. Лекин баъзи ўқимишли, зиёли кишилардан кўпроқ китоб ўқийди. Бадиий, кўпроқ тарихий мавзудаги асарларга қизиқади. Шуни эътиборга олиб, янги нашрдан чиққан ҳар бир китобимни аввал унга бераман. Ўқиб чиқиб, муносабат билдиргани ёқади менга, маъқул жойларини мақташ билан бирга, камчиликларини ҳам рўйрост айтади.
Маҳалла маркази олдидаги бекатда турган эдим, келиб қолди. Авзойи ташвишлироқ кўринди.
–Ҳа , Олимжон, тинчликми? Йўл бўлсин? – дедим унга салом-аликдан сўнг.
– ЗАГСга бораяпман.
– Э-ҳе, тинчликми? Ахир бешта бола, ўн бешта невара билан...?- дея ҳазиллашган бўлдим.
–Қизиқсизда ака, шу ҳазилкашлигингиз қолмади-қолмади-да. Ҳозир ёшим олтмишдан ошган бўлсаям... Мана... – у чўнтагидан янги ёзилган “Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома”ни чиқарди.
Тушунмаган қиёфада унга қарарканман, ташвишига худди мен сабабчидек, иддао билан гапира кетди:
–Ака, анча йилдан буён олий мактабда ишлайсиз. Китоблар ёзасиз. Лекин шогирдларнинг саводи билан етарли қизиқмайсизлар. Мана буни қаранг. Неварали бўлган эдим. Кеча болалар ЗАГСдан туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани олиб келишди. Унга Орифжон деб ном қўйган эдик. Гувоҳномада “Арипжан” деб ёзилган. Бундан таш-қари, шу бир варақ қоғозида саккизта хато. Шуни тузатиб келай деб бораяпман...
Эртаси куни Олимжонни кўчада учратиб қолдим ва турган гап, неварасининг гувоҳномаси тўғрисида сўрадим.
–ЗАГС идорасига бордим. Уларга хатоларни кўрсатиб, гувоҳномани қайта ёздириб олдим. Ўқиб чиқсам, яна учта хато. Яна қайта ёздиртирдим. Яна битта хато. Гувоҳномани ёзиб берган киши ўз фамилиясини хато ёзса. “Майли, бунисига чидаш мумкин!” - дедиму гувоҳномани олиб қайтдим. Лекин эътирозим йўқолмади. Шундай масъулиятли идорада саводсиз кишилар ишлаши мумкинми, ака? – деди у афсусланиб.
Тил тўғрисидаги мулоҳазаларни ушбу воқеа тафсилоти билан беҳудага бошлаганим йўқ. Чунки Ўзбекистонда “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганига йигирма йилдан ошган бўлсада, тил софлиги тўғрисида ҳали муаммолар кўп, уларни ҳар қадамда учратиш мумкин. Жумладан, юқорида келтирилган воқеа каби шахсий ҳужжатларда исми ва отасининг исмини ёзишда шўролар давридан мерос бўлиб қолган хатолар ҳамон бот-бот учрайди. Отахўжаевни - Атахаджаев, Неъматни - Нигмат, Ойсарани - Айсара, Муродни – Мурат, Ҳотамни – Хатам, Олимни – Алим, Орифни – Арип, Саъдуллони – Сагдулла, Иброҳимни – Ибрагим деб хато ёзишлар ҳамон кўзга ташланади. Бундай хато ёзишлар фуқароларга паспорт бериш идораларида ҳам давом этмоқда. Ахир ЗАГС идоралари йўл қўйган хатоларни паспорт олиш жараёнида тузатиш мумкин-ку!
“Давлат тили тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганидан кейин ҳам ўзбек тилининг софлиги тўғрисида матбуотда жуда кўп мақолалар нашр этилди. Бир аср давомида уч марта ёзув ва алифбенинг ўзгартирилиши маълум муаммоларни келтириб чиқарди. Жумладан юқорида қайд этилган ҳолатга ўхшаб, “ўқимишли” саводсизларнинг кўпайганига шу сабаб.
Ҳозир баъзи болалар, ҳатто ёшлар ҳам кирил алифбосидаги ёзувларни ўқий олмайдилар. Ҳолбуки, шўролар замонида, айниқса кирил алифбоси ҳукмронлик қилган даврда, жуда кўп китоб-лар, мумтоз олим ва адибларимизнинг нодир асарлари шу алифбода нашр қилинди ва Мустақиллик даврида ҳам қайта-қайта нашр этилмоқда.
Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларида шўролар даврида чоп этилган 15 жилдли “Ўзбек совет энциклопедияси”нинг қайта таҳрирда “Ўзбек миллий энциклопедияси” номи билан нашр этиш бошланди ва яна кирил алифбосида. Китобнинг дастлабки 5-6 жилди нашрдан чиқарилгандан сўнг мен “ўзбек тили софлиги ва янги алифбо учун ашаддий курашчи” деб ҳисоблайдиган тилшунос дўстимни учратиб, янги нашрдаги мақолалар тўғрисида мулоҳазаларимни билдирдим. Мақолалар аввалги нашрдан айнан кўчирилганлиги ва фақат муаллиф номи ўзгартирилганлиги тўғрисидаги фикрларимиз бир хил чиқди. Ундан энциклопедия нега қайта нашр қилинаётганлигини сўрадим. “Бугунги ва келажак авлод учун!” деди у. “Унда нега яна кирил афлифбосида нашр этилмоқда?” – дедим. Ўйланиб қолди. Ҳа, ўйлантирадиган масала!
Кези келганда шуни ҳам айтиш керакки, ҳозирги авлод кам китоб ўқийди. Давлатимиз раҳбарлари сайъ-ҳаракатлари билан сўнгги вақтларда вилоятларда очилаётган “Китоблар олами“ дўконларига кирсангиз, асосан ёши 40 дан ошганларни кўпроқ учратасиз.
Менимча, ёшлар китобни электрон вариантда ўқишни афзал кўришади. Лекин электрон китоблар босма китоблар ўрнини босолмайди. Буни оддий китобхондан академик даражасидаги олимлар ҳам қайта-қайта таъкидламоқдалар. Бас, шундай экан, мактабларда кирил алифбесини ҳам , инглиз тили билан бир қаторда рус тилини ҳам яхши ўргатиш керак. Шу билан бирга форс ва араб тилларини ҳам ўргатиш мақсадга мувофиқ. Бу болаларнинг тил бойлигини орттириш билан бирга, уларнинг араб ва форс тилларидаги ҳамда ўтмиш ёзувчи ва олимларимизнинг асарларини ҳам ўқиб ўрганишлари, янги илмий кашфиётлар қилишларига ёрдам беришига аминман.
Олимлар ва ёзувчиларимиз, топонимика комиссияларида ўзларини масъул деб биладиганлар ўз мақола ва маърузаларида тил софлиги тўғрисида кўп фикр билдирадилар, лекин кўз олдиларида рўй бераётган хатоларга эътибор бермаяптилар.
Биргина мисол: бугун Ўзбекистон Республикасининг айрим жойларида ўзбек тили билан бирга шу ерда яшовчи миллатнинг ўз она тилидан фойдаланиши амалда қўлланилиб келинмоқда. Чунки бошқа миллатга мансуб аҳоли зич яшаётган жойларда уларнинг ўз она тилида гапириши, ёзиши, ўқиши давлатимизнинг Бош Қомусида қайд эилган. Шунинг учун Ўзбекистонда 7 тилда таълим олиб борилмоқда. Лекин бошқа миллат одамлари кўп яшайдиган жойларда ўз она тилидан фойдаланишда айрим калтабин раҳбарлар томонидан хатоликларга йўл қўйилмоқда. Масалан, буни дўконлар пештоқидаги ёзувлардан ҳам билса бўлади. Ҳозир қай бир бинонинг пештоқига кўз ташламанг, “Корзинка Уз”, “PEDTAG”, “BENASENS”, “Fresko”, “Грация”, “Фламинго”, “Астория”, “Мясо.Фарш.Кости” каби ўнлаб бошқа тилда ёзилган ва ҳатто баъзиларини ҳеч ким тушунмайдиган лавҳаларни кўрасиз! Ёки “Супер маркет”, “Мини маркет”, “Лаваш центр”, “Супер сомса”, “Супер ош”, “Хот дог”, “Шаурма”, “Салон красоты”, “Шашличок” каби бошқа тилларда ҳам кам учрайдиган ўнлаб антиқа ёзувларни ҳар қадамда учратасиз. “Суратхона”ни - “Сувратхона”, “Сартарошхонани” - “Сартарошлик” деб ёзилганига нима дейсиз? Нега уларнинг ўрнида “Дилкаш”, “Дилрабо”, “Зебо”, “Нозанин”, “Ширин”, “Лазиз”, “Хушхўр” каби барчага тушунарли сўзларни ёзиш мумкин эмас?
Бундай мисоллар жуда кўп.
Топонимика комиссиясининг қайси билағон аъзосидан қадимий ва тарихий номларни ўзгартириш ғояси олға сурилиб, бундай номларни ўзгартириш “компанияси” бошланганлигига ҳайрон қоласан киши. Уларга қолса ҳафта кунларининг номларини ҳам ўзгартириш керакка ўхшайди. Масалан, Самарқанд шаҳри ва Самарқанд туманидаги кўп маҳаллаларнинг номлари асрлар оша ўзларининг тарихий номларига эга бўлиб, ерли аҳоли шу номларни авлоддан авлодга мерос қолдириб келганлар. Олайлик , Самарқанд туманидаги Чоршанбе қишлоғи анча қадимий манбалардан то ҳозирги даврда нашр этилган энциклопедияларгача шу ном билан тилга олинган.Ҳафтанинг кунлари билан аталган Пайшанба, Жума деган жойлар ҳам анча. Тожикистон Республикасининг пойтахти Душанбе шаҳридир. Уларни ҳам ўзгартириш керакми?
Бир қатор маҳалла ва топонимик жойлар ўша жойларда кўпроқ етиштирилган мевалар номи билан ёки ўша маҳалладаги ҳунарманд ва косибларнинг касб-корлари билан боғлиқ бўлиб, баъзиларида ҳозир ҳам шу анъана давом этиб келмоқда.Шунинг учун “Себзор”, “Шалғамон”, “Сўзангарон”, “Заргарон”, “Чармгари”, “Кафтархона”, “Шарбатдор” каби маҳаллаларнинг номларини ўзгартиришга ҳожат йўқ.
Таржима масаласи ҳам ўта жиддий ва мураккаб нарса. Бунда шунга эътибор бериш керакки ҳар бир нарса ўз номи билан яратилади ва ўша ном билан бошқа жойга боради. Худди инсон номини таржима қилиш мумкин эмаслиги каби баъзи нарсаларнинг номини ҳам зўраки таржима қилиш мақсадга мувофиқ эмас. Масалан: поезд, троллейбус, самолёт, автобус, памперс, термос, самовар, компютер, телефон, телевизор, радио, велосипед, автомобил, патруль, пассаж, патрон, перо, пианино ва шунга ўхшаш кўп сўзлар борки улар таржимада асл маъносини тўлиқ беролмайди. Бу ўринда 50 мингга яқин сўз ва иборалардан иборат “Ўзбекча-русча луғат”ни варақлашнинг ўзи кифоя.
Аслиддин ҚАМАРЗОДА,
Самарқанд Давлат университети профессори,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.