Неъмат Хўжаев номини нафақат туманимиз, балки мамлакат зиёлилари яхши билишади. Негаки, у шу пайтга қадар аҳоли саломатлиги йўлида баракали меҳнат қилиб, мамлакат Соғлиқни сақлаш соҳаси ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Қанчалик иши кўп бўлишига қарамасдан, отахон шифокор қўлига қалам олиб, дилида борини оппоқ қоғозга тўкиб-солади. «Самарқанд вилоят Давлат санитария эпидемиология назорати тарихи» (2006 йил), «Самарқанд тиббиёт тарихи», (2 томлик, 2007 йил), «Хўжаевлар сулоласи»(2009 йил), «Самарқанд табобати тарихий босқичлари» (2010 йил), «Шифобахш маскан» (2010 йил), «Яхшиларга ёндошиб» (2010 йил), «Самарқанд тиббиёти равнақи» (2011 йил), «Самарқандлик ҳакимлар» (биринчи китоб 2011 йил, иккинчи китоб 2013 йил), «Акам ҳақида» (2012 йил), «Юксак фазилат соҳиби» (2013 йил), «Меҳнатга бахшида умр» (2014 йил) каби ўнлаб китоблари унинг ижодий маҳсули бўлиб, уларни китобхонлар севиб мутолаа қилаётирлар.
Неъмат Хўжаев Ўзбекистондагина эмас, балки ундан ташқарида ҳам тиббиёт олими, табиби ҳозиқ ва ташкилотчи раҳбар сифатида танилган. Самарқанд давлат тиббиёт институтини аъло баҳолар билан битирганидан буён сиҳат-саломатлик соҳасида фидойилик кўрсатади. Кўп йиллар туман давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи, туман Бош давлат санитария врачи, туман ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари, туман марказий шифохонаси бош врачи, Самарқанд вилоят Бош давлат санитария врачи, Давлат санитария эпидемиология назорати маркази бош врачи, вилоят ҳокимлиги Соғлиқни сақлаш бошқармасининг бошлиғи вазифаларида ишлади. Вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли вилоят марказий шифохонаси (ҳозирги Самарқанд вилоят саломатликни тиклаш шифохонаси) бош врачи лавозимида ҳам ишлади. Айни вақтда Н.Хўжаев Самарқанд давлат тиббиёт институти ижтимоий саломатлик, соғлиқни сақлашни ташкил қилиш ва умумий гигиена курсининг мудири, Самарқанд вилоят врачлар ассоциациясининг раиси вазифаларини бажариб келмоқда. Бундан ташқари отахон шифокор вилоят баскетбол федерациясининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш вазирлиги тиббий паразитология ва Самарқанд давлат тиббиёт институтлари илмий кенгашининг аъзоси ҳамдир.
Давлат ва халқ олдидаги хизматлари муносиб тақдирланиб «Ҳурмат белгиси »ордени, «Соғлиқни сақлаш аълочиси» нишони, «Мустақиллик» эсдалик нишонлари, Турон Фанлар академиясининг диплом ва кўкрак нишони, Қизил Ярим ой жамиятининг «Ҳурмат белгиси», «Пирогов» медаллари билан мукофотланган.
Жаҳон адабиёти тарихида «Шоҳнома», «Сиёсатнома», «Сафарнома», «Қобуснома», «Бобурнома» каби китоблар бор. Неъмат Хўжаевнинг яқинда Тошкентдаги «Турон замин зиё» нашриётида чиққан «Ёднома» китобини ҳам худди шундай асарларга ўхшатиш мумкин. Ушбу китобда вилоят тиббиёт соҳасининг турли бўғинларида қирқ йил давомида раҳбарлик лавозимида фаолият кўрсатган ташкилотчи олим, тиббиёт фанлари номзоди, Турон Фанлар Академияси академиги Неъмат Хўжаевнинг ҳаёти ва фаолиятига доир лавҳалар, устозлар, ҳамкасблар ва яқин дўстлари тўғрисидаги хотиралар, фототасвирлар жамланган.
Китобни ўқир экансиз муаллиф ҳеч қачон мансаб учун талашмаганини, шўролар тузуми даврида ҳам, Мустақиллик даврида ҳам мансабга эга бўлиш учун бирон кишига илтимос қилмаганлигини билиб оласиз. Камтарлик, меҳрибонлик каби хислатлари боис у эл-юрт ҳурматини қозонди. Гапнинг индаллосини айтганда Н.Хўжаев ота-она дуосини олганлигини ҳис этасиз.
Китобнинг тарбиявий аҳамиятини эътиборга олиб, ундан кенг китобхонлар оммаси фойдаланиши мумкин.
Н.МЕҲРАНГИЗ, Н.МУҲАММАД
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.