Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

СУВ ВА ДЕҲҚОН ҚасИдАСИ

Нормурод КаримЗоДА

Оқар сувнинг қадри бор,
Буни англа, миришкор!
Сув деганда сув келмас,
Фидойилик бўлса, бас.
Ариқ қазиб, тер тўкиб,
Сув келтиргин шер бўлиб.
Ҳалво десанг ҳар қалай,
Оғзинг ширин бўлмагай.
Ўзан, ҳовуз йиғлайди,
Нечун сероб бўлмайди?
Томорқа сувга чанқоқ,
Аҳволи оғир, чатоқ.
Тўлиб-тошиб оққан сув,
Кўнгилга хуш ёққан сув.
Кимга айтай дардимни,
Тинглаб кўргин қалбимни.
Ғалла, пахта сувга зор,
Гилос, карам, помидор.
Ҳаммаси сувга боғлиқ,
Сувни асранг, халойиқ!
Томчилатиб суғориш,
Энг осон, ҳам қулай иш.
Бундай иш тутган одам,
Эл-юртимда муҳтарам.
Замон шуни истайди,
Ҳар ким буни билсайди.
Зовурлардан кўз узманг,
Бўлмасин аҳволи танг.
Боболардан сув мерос,
Меросга бўлсин ихлос.
Сув келтирган-иззатда,
Ариқ қазган-ҳурматда.
Шараф-шонга эришгай,
Бахт-иқболи кулишгай.
Сувдир илоҳий неъмат,
Сувга керак муҳаббат.
Ҳар қатраси зар эрур,
Бебаҳо гавҳар эрур.
Муқаддас оби ҳаёт,
Сувла тирик мавжудот.
Сув-яшаш кафолати,
Қурғоқлик-аср офати!
Ҳар томчиси тўтиё,
Унга қарамдир дунё.
Қатра-қатра кўл бўлур,
Ҳосил аъло, мўл бўлур.
Сувни тежаб, қадрлаб,
Доно миробга ўхшаб.
Манзилга етказайлик,
Экинга жон берайлик.
Амал қилинг сўзимга,
Дилни очинг ўзимга.
Не айтдим, дилдан айтдим,
Мавзуга яна қайтдим.
* * *
Ҳорманг, азиз деҳқоним,
Фаҳрим, марди майдоним.
Шундайин замон келди,
Чин дориломон келди.
Ўтдинг талай синовдан,
Кам бўлмадинг бировдан.
Юзинг ёруғ, нурга бой,
Лафзинг ҳалол ҳойнаҳой.
Элнинг асил фарзанди,
Ватаннинг аржуманди.
Оқлагин халқ ишончин,
Кўкка кўтар қувончин.
Бозор фаровон бўлсин,
Дастурхон нонга тўлсин.
Яратгин пахтадан тоғ,
Яшаб турсин экин, боғ!
Омад сенга бўлсин ёр,
Аллоҳ доим мададкор.
Чопгин ғайрат отида,
Учгин куч қанотида.
Марралардан ошиб ўт,
Зафарларга тошиб ўт.
Дунёни сол ҳайратга,
Буркан шону шавкатга.
Синовларда бардам бўл,
Курашларда ўктам бўл.
Таслим бўлма бўронга,
Ёмғир, дўлга, тўфонга.
Инсон деган номинг бор,
Орият бор, шонинг бор.
Қўлингдадир техника,
Илму фан, ака-ука.
Ҳамжиҳатлик суянчинг,
Олим-устоз таянчинг.
Деҳқончилик чин ҳикмат,
Атрофга боқ, ол ибрат.
Лоқайдликка йўл берма,
Буғдой деб сомон терма.
Тонг саҳар тур меҳнатга,
Меҳнат элтар роҳатга.
Ерга бергин эътибор,
Дилда ошсин ифтихор.
Ўғит бер меъёрида,
Хазина бор қаърида.
Ранж кўрмаганга йўқ ганж,
Ганжга етаклайди ранж.
Ўз юкингни ўзинг торт,
Ҳосилни қил экспорт.
Фермермисан топ албат,
Ўз ерингдан даромад.
Хор этмагин ерингни,
Қойил қилгин элингни.
Кўптармоқли фермер бўл,
Фермерлар ичра шер бўл.
Эргашсин сенга деҳқон,
Ер дардига бўл дармон.
Оламни қил маҳлиё,
Дилда берай сенга жо.
Айтар гапим беҳисоб,
Ёзсам, бўлар бир китоб...


Дата добавления: 22/06/2018 15:45;   Просмотров: 1284
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку