Бобур (тўлиқ исми Заҳириддин Муҳаммад ибн Умаршайх Мирзо) 1483 йилнинг 14 февралида Андижонда туғилган. Отаси - Умаршайх Мирзо Фарғона вилоятининг ҳокими, онаси - Қутлуғ Нигор хоним Тошкент ҳокими Юнусхоннинг қизи бўлган.
Бобур сарой муҳитида ўқиди ва тарбия топди.Ёшлигидан илм-фанга, шеъриятга қизиқа бошлади. Довюраклиги ва жасурлиги учун у ёшлигидан “Бобур”(Шер) лақабини олди. Отаси вафотидан кейин 1494 йил июнь ойида, ўн икки ёшда тахтга ўтирди. Бобурнинг мақсади Амир Темур давлатининг пойтахти бўлган Самарқандни эгаллаш ва Темур империясини қайта тиклаш эди. Лекин бир неча бор Самарқандни эгалласа ҳам, муқим ўрнашолмайди. 1497-1498 йилларда у Самарқандни эгаллайди ва юз кун идора қилади. Андижонда унга қарши исён кўтаргани учун Самарқандни ташлаб Андижонга қайтади, лекин уни эгаллай олмагач, Хўжандга, сўнг Тошкент ҳокими Султон Маҳмуд олдига бориб, улар ёрдами билан Андижонни олади. 1500 йилда Самарқандни иккинчи марта эгаллайди. Шу йили Алишер Навоий билан хат ёзиша бошлайди. Лекин иккинчи хатига жавоб келгунча Самарқанд шайбонийлар қўлига ўтиб кетади. Бу даврда мамлакат сиёсий ҳаётида бебошлик,ўзаро урушлар кучайиб бормоқда эди, натижада Бобур Фарғонани ҳам ташлаб чиқишга ва жанубга қараб йўл олишга мажбур бўлади.
Ҳисордаги парчаланиб бораётган беклар, алоҳида-алоҳида яшаётган афғон қабилалари бирин-кетин Бобур томонига ўтдилар. 1504 йилда эса Қобул вилоятининг ҳокими шаҳарни Бобурга топшириб таслим бўлди. Лекин Бобур ўз ватанидан тамоман умидини узмади. Бобур 1512 йилда Самарқандни учинчи марта ишғол қилди. Орадан олти ойлар чамаси вақт ўтгандан сўнг, Шайбонийхоннинг жияни Убайдуллахон катта куч тўплаб, Самарқандга юриш бошлади. Бобур мағлубиятга учраб, шаҳарни бўшатишга мажбур бўлади.
1525 йилда Бобур Шимолий Ҳиндистон ҳукмронлигини ўз қўлига киритишга муваффақ бўлади ва шу пайтдан бошлаб Ҳиндистон унинг иккинчи ватани бўлиб қолади. У ерда Бобур ўз атрофига ўша даврнинг энг яхши шоир ва олимларини йиғиб, қурилиш ишларини олиб боради, ўзининг севимли иши бўлган адабиёт билан шуғулланади.
Бобур ўз асарлари билан ўзбек адабиётини ва тилини ривожига, юксалишига, соддалаштиришга ва жонли сўзлашув тилига яқинлаштиришга муносиб ҳисса қўшди. Ўзбек тили тарихини ўрганишда “Бобурнома” бебаҳо хазинадир. “Бобурнома” ХV - ХVI асрнинг муҳим воқеаларини бадиий акс эттирган прозанинг қимматли намунасидир. “Бобурнома”қомусий характердаги асарлардан бўлиб, унда илм-фан, урф-одат, ижтимоий-сиёсий,табиий этнографик билимлар моҳирлик билан ифодаланган. “Бобурнома” жаҳон адабиётининг нодир, дурдона асарларидан ҳисобланади.
Ўлум уйқусига бориб жаҳондин бўлдум осуда,
Мени истасангиз, эй дўстлар, кўргайсиз уйқуда.
Неким тақдир бўлса ул бўлур, таҳқиқ қилгайсиз,
Эрур жангу жадал, ранжу риёзат барча беҳуда...
Бу ғазалда дунёнинг барча ишларидан толиққан, ҳатто ўлимдан ором топишни ўйлаб қолган кишининг тасвири ўз ифодасини топган.
Х.НУР тайёрлади
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.