Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

СЕН ҲАМ ШУ ЙЎЛДАН БОР

- Газетачилик сингари оғир,  масъулиятли, шарафли ишда унинг ўзи ҳам чиниқди, журналистика соҳасида бой тажриба тўплади, ҳаётдан катта дарс олиб, "Шарқ тонги" редакцияси обрў-эътиборини қозонди. Ҳа, Эркин Ҳожиқурбон меҳнат фаолиятини Самарқанд шаҳридаги "Ҳужум"  пиллакашлик фабрикасида оддий ишчиликдан бошлаган.

 1960-65 йилларда у ёзган хабар ва мақолалар вилоят ва туман газеталарида тез-тез чоп этиларди. Биз Эркинжон акангиз билан Иштихон туман газетасида бирга  ишлаганмиз. Газетамизда бўлим мудири, бир неча йиллардан  бери масъул котиб лавозимида ишлаб, элга танилди",  - деди суҳбатларнинг бирида Насриддин Зайниев.

Эркин Ҳожиқурбоновга кексалик гаштини суриш насиб этмади. У нафақага чиқиш, арафасида вафот этди. Уни таниш-билишлари, маҳалладошлари, яқинлари катта иззат-икром билан дафн этишди:" Э.Ҳожиқурбонов материалларни эринмай таҳрир қилар, ясама ёки сохта сўзлар,  баландпарвоз жумлалар учраб қолса, ноўрин иборани олиб ташларди", - дейди  фахрий  журналист Эргаш Султонов.

Камтарин инсон, ҳормас-толмас журналист Эркин Ҳожиқурбонов бир гал шундай деганлари ёдимда:  "Масъул котибнинг ғўри-таҳририятнинг шўри. Шунинг учун доим изланишдаман. У барча соҳадан хабардор бўлиши керак..."

"Шарқ тонги" да ишлаган йилларимни эслар эканман, ажойиб журналист, устозим Эркин Ҳожиқурбоновнинг номини мамнуният билан тилга оламан. Эркин аканинг бағри кенглиги, самимийлиги, теран фикри билан ҳамкасбларидан ажралиб турарди. Газетанинг мақолаларига бир-бирига ўхшамайдиган сарлавҳалар топиб жойига қўярди. Бундай ўйласам, журналистларнинг кўпи мағрур, уларнинг айримлари  шапалоқдай мақола ҳам ёзиша олмайди. Раҳматли Эркин ака  билан жуда кўп ташкилот, идора ва хўжаликларда бўлганман. У кишининг одоб-ахлоқи, одамлар билан муомаласи, камтарлиги мени ҳавасимни келтирган... Бебақо чархнинг ўйинини кўрингки, журналистикадан анча узоқ бир киши, матбуот соҳасида ишлаб, таҳририятга келган одамларга ва ҳамкасбларига қилган қўпол муомаласи мени ҳайратга солди. Раҳматли Бобоқул Имомов, Шариф  Хўжаев сингари камтарин ижодкорлар сафига ҳеч иккиланмай Эркин Ҳожиқурбоновни қўшгим келади.

Ўша  даврда ойида икки марта - "аванс" ва ойлик маош олардик. Раҳматли Эркин аканинг турмуш ўртоғлари бу кунларни адаштирмай таҳририятда бўлардилар. Эркин ака ведемостга қўл қўярдилар.  Янга эса, пулни санаб сумкаларига солиб кетардилар...

- Эркин ака, - дедим, - янгамга айтаман...

- Нимани, - у киши умр йўлдошлари ташлаб кетган уч сўмликни  чўнтакларига солаётганида...

- Гонорарни-қалам ҳақини.

- Ундай қилма, тушликдаги тўртта сомсадан ҳам мосуво бўламан...

Қуйидаги воқеаларга 40-50 йил бўлган бўлса-да, шогирднинг ўз устози ҳақида ёзиши, анча қийин бўларкан. Ахир марҳум устозим ҳамкасбим ҳақида қанча ёзсам оздек туюлади. Ҳа, Эркин ака ҳамма гапни ичига ютадиган, яъни ўта хоксор, босиқ одам эдилар... Ёшларга сен ҳам шу йўлдан бор дегим келади.

Холиқ ҲАКИМОВ.


Дата добавления: 08/04/2022 15:01;   Просмотров: 1353
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку