Истеъдодли іалам соµиби, тажрибали журналист ва шоир Хайрулло Ґамро умрининг сґнгги йилларида таµририятимизда µам фаолият олиб борган эди. Бешафіат ґлим устозни 63 ёшида орамиздан олиб кетди. У кишининг руµлари шод, охиратлари обод бґлсин, илоµим!
ТАҐРИРИЯТ
Қадим ўтган замонда,
Турон деган томонда.
Бўлган экан бир қишлоқ,
Фуқаролари иноқ.
Яшашаркан осуда,
Художўй экан жуда.
Бир куни шу овулдан,
Қўрқмай заҳмат, довулдан.
Уч-тўрт нафар қари-ёш,
Савоб ишга қўшиб бош.
Ҳажга бормоқни ният,
Қилибдилар ҳамжиҳат.
Ушбу қишлоқда, алҳол,
Йигит бор экан, дажжол.
Янги уйланган экан,
Ҳатто уч ой ўтмаган.
Қўшинглар, дебди сафга.
Ҳожат йўқ бошқа гапга
Чин дилдан ихлос қилдим,
Буни фарз дея билдим.
Келин топади юпанч,
Бўлар онамга суянч.
Шундай қилиб бешовлон,
Йўлга тушибди шу он.
Биров туя, биров от,
Минибди, олиб жонзот.
Узоқ, олис йўл юриб,
Йўл юрса ҳам мўл юриб.
Маккага етишибди,
Мақсадга етишибди.
Ҳижрат этишиб дилдан,
Тоат қилиб кўнгилдан.
Сиғинишиб Оллоҳга,
Ёлғиз олампаноҳга.
Айлашибди шукрона,
Тўлди дея паймона.
Сўнгра бўлибди қайтмоқ,
Йигит сўз дебди шу чоқ.
Бунда кўп китоб кўрдим,
Тариқатга юз бурдим.
Мен шу ерда қоламан,
Чуқур билим оламан.
Ўрганиб ислом илмин,
Сўнг қайтаман, аҳдим чин.
Уйга айтинглар салом,
Кутсин мени, вассалом.
Тўрт ҳамқишлоқ қайтибди,
Саломини айтибди.
Қайнона-келин бирга,
Тан беришиб тақдирга.
Йигит бошин танғибди,
Ва илмга шўнғибди.
Кўрибди кўплаб устоз,
Баридан олиб оз-оз.
Ўн саккиз йил ўқибди,
Маънисини уқибди.
Рўзғор келиб ўйига,
Қайтмоқ бўпти уйига.
Отга қамчи босибди,
Ва узоқ йўл босибди.
Бошланганда катта чўл,
Дуч келибди қари чол.
Йигит берибди салом,
Бобо олибди калом.
Сўнг ўша нуроний чол,
Бера бошлабди савол.
- Қайдан, қайга кетарсиз,
Нени ният этарсиз?
Йигит айлабди жавоб,
Экан у ҳозиржавоб.
- Маккадан келаяпман,
Бобо, менга беринг тан.
Анча умримдан кечдим,
Динни сув қилиб ичдим.
- Ҳай, ҳай, дебди нуроний,
Шошманг ўғлим бир оний.
Кўп нарса ўрганибсиз,
Гўё, дунё танибсиз.
Шошқалоқсиз бунчаям,
Ҳали сўрамасдан ҳам,
Мақтанишга ўтдингиз,
Кибрланиб кетдингиз.
Ўтказиб кўп даврни,
Ўрганмабсиз сабрни.
Сабрли бўлинг, болам,
Кулар шунда омад ҳам...
Дебди-ю чол, ғаройиб,
Бўлибди бирдан ғойиб.
Хўб маънили гап деган,
Бу Хизр бобо экан.
Шу юргандан йўл юриб,
Заҳмат чекиб, мўл юриб.
Келибди қишлоғига,
Нақ ярим тун чоғида.
Ҳовлига кирса шу чоқ,
Уйда ёниқмиш чироқ.
Мўралабди ойнадан,
Ва шу онда дафъатан.
Сочи тикка бўлибди,
Ҳам ғазабга тўлибди.
Хотинининг қўйнида,
Ачом этиб бўйнидан.
Бир йигит ётган эмиш,
Ғафлатда қотган эмиш.
Кўкда ой, тун чароғон,
Болта топибди шу он.
Чопаман иккисин ҳам,
Хиёнатга шу малҳам.
Эшикка чўзганда қўл,
Нимадир бермабди йўл.
Чўлда танбеҳ берган чол,
Эсга тушибди, алҳол.
"Сабрли бўлинг болам,
Кулар шунда омад ҳам".
Майли, алам ютаман,
Тонг олгунча кутаман.
Чол ҳақ гап айтди, бироқ,
Аввал қилай-чи сўроқ.
Айбига бўлгач иқрор,
Ижро этилар қарор.
Дебди жиловлаб жаҳлин,
Чақириб қишлоқ аҳлин,
Муҳокама қилайлик,
Не гаплигин билайлик.
Ўлдириш эса қочмас,
Болтани сермасанг бас.
Дебди у хаёл суриб,
Айвонида ўтириб.
Тонг отишин кутибди,
Рашкини унутибди.
Тонг отибди бир замон,
Йигит шунда ногоҳон.
Чертибди уй эшигин,
Очгач, бироз олиб тин.
Ичкарига кирибди,
Мағрур томоқ қирибди.
- Ким бу, дебди, хотинжон,
"Сўнгсўз" га бериб имкон.
Нимага у қўйнингда,
Ҳатто қўли бўйнингда.
Нечун бундай хиёнат,
Исломда бу - жиноят!
Жазосиз қолмас ҳеч он,
Гуноҳни юв, тўкиб қон!
- Хуш келибсиз, дадаси,
Кеч келибсиз, дадаси.
Шошманг, минмай ғазабга,
Жилов тортинг асабга.
Ҳозир барин айтаман,
У мен учун жон ва тан.
Ён саккиз йил илгари,
Сиз кетдингиз Ҳаж сари.
Орадан бир йил ўтди.
Онангиз рихлат этди.
Туғилди шу болажон,
Бағрим бўлди нурафшон.
Исмини қўйди Ёдгор,
Онангиз қилиб қарор.
Кўзи йўлга сузилди,
Умиди ҳам узилди.
Очиқ кетди кўзи ҳам,
Сен кут, дедилар онам.
Иккимиз қолдик ёлғиз,
Сиз хабар қилмадингиз.
Ўғлим анча эш бўлди,
Синиққан қалбим тўлди.
Ёшлигидан қўйнимда,
Қучиб ётар бўйнимдан.
Ётди заҳматли дамлар,
Ёрдам қилди одамлар.
Худо берди Ёдгорни,
Тебратмоқда рўзғорни...
Бу гапларни тинглаб эр,
Оҳ, Худога шукур дер.
Хизр бобога раҳмат,
Агар қилмай қаноат.
Чопар эдим, мен жинни,
Ҳам ўғил, ҳам хотинни.
Ботар эдим гуноҳга,
Сабр берди гумроҳга.
Олинган барча сабоқ,
Савил кетарди шу чоқ.
Деб ўғлига юз бурди,
Болтани улоқтирди.
Бағрига босди уни,
Шу - ривоят якуни.
Хайрулло ҲАМРО
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.