Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ОВУЛДОШЛАРИМ

Қирғизистон шеърияти Қирғиз тилидан шеърларни
Турсунбой Адашбоев таржима қилган

Шошма, қалам шошмагин,
Мен янги шеър бошладим.
Омонми она қишлоқ,
Тинчми овулдошларим?!
Қанча юртни мақтадим,
Қанча таом тотмадим,
Рости гап қишлоғимдан
Гўзал жойни топмадим.
Қишлоқда тонг отганин,
Онам тўқоч ёпганин,
Шуларни шеърга солмай,
Бекор экан чопганим.
Яратганга арзим бор,
Шоир деган тарзим бор.
Ўйлаб кўрсам, азизлар,
Қишлоқдан кўп қарзим бор.

Акбар Рисқулов

ҚАРҚИРАЛАР

Қарқиралар ошиқар,
Қолгандек кўк торайиб.
Қаён кетиб боришар,
Асқар тоғда қорайиб.
Ипак қанот капалак,
Кетди гулга қўшилиб.
Ой гардиши қалқийди,
Мовий кўлда эшилиб.
Тинди сабо қўшиғи,
Ҳафсаламни пир қилиб.
Ёмғир ёғар, чақмоқдан
Булут чоки сўкилиб…

Суюнбой Эралиев

БЎЗ УЙ

Бир ўтов — бўз уй турар кенг жилғада,
Тепасига қистирилган ўқириқ*.
Пастда эса парво қилмай сув оқар,
Ошиб-тошиб, қирғоқларни ўпириб.
Бош силкитиб, йилқи чивин қўрийди,
Маст қилади майна-қушнинг хуш сози.
Шу пайт бирдан бузди тоғнинг оромин
Чақалоқнинг “инга” деган овози.
Тоғда товуш акс-садо қайтариб,
Бамисоли қояларга жон берди.
Қирғиз сони миллиондан ошди, деб
Хабар берди, чор атрофга бонг урди.
Одам бўлар вақти келиб бу гўдак,
Шу торгина бўз ўтовда туғилган.
Балки номи ер шарига тарқалар,
Шу чодирда тоғу тошда йўғрилган.
Болаликда чибиқ миниб, ялангбош,
Шу торгина бўз ўтовни айланар.
Аммо кейин, эр етганда космосга —
Ракетада учмоққа ҳам шайланар.
Зотан, бизда она ерни одамлар
Унутмайди, шундоқ ташлаб қўймайди.
Ўша ўғлон вақти келса бўз уймас,
Бутун жаҳон тақдирини ўйлайди.

* Ўқириқ — учига қил арқон боғланган таёқ.

Совранбой Жусуев


Дата добавления: 07/07/2017 16:20;   Просмотров: 1440
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку