Ҳикоя Алишер Навоий ижодиётида салмоқли ўрин тутган жанрлардан биридир. Навоий махсус ҳикоялар тўплами тузганлиги маълум.
Буюк қалам соҳибининг меросини ҳикояларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Унинг достонларида, хусусан "Ҳайратул-аброр", "Сабъаи Сайёр" ва "Садди Искандарий" ва "Лисон-ул-тайр" достонларида, "Маҳбубул қулуб" фалсафий-таълимий асарида ва бошқа асарларида икки юздан зиёд ҳикоялар келтирилади. Бу ҳикоялар Навоий ижодиётида ғоявий-бадиий жиҳатидан салмоқли ўрин тутади.
А.Навоий ҳикоялари мавзуи, ғоявий мазмуни, образлари ва бадиий услуби жиҳатидан хилма-хилдир. Уларнинг кўпчилиги одоб-ахлоқ, илм-маърифат, инсоф-адолат, севги ва садоқат, меҳнат ва меҳмондўстлик каби масалаларга бағишланган дунёвий ҳикоялардир. А.Навоий ҳикояларини иккита - анъанавий ҳикоя ва янги ҳикоя (нақл ва латифа)ларга бўлиш мумкин.
Бунда нақл ва латифалар "Мажолисун-нафоис", "Ҳолоти Саид Ҳасан Ардашер" каби адабий биографик асарлардан ўрин олган. Анъанавий ҳикоялар ёзма манбалари ва оғзаки тарзда Навоийга қадар етиб келган ҳикоялардир. Анъанавий ҳикоялар бобокалонимиз ижодидан ёзма манбалар таъсирида ўрин олганми ёки бунда оғзаки ижоди таъсири борми барчасидан қатъий назар, фольклор билан, халқ ҳикоячилиги билан боғлиқдир. Ҳикоя Яқин ва Ўрта Шарқ халқлари адабиётида кенг тарқалган жанрлардан биридир. Ҳикоя ёзма адабиёт билан оғзаки ижодиётни бир-бирига боғловчи муҳим омил. Яқин ва Ўрта Шарқда "Минг бир кеча" (араб эртаклари), "Калила ва Димна" (ҳинд эртаклари), "Мавомсул ҳикоёт ва дамомсул ривоёт" (ҳикоялар ва ривоятлар китоби - бухоролик Маҳмуд Аворий асари) каби асарлар жуда кенг шуҳрат топган. Баҳром, Хисрав, Парвез, Анушервон каби Ажам шоҳлари, Афлотун Арасту каби юнон ҳакимлари, Искандар, Ҳотамтой ва Мажнун каби ўнлаб анъанавий образлар Маҳмуд Аворий ҳикояларининг бош қаҳрамонларидир. Жаовмул - ҳикоятидаги айрим ҳикоялар Навоий асарларида ҳам бор. Баҳроми Гўр, Искандар ва Ҳотамтой ҳақидаги баъзи ҳикоялар шулар жумласидандир. Алишер Навоий асарларидаги кўпчилик ҳикоялар, булар қайси манба асосида ишланган бўлишига қарамай, ғоявий-бадиий хусусиятлари билан халқ ҳикояларига уйғунлашиб кетади. Бу Навоий ҳикояларидаги қаҳрамонлар образи, уларнинг маънавий қиёфаси, ҳикояларнинг ўткир конфликти, юмшоқ юмори, мўъжазлиги, содда баёни каби хусусиятларда яққол кўринади. Энди шу мулоҳазалар асосида бир ҳикояни эслайлик: Ҳотамтой илоҳий сахий образи, унинг номи билан боғлиқ кўпдан- кўп ҳикоялар бор. Алишер Навоий ҳам Ҳотам образига бот-бот мурожаат қилади. "Ҳайратул аброр" нинг бешинчи мақолатида Навоий сахийлик билан бахилликнинг бир-бирига қарама-қарши қўяди. Уларнинг ҳар бирининг моҳиятини очиб беради. Саховат инсоннинг энг яхши сифати ва фазилатидир. Бироқ, саховатнинг ҳам ўз шартлари бор: сахий киши эхтиёжмандларга кўмаклашиши, саховат беғараз, беминнат бўлиши керак. Сахийман деб тўкиш-сочиш ҳам яхши эмасдир:
Надни доғи гулдек совурмагил,
Ғунча каби доғи гириҳ урмагил.
Кишиларнинг саховатига кўз тикишдан кўра, ўз қўли кучи билан кун қўриш улуғроқдир ва олижаноб ишдир. Навоий бу фикрни ифодалаш учун Ҳотамтой ҳикоясини келтиради. Ҳотамдан сен ўзингдан бошқа бирор ҳимматли кишини кўрганми-сан?-деб сўраганларида, у бундай ҳикоя қилди: кунларнинг бирида катта зиёфат олдидан далага чиқиб айланиб юрганимда чўп-хас йиғиб бозорга бораётган, қомати букчайган бир муйсафидни кўрдим, унга Ҳотамтойнинг уйига бориб, ноз-неъматидан баҳраманд бўлсангиз бўлмайдими, бу машаққатли меҳнатни сизга ким қўйибди, -десам, муйсафид бунда жавоб қилди: Эй, доно киши сен Ҳотамтойнинг миннатли ноз- неъматидан кўра, пешона теринг эвазига топган бир парча нонинг азизлигини билмайсанми?
Навоий қаноатни таъмирчиликка, ҳалолликни эгриликка қарама-қарши қўйиб бир неча ҳикоя яратган. "Ҳайратул аброр"нинг еттинчи мақолатини таъриф-тавсиф қилган шоир "Қониъ ва Тониъ" ҳақида ҳикоя келтиради. Ҳикояда келтирилишича, икки киши ҳамроҳ бўлиб форсдан Чинга йўл олади. Булардан бири Қониъ (қаноатли), иккинчи Тониъ (тамагир) эди. Ҳикояда бир-бирига қарама-қарши икки характер яратилган. Навоий Никояларининг халқ оғзики ижоди билан боғлиқлиги ҳақида сўз борар экан, Луқмон образи, Луқмон ҳикоялари ҳақида фикр юритмай бўлмайди. Луқмон кўпдан-кўп ҳикояларнинг қаҳрамони, у асрдан-асрга, оғиздан-оғизга, китобдан-китобга ўтиб келмоқда. Луқмон деганда, энг мураккаб мушкулотларни ҳам ўткир ақли ва таъбири билан ҳал этувчи донишманд, сўзамол ва ҳозиржавоб қаҳрамон кўз ўнгимизда гавдаланади. Навоий "Тарихий анбиё ва ҳукамо" асарида Луқмон ҳақида иккита мўъжаз ҳикоя келтирадики, бу ҳикоялар ҳам кўп муаллифларнинг хилма-хил китобларидан ўрин олган. Алишер Навоий бошқа асарларида ҳам Луқмон ҳикояларини баён этади ва унинг номини келтиради. Демак, Навоий ҳикояларининг кўпи ё бевосита, ёки бавосита халқ ижодиёти билан боғланади. Навоий халқ ҳикояларининг сюжети ва композицияси, образлари ва бадиий услубидан ижодий фойдаланади ва халқ ижодиётига, халқ ҳикоячилигига хос бўлган бир қатор хусусиятларини сақлаб қолади. А.Навоий тарихнинг беш ярим асрлик ғоятда мураккаб ва ғоятда тўлқинли синовидан ўтиб, авлодлар ва асрларга ҳамроҳ бўлиб, уларга маънавий мадад бериб, яхшиликка, инсоннинг бахт-саодати учун курашга даъват этади. Гуманизм, халқпарварлик, дўстлик, биродарлик ва тинчлик учун кураш ғоясини ҳормай-толмай куйлаган, ажойиб обидалар ва ўлмас образлар яратган Навоий ўз авлодлари билан ҳамиша биргадир.
Мирхасан Кичибоев,
Гулобод ижтимоий-иқтисодий коллежи директори
Ориф ХОЛИҚУЛОВ,
журналист
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.