Алишер Навоийнинг ўлмас асарлари бағоят теран мазмунга эгалиги ва чексиз жозибаси билан Ҳазратнинг ўз замонларида қанчалик аҳамиятли саналган бўлса, орадан олти асрга яқин вақт ўтиб ҳам ўз аҳамиятини, беқиёс мавқеини заррача йўқотгани йўқ.
Билъакс йиллар ўтгани сайин бу бадиий дурдонанинг қадр-қиммати ошиб бораётир. Зеро Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов тўғри таъкидлаганидек, “Навоий шундай улкан чўққики, ундан узоқлашган сари маҳобати кўпроқ намоён бўлади. Биз бу чўққига зинҳор ортимизда қолган даражада деб эмас, доимо олдинда турган, биз доимо интилиб яшайдиган юксаклик деб қараймиз.”
Ҳа, чиндан бугунги кунда Алишер Навоий сиймосига, асарларига эътибор ва эҳтиром аъло даражада: қанчадан-қанча номзодлик ва докторлик диссертациялари ушбу улуғ зотнинг у ёки бу асарлари мавзуларида ҳимоя қилинмоқда, ҳаёт ва фаолиятларига доир неча-неча тадқиқотлар олиб борилмоқда, монографиялар яратилмоқда ва ҳоказо. Лекин бу шарафли ишларнинг аксарияти илм ходимлари, филолог мутахассислар ўртасида қолиб кетаётгандай. Тўғри, Ҳазрат Навоий билан бизнинг орамизда олти юз йилга яқин “масофа” бор ва бугунга қадар тилимизда кечган ўзгаришлар “сўз мулки соҳибқирони” битикларини тушунишимизга бирмунча қийинчиликлар туғдиради. 1972 йилда буюк адабиётшунос Порсо Шамсиев томонидан яратилган “Навоий асарлари луғати” ва 1983-1985 йилларда Э.И.Фозилов таҳрири остида нашр этилган 4 томлик “Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати” қўлланмалари бу борадаги машаққатларни анча енгиллаштиради. Бироқ, афсуски, кенг китобхон оммаси луғат варақлаб Навоий асарларидан баҳраманд бўляпти, деёлмаймиз. Бу луғатлар ҳам юқорида айтиб ўтганимиздек, мутахассис ва тадқиқотчиларимизга хизмат қилмоқда, холос. Лекин моҳиятан олиб қарайдиган бўлсак, Алишер Навоийнинг маънавий мерослари биргина тилшунос, адабиёшунос ёки журналистларнинггина мулки эмас, балки, бутун бир халқнинг, айтиш мумкинки, бутун инсониятнинг бебаҳо бойлигидир. Бу бойликдан бебаҳра-ю бехабар ўтиб кетиш эса, шоирнинг ўз тили билан айтганда, “эрур ҳаммомдин нопок чиқмоқ” . Тўғри-да, биз инсон камолоти ҳақида қайғурар эканмиз, “Навоий боғи назми шаккаристонида бу гулқанд” мавжуд эканлигидан воқиф бўлишимиз, ундан баҳраманд бўлиб яшашимиз керак эмасми?
Хўш, Алишер Навоий асарларини қандай қилиб оммалаштириш, халққа бугунгидан-да кўпроқ яқинлаштириш мумкин? Фикри ожизимизча, бу шарафли ишда бугун технология ва ахборот асри эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, интернет ва оммавий ахборот воситалари, хусусан, телевидениенинг фойдаси кўпроқ тегиши мумкин. Буюк ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳорнинг адабиёт хусусида ажиб фикрлари бор: “Адабиёт атомдан кучли, фақат унинг кучини ўтин ёришга сарфламаслик керак!” Қандай топиб айтилган гап!
Айни мана шу фикрни бугун телевидениега нисбатан ҳам бемалол айтишимиз мумкин. Чунки кузатадиган бўлсак, сўнгги пайтларда телевидение ўзининг “атомдан кучли” таъсирини “ўтин ёриш”га, яъни киши маънавиятига озиқ бўлолмайдиган ва ҳатто унинг емирилишига, сусайишига омил бўлаётган арзимас майда-чуйдаларга сарфламоқда. Ўрни келганда айтиб ўтишни истардик, бугунги кунда кишилар вақтини “ўлдириш”гагина хизмат қилаётган, асабларни “арралаш”дан бошқасига ярамайдиган бемантиқ, ўта сифатсиз ҳинд ва корейс сериаллари телеканалларимизнинг мезбонига айланиб қолди, қизиқ, бу сафсаталардан кимга қандай наф?!
Хайриятки, оз бўлсада олтин овоз соҳиби Афзал Рафиқовнинг оркестр мусиқаси жўрлигида “Ҳамса” достонларидан парчалар ўқиши; ғазаллар, рубоийлар ўқилиши халқимиз диққатини мумтоз адабиётнинг сеҳрли гулшанига қаратишга муносиб ҳисса қўшаётгани рост.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ҳазрат Алишер Навоийни халқимизга қайтариш тадбири, ҳеч шубҳасиз, халқни Навоийга “қайтариш” йўли билан амалга оширилиши мумкин. Бундан ўтмишга қайтиш керак, деган маъно англашилмасин. Зотан, биз фақат олға босмоғимиз, ота-боболаримиздан мерос қолган маънолар хазинасини онг-у шууримизга жойлаштиришимиз шарт.
Қуёш янглиғ зиё сочар – нур Навоий,
Икки дунё баҳоси йўқ – дур Навоий.
Етти иқлим ёд олган абёт Навоий,
Қайтиб жаҳон кўрмас шундай зот Навоий.
Алишер САБРИЙ, Самарқанд давлат университети ўзбек филологияси факултети, 2-босқич талабаси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.