Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

НАФОСАТ КУЙЧИСИ

Тарихий давр ва тарихий шароит Чўлпондан муҳаббат ва табиат лирикасидан кўра шу даврдаги ўзбек халқининг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий аҳволини яхшилашга қаратилган асарлар ёзишни тақозо этди. Ватан ва миллат манфаати билан яшаган шоир даврнинг шу талаби билан большевиклар олиб борган сиёсатнинг мустамлакачилик моҳиятини фош этишга, халқни зулм ва зўравонликка қарши ҳуррият учун курашга даъват этишга қаратилган шеърлар ёзди.

(“Бузилган ўлкага”, “Халқ”, “Виждон эрки”, “Кишан” ва б.) Чўлпон бу шеърлари билан адабиётнинг кураш қуролига айланиши мумкинлигини исботлаб берди. Шоирнинг юрак қони билан ёзилган бу шеърлари ватандошларида ўзбек диёрига оташин муҳаббат, мустамлакачиларга нафрат, эрк ва ҳуррият ғояларига садоқат туйғуларини тарбиялади. Агар Чўлпоннинг “кўнгил лирикаси” анъаналари кейинчалик Ойбек, Ҳ.Олимжон, Миртемир, Зулфия, Э.Воҳидов, А.Орипов, Р.Парфи ва бошқалар ижодида муваффақият билан ривожлантирилган бўлса, унинг ижтимоий мазмун билан йўғрилган шеърияти анъаналари кейинчалик давом эттирилмай қолди.
Чўлпон истеъдодига хос лирик назокат ва нафосат шоир насрий асарларининг ҳам ўзига хослигини белгилаб келади. Чўлпон қайси мавзуга мурожаат этмасин, бадиий воқеликдан поэтик тил ва образлар орқали мужассамлаштиришга эришди. Шу маънода унинг 20-йилларда ёзган “Ойдин кечаларда”, “Қор қўйнида лола”, “Новвой қиз” сингари ҳикоялари ўзбек адабиётидаги лирик насрнинг дастлабки мумтоз намуналаридир. Чўлпон бу ҳикояларида ўзбек хотин-қизларининг аянчли тақдирини турли бадиий режада тадқиқ этар экан, ҳар бир жамиятнинг хотин-қизларга бўлган муносабати билан белгиланади, деган ғояни бу асарлар оша “қизил ип” янглиғ ўтказган. Умуман, ўзбек хотин-қизларининг мустамлакачилик шароитидаги тақдири тасвири Чўлпон шеърий ижодининг ҳам, кичик эпик асарларининг ҳам, “Кеча ва кундуз” (1936) романининг ҳам асосий ғоявий йўналишини белгилаб берган.
Чўлпон ижодининг муҳим қисмини публицистика ташкил этади. У “Йўл эсдалиги”, “Вайроналар орасида” каби қатор очерк ва публицистик мақолаларида 20-йиллардаги мустамлака ўлка ҳаётининг мудҳиш манзараларини тасвирлаган Чўлпон бу асарларида реалистик тасвир санъатини мукаммал эгаллаган ёзувчи сифатида гавдаланади. Чўлпон ёзувчилик маҳоратининг шундай қирралари “Кеча ва кундуз” романида, айниқса, ёрқинроқ акс этган. Чўлпон Абдулла Қодирий билан бирга ўзбек адабиётида реалистик роман ва ҳикоя жанрларининг тараққиёт тамойилларини белгилаб берди.
Чўлпоннинг драматургия соҳасидаги дастлабки изланишлари 1919 йилга оид. У шу йили “Темирчи”, “Гуноҳ”, “Чўрининг исёни” сингари кичик саҳна асарларини ёзди. 20-йилларнинг бошларида эса Чўлпоннинг “Ёрқиной”, “Халил фаранг”, “Ўлдирувчи” (1921), “Севги ва салтанат”, “Чўлпон севгиси” (1922) пьесалари майдонга келди (бу асарларнинг аксари бизгача етиб келмаган). Чўлпон “Турон” театрига директорлик қилган йилларида саҳна санъати ва драматургия “сир”ларини, шунингдек, рус тилини пухта эгаллагани туфайли 1924 йили Москвада ташкил этилган ўзбек драма студиясига адабий эмакдош этиб юборилди. У ҳали рус тилини билмаган ватандошларига москвалик машҳур артист ва режиссёрларнинг маърузаларини таржима қилиб беришдан ташқари, ўзи ҳам студиячилар учун саҳна асарлари (“Ёрқиной”, “Яна уйланаман”, “Қоровул уйқуси”(Л.Свердлин билан ҳамкорликда), “Узун қулоқ бобо”)ни ёзиб, рус ва европа драматургларининг пьесалари (К.Гоцци, “Маликаи Турондот”, Н.В.Гоголь, “Терговчи”, В.Н.Билль-Белоцерковский, “Лаббай”, Мюльер, “Хасис”)ни таржима қилиб берди. Чўлпон 1927 йилда Москва ва Боку драма студиялари қатнашчилари базасида Ўзбек давлат намуна труппаси (1929 йилдан Ўзбек давлат театри) ташкил этилгач, мазкур труппа (театр)нинг адабий эмакдоши сифатида фаолият олиб борди. Шу даврда унинг кишилар ва жамият ҳаётидаги нуқсонларни ҳажв этувчи “Муштумзўр”, “Ҳужум” (В.Ян билан ҳамкорликда , 1928), “Ўртоқ Қаршибоев” (1929) касби пьесалари саҳна юзини кўрди. Чўлпон айни пайтда театр таржимони сифатида ҳам самарали ижод қилиб, К.Гольдонининг “Икки бойга бир қарол”, Лопе де Веганинг “Кўзи булоқ”, У.Шекспирнинг “Ҳамлет”, Ф.Шиллернинг “Босмачилар”, Биль-Белоцерковскийнинг “Пўртана” С.Левитинанинг “Ҳукм”, А.Файконинг “Портфелли киши”, В.Третьяковнинг “Наърангни торт, Хитой!”, В.Ивановнинг “14-69 рақамли зирҳли поезд” пьесаларини ўзбек тилига ўгирди. Чўлпон адабий эмакдош, драматург ва таржимон сифатида М.Уйғур билан бирга профессионал ўзбек театрига тамал тошини қўйди.

Тайёрлади
Н.МУҲАММАД


Дата добавления: 28/07/2017 15:43;   Просмотров: 1528
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку