Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МЎЙҚАЛАМ СЕҲРИ

Тициан Вечиллио (1477-1576) Уйғониш даврида яшаб ижод қилган энг машҳур итальян рассомларининг биридир. Унинг номи тасвирий санъат бобидаги маҳорат тимсолига айланган. Шунинг учун бирор рассом ҳақида гапира туриб: “У Тициан мўйқалами билан чизади” десалар, беихтиёр кўз ўнгимизга ранглар уйғунлигини беназир, юксак эстетик дид ва шавқни табиий асосда ярата биладиган мусаввир келади.

Тициан ўз умрининг кўп қисмини Венеция ва Аусбург (император Карл Бешинчининг доргоҳи) шаҳарларида кечирди. У атоқли итальян рассоми Жоржоненинг шогирди ва давомчиси эди. Италиянинг гўзал аёллари образи Жоржоне ижодида ҳам, Тициан ижодида ҳам катта ва нуфузли ўрин эгаллайди.
Гўзалликдан файзиёблик, гўзал аёл – идеал қаршисида бош эгиш ҳали кўпчилик одамлар онгида диний дунёқараш ҳукмронлик қилаётган даврда аксар вақт Мадонна ёки Исо пайғамбарнинг онаси афсонавий Мария сиймосида намоён бўлар эди. Эмизикли боласи – Исони кўтариб турган Марияни гоҳ алоҳида, гоҳ Авлиё Ианнанинг онаси – Анна даврасида, гоҳ фаришталар қаватида меърожга кўтарилаётган аснода тасвирлаганлар.
Тициан бир қатор полотноларда Венеция аёлларининг барқ урган ҳусн-малоҳатини абадийлаштирди. Унинг Ленинграддаги Давлат Эрмитажида сақланаётган “Даная” ва “Тавба-тазарру қилаётган Магдалина” асарлари бунинг ёрқин мисолидир. Диққатингизга ҳавола этилаётган “Мева келтираётган қиз” асарида улуғ рассом суюкли қизи Лавинияни тасвирлайди. Дурру гавҳар, тақинчоқлар тақиб, қимматбаҳо кўйлак кийган Лавиния Венеция республикаси биринчи расмий мусаввирининг қизи, венециялик бой патриций аёл образини ўзида мужассамлаштиради. Энг муҳими, рассом қизини бекорчилик ҳолатида эмас, балки мева келтираётганида, кимгадир ғамғўрлик қилаётган меҳрибон қиз сифатида кўрсатади. Тициан ниҳоятда меҳнаткаш, ўз умрини эзгулик йўлига бахш этган киши бўлиб, заҳматкашликни, ҳожатбарорликни инсоннинг чинакам фазилати деб ҳисоблар эди. Лавиния тоғ манзараси фонида тасвирланган. Бу асарда акс эттирилган кунботар пайтидаги осмон рассомнинг бошқа асарларида ҳам учрайди.
“Мева келтираётган қиз” бизни ёш венециялик гўзал образи билангина эмас, ўзининг улуғвор тасвирий санъати, бўёқларининг тантанали, шодиёна руҳи билан ҳам ром этади. Бу асарнинг ранглариёқ ёшлик латофати бетакрор экани ҳақидаги ғояни кўнглимизга қўяди, қалбимиздаги ҳаётсеварлик, гўзалликдан завқланиш туйғусини қувватлантиради.

Р.ТАҚТАШ, санъатшунослик фанлари доктори


Последнее редактирование: 13/09/2017 15:44;   Просмотров: 1416
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку