Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МУТОЛАА МАЪНАВИЙ ЭҲТИЁЖ ЭМАСМИ?

Китобдадир маърифат-ҳикмат,

Унда киши топар роҳат-фароғат,

Китоб ўқиганлар топади иззат,

Уни катта-кичик қилади ҳурмат.

Сиз ҳам китоб ўқинг, дўстларим,

Маърифатли бўлинг, дўстларим!

Аслиддин ҚАМАРЗОДА

Адашмасам, қуйида келтирмоқчи бўлган мисол ярим аср илгари жуда оммалашганди. Мактаб майдонида кун оғганча копток тепарканмиз, кутубхонамиз бўлган бинодан бирин-кетин чиққан ота-оналарга кўзимиз тушарди. Шунда улардан менга азизи, ичидан дафтарлар чиқиб турган сумкасини кўтарган ойим номимни айтиб чақириб қолар, кейин биргалашиб уйга қайтардик.

– Ҳар сафар битта мавзу, жонга тегди бу лекцияси, – дерди ойим бизни эшик олдида кутиб олган бувимга нолиб, – куни билан чарчаганинг етмагандек, яна бу даҳмаза.

– Борма. – дерди бувим ачиниб.

– Райкомдан текшириб қолиши мумкин. Бормасам бўлмайди.

Ҳа, ўша вақтлар “ягона сиёсий кун” деган тадбир ўтказиларди. Ҳафтада бир бор бўладиган бу ўқишга ойим бир кун олдин астойдил тайёргарлик кўрар, чунки ўқитувчи бўлгани учун, атай савол бериб қолишларидан ҳайиқарди. Лекин ўзи маъруза ўқийдиган бўлса, бир неча кун тайёргарлик кўрар, қишлоқ фаоллари олдида чиқиш қилганидан сўнг ҳам икки-уч кун китоб мутолаасига бериларди.

Бувим китобга бунчалик ёпишиб қолдинг, деб малолланса, бу ҳолни китобга боғланиб қолиш билан изоҳларди ойим. Энди ўйласам, агар мажбур бўлмаганда у бунчалик китоб ўқимас ва бутун шўро миқёсида ўтказиладиган бу тадбирга қатнамас ҳам экан.

Айни вақтда ўша дамларни ўйлаб, агар одам ўзини мажбур қилса ёки мажбур бўлса, маълум бир натижаларга эришиши мумкинлигини хаёлимдан ўтказдим. Мажбур бўлмасачи? Акси бўлади, яъни аксарият одамларнинг маълум вақти бошқа, масалан, кераксиз юмушларга сарфланади. Шундай бўлмаслиги учун, агар кўнгилга оғир ботмайдиган қилиб айтганда, одамнинг қатъиятли ёки иродали бўлишини мажбур этилган вазифани бажариш тарзида ифодалаш тўғри, менимча. Фикримнинг исботи сифатида дунёнинг деярли барча мамлакатларида мажбурий таълим тизими жорий этилганини келтириш мумкин. Болалар ўқиб, билим олишса, бу, аввало ўзи учун, кейин давлат учун ҳам фойдали. Мутолаа билимни оширади. Тафаккури юқори бўлган халқ, табиий бойликлари бўлмаган тақдирда ҳам, қудратли давлат ярата олишига Япония давлати яққол мисол бўла олади.

Бирор бир мақсадга эришиш учун одам ўзини мажбурласа орзу қилган натижасига етишини машҳур спортчилар, илм-фан ва санъат арбобларидан кўп эшитганмиз, улар буни тасдиқлашган. Албатта, олдинига бу амалиётни жорий этиш қийин, танни ёки ақлни зўриқтириш бошланишида ёқимли машғулот эмас, лекин вақт ўтгани сайин ҳар кун қайтариладиган амал одатга айланиб, одамни ўзига кўниктиради ва энди уни бажариш эҳтиёжга айланади. Болалар ҳам шундай, мактабга боришга улар аввалига тихирлик қилишса, кейинчалик ўзлари отланишадиган бўлишади.

Кунлик ташвиш ва тунги уйқу орасида маълум вақт борки, бу соатларни қандай ўтказиш қатъий белгиланмаган. Кимдир дўстлари билан бу муддатни бирга баҳам кўради, бошқа биров жисмоний ҳордиқ чиқариш билан машғул, истироҳат боғига борадиган ёки кечки сайрни хуш кўрадиганлар бор. Лекин аксарият одамлар хонада ўтириб, бир неча соат вақтини телевизор кўришга сарфлайди. Қишлоқ жойларида эса бу оилавий машғулотга айланган - кечки овқатланишдан сўнг ота-она ва болаларнинг нигоҳи то кўзга уйқу келмагунча зангори экрандан узилмайди. Ҳа, бу одатга айланиб улгурди.

Ушбу битикларимнинг ёзилишига касбдошимнинг қўққисдан берган бир саволи сабаб бўлди.

– Илгари китоблар оз бўлса-да, китобхон кўп эди. Ҳозир китоб сероб, лекин китоб ўқийдиган камайган? – журналистларга хос куюнчаклик билан гапирди у, – Илтимос, нега одамлар китоб ўқимаслиги ҳақида ёзинг.

Одамлар китоб ўқимайди, десак ноҳақлик бўлар, чунки сўнгги йилларда китоб дўконлари сони ортди. Ҳатто аралаш моллар дўконларида ҳам китоб савдоси йўлга қўйилганини ижобий баҳолаш керак. Лекин бадиий китоб ўқишга бўлган қизиқишни, айниқса болажонларда шакллантириш чораларини кўриш керак. Кўрилганда ҳам мажбурий тарзда. Чунки, китоб инсоннинг ақлий салоҳиятини оширади, асабини тинчлантиради, сўз бойлигини кўпайтириб, муомаласини чиройли қилади, ҳаёт тўсиқларини енгишга ёрдам беради, маданий ва ижтимоий фаоллигини оширади, фикрлаш қобилиятини яхшилайди ва тезлаштиради, ҳар қандай ишга ижодий ёндошишига олиб келади, миясини мустаҳкамлайди, бошқалар билан бўладиган ўзаро муносабатларда ўзини қандай бошқаришни ўргатади, ишбилармонликка ва бойишига олиб келади, хайрихоҳликка ундаб, бошқаларга ёрдам берадиган қилади, умуман китоб инсонга муваффақият ва саодат эшикларини очувчи калитдир. Булар менинг гапларим эмас, жаҳоннинг таниқли ўқув муассасалари олимлари томонидан ўтказилган тадқиқотлар натижасининг хулосаси ва уларга ишонмаслик мумкин эмас.

Агар китоб ўқийдиган инсон шунча сифатларга эга бўларкан, нега уни ўзимизда синаб кўрмаймиз? Ахир ҳар бир киши айнан шундай сифатлар ўзида бўлишини истайди-ку. Ақлий салоҳиятимиз ошса, асабимиз тинчланса, ишбилармон бўлсак, бойисак, яна нима керак бизга? Ҳали ҳам кеч эмас, китоб ўқишни бошлайлик. Ёшимиз бир жойга бориб қолди, китобдан орттирадиган манфаатларимиз энди бизга нима берарди десангиз, адашасиз. Ҳафсалангиз етишмаса, болангизни, неварангизни ўйланг. Уларни бахтли бўлишини истайсиз-ку? Шундайми? Унда ҳар куни ухлашдан олдин маълум вақтни оила аъзолар билан китоб мутолаасига бағишланг. Мактаб ёшигача ёки бошланғич синфда ўқийдиган фарзандларингиз ёки невараларингиз бўлса, албатта ухлашдан олдин улар билан эртак ўқишни одат қилинг. Бу одатга эса ўзингизни, фарзандларингизни, невараларингизни китоб ўқишга мажбур қилган тақдирдагина эришишингиз мумкин.

Европа мамлакатлари мактабларида бошлан­ғич синфдан юқори синфларгача махсус мутолаа курслари ўқитилиши жорий этилганини қаердадир ўқигандим. Бу болага эркинлик бериш керак, мажбурлаш унинг ҳуқуқини паймол этади, деган минтақада кўрилган чора ва бу жуда тўғри қабул қилинган. Чунки болага китоб ўқиш методикаси ўргатилса, у мутолаа маданиятини қўлга киритади ва қандай китоб ўқиш кераклиги ҳақидаги кўникмага эга бўлади.

Мақола бошида собиқ тузумнинг “ягона сиёсий кун” усули ҳақида ёзгандим. Ўз тузумининг афзаллигини ҳафтада бир бор фаолларга тарғиб қилиниши, келажаги йўқ давлатнинг етмиш йилдан зиёд сақлаб қолинишини таъминлади. Агар бу машғулот ҳар куни ўтказилганда нима бўларди? Шундай, мажбур қилиш усулини мавҳум ғояни амалга ошириш учун қўллаб, қандайдир натижага эришиш мумкинлигига гувоҳ бўлдик. Шунинг учун уни инсонларга эзгулик келтирадиган амалларга жорий этсак бўлмайдими? Бу ўйлаб кўришга арзийдиган масала.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ

 

 


Дата добавления: 03/02/2017 15:35;   Просмотров: 1679
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку