Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МУШОҲАДАГА ЧОРЛАЙДИ

ЎЗБЕКИСТОН ЁЗУВЧИЛАР УЮШМАСИ АЪЗОСИ, ХУРШИД НУРУЛЛАЕВ "ЁМҒИР ҲИДИ", "ТУҒЁН", "МУҲАББАТ МУЛКИ", "ЎЙНАБ ГАПИРСАНГ ҲАМ, ЎЙЛАБ ГАПИР", "ҲАММАСИ АСАБДАН" КАБИ АСАРЛАРИ БИЛАН КИТОБХОНЛАРГА ЯХШИ ТАНИШ.

Яқинда ижодкорнинг навбатдаги "Муҳаббат бор" ҳикоялар тўплами "Янги китоб" нашриётида чоп этилди.
Адабиётшунослар ёзувчини асаларига қиёслашади. Боиси асалари минглаб гуллардан нектар йиғиб, асал тайёрлайди. Ёзувчи ҳам биргина асар яратиш учун ҳаётдаги минглаб воқеа-ҳодисаларни кузатади, кечинмаларни таҳлил қилади, хулоса чиқаради.
Х.Нуруллаев "Муҳаббат бор" китобида йиллар давомида ўзи гувоҳ бўлган, эшитган ҳаётий воқеаларни, таҳлилларини маҳорат билан ҳикояларга жойлаган.
Ижодкорнинг "Етишмовчилик" ҳикоясида қаҳрамон гапи шундай бошланади:
"Сизда ҳам шундай бўладими? Гоҳида менга нимадир етишмагандек туюлади. Нималигини билмайман..."
Ва ҳолатни хотинига баён қилади. Хотини "Сизга пул етишмайди... ...Болаларингиз катта бўлиб қолди, катта-катта пул топишни ўйланг", дея жавоб беради. Бўй етиб қолган ўғлидан "Уйимизга келин етишмайди", ишхонасидаги ишчилардан "Бизга маош етишмайди", деган жавобни олади. Маҳалла раиси эса "Одамларда меҳр-оқибат етишмайди", дея шикоят қилади. Ёзувчи ҳикояда хулоса беришга шошилмайди, одамларга нима етишмаслиги ҳақидаги масалани ўқувчининг ўзига қолдиради.
Ушбу тўпламда кундалик ҳаёт ташвишлари, турмушда учраб турадиган турли иллатлардан ташқари муҳаббатнинг нозик торлари чертилган ҳикоялар ҳам ўрин олган. Мавзулар ранг-баранглиги ўқувчини зериктирмайди. Унда келтирилган фикрлар китобхонни мушоҳадага чорлайди.

Олим СОННИБОЕВ


Последнее редактирование: 15/01/2018 15:25;   Просмотров: 1431
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку