Мусаввир табиат тинмай неча кун
Қунт билан қиш расмин чизар борлиққа.
Елга имоталаб раққоса шохлар
Қилт этмас, уч фасл ўйнаб толиққан.
Шовқиндан бебаҳра ғариб кўчалар,
Қиш сургун айлаган – қушлар бадарға.
Сукутнинг тинчини бузар дамо-дам,
Оқ замин юзига хол – қора қарға.
Туманнинг сеҳрига чора тополмай,
Уфқсиз қолади атроф, ноилож.
Осмон йўқ, кўринмас юлдузлар, гўё
Қайсар қиш ҳукмига тўланган хирож.
Қоқсуяк дарахтлар қотган совуқдан,
Сувсиз деб ариқнинг айбин ёпган қор.
Тун кетай демайди, эринчоқ тонг ҳам,
Соат тўққизгача чўзилар наҳор.
Кимсасиз ҳовлидан зериккан итлар
Бемаъни кезишар қишлоқ оралаб.
Бир тулки, адирни ўтган айланиб,
Саҳархез товуқни келар қоралаб.
Бино қамалидан наф топмай туман
Адирга чекинар саҳар сўнгида.
Таътилдан болалар қайтишин кутар
Уч қаватли мактаб қишлоқ дўнгида,
Бу қишки манзара, мўъжиза ҳолат
Азиз юртимдаги ҳар қишлоққа хос.
Қишу ёз инсонга бўларкан жаннат,
Туғилган ерига қўйса у ихлос.
Орзуга чўмилдим йил якунида,
Ниятим эл-улус шод бўлсин, аҳил.
Беҳиштнинг лаззати тинчликда экан,
Жаннатий йил бўлсин келаётган йил.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.