Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

«МЎҒУЛЧА» - шоҳ асар

Мақомлар оғзаки анъанадаги касбий мусиқанинг чўққиларидан бўлиб, у Шарқ мамлакатларида, хусусан ўзбек, тожик, озарбойжон, эрон, ҳинд, афғон, уйғур ва араб халқлари мусиқа амалиётида кенг тарқалган. Ҳар бир халқ тилида улар турлича номланади. Ўзбек ва тожик халқларида «Шашмақом» деб номланган бу санъат намуналари, асосан ўзбек санъаткорларининг ижодий маҳсули бўлса-да, ҳар иккала халқ учун ҳам муштарак бўлган маданий қадриятдир. Бу улкан мусиқий туркум қуйидаги мақомлардан ташкил топган. «Бузрук», «Рост», «Наво», «Дугоҳ», «Сегоҳ», «Ироқ». Ўз навбатида ҳар бир мақом икки йирик бўлим - чолғу (мушкулот) ва ашула (наср)йўлларидан иборатдир. Чолғу куйларида «Тасниф», «Таржеъ», «Гардун», «Мухаммас», «Сақил» номли йўллар асосий ўрин тутса, ашула бўлимида «Сарахбор», «Талқин», «Наср», «Савт» ва «Мўғулча» йўллари муҳим аҳамият касб этади. Уларни етук мақомда устозлар ва улардан таҳсил олган созанда ва ҳофизлар мукаммал ижро эта оладилар.

Мақомлар ашула бўлимининг иккинчи қисмига кирган йирик шўъбалар орасида мўғулча номи билан машҳур ашула йўллари алоҳида ўрин тутади. Мўғулчалар ичида «Мўғулчаи сегоҳ» энг йириги ва ижро жиҳатидан ҳам энг мураккаби ҳисобланади. Мураккаблиги шундаки, уни ижро этиш учун кенг кўламли ва ҳиссиётга бой овоз, сегоҳ мақомига мос дард ҳамда мақом ижросидаги кўп йиллик малака зарур.
Мўғулчаларнинг номланиши жуда қадимий тарихга эга. «Бу ном XIII аср бошларида Ўрта Осиёни ишғол қилган мўғуллар империясининг ёки XVI асрда Ҳиндистонда Заҳириддин Муҳаммад Бобур барпо этган «Буюк мўғуллар империяси»га боғлиқ ҳолда юзага келган бўлиши эҳтимол» деб ёзади мусиқашунос олим Исҳоҳ Ражабов «Мақомлар масаласига доир» китобида.
Ҳар бир халқнинг гўзал, мукаммал юксак анъаналари, урф-одати, мусиқаси, миллий маросимлари бўлганки, бу бошқа халқлар анъанасига таъсирини кўрсатган. Айниқса, Шарқ халқлари мумтоз мусиқаси мақом жанри орқали узвий боғланади. Ўрта ва Яқин Шарқ мамлакатлари халқлари мусиқасига хос ладлар, усуллар нола ва безакларда жуда кўп умумийлик мавжуддир. Иккинчидан қайсидир босқинчи ёки шоҳ бирон мамлакатни босиб олса, ўша давлат халқига ўз анъана, маросими, мусиқасининг таъсирини ўтказишга ҳаракат қилади. Бу мўғулчага тааллуқли бўлиб қолмасдан бошқа мақом куйларига ҳам тааллуқлидир. Мўғуллар империяси Ўрта Осиёни босиб олгач, шак-шубҳасиз ўзлари билан бирга келган илм-фан, адабиёт ва мусиқа аҳли ўзларининг анъаналарини жорий қилишган. «Шашмақом»даги «Мўғулчаи наво» ашуласини машҳур ҳофиз домла Ҳалима Ибодова маромига етказиб ижро этган. Ашулани эътибор билан тинглаган киши унда мўғуллар мусиқий лади шунингдек, мўғул халқига хос доира зарбларини ҳис этади. Бундай ҳолни «Қашқарча»нинг доира усулидаги ижросида ҳам кўришимиз мумкин.
Мўғулчалар рост ва ироқ мақомларида учрамайди. Қолган мақомларда эса мўғулчаи бузрук, мўғулчаи наво, мўғулчаи дугоҳ, мўғулчаи сегоҳ, деб мақомлари номи билан қўшиб айтилади. Мўғулчаларнинг ҳар бирида савтлардаги каби талқинча, қашқарча, соқийнома, уфар деб номланган шаҳобчалари бўлиб, мўғулчаларнинг номи билан, яъни талқинчаи мўғулчаи бузрук ва ҳоказо деб номланади. Ўзбекистон халқ артисти Изро Малаков «Мўғулчаи наво» ни Мунис ғазали билан куйлаган. Мўғулчаи навонинг машҳур бўлиши тасодифий эмас. Улар машҳур ҳофизлар репертуарида катта ўрин эгаллаб келган. «Мўғулча»да ўзбек ва тожик халқлари мусиқасининг энг яхши фазилатлари ифодасини топган.
Ҳозирги кунда ёш иқтидорли хофизлар ҳам мўғулча туркумидаги ашулаларни маромига етказиб ижро этишмоқда.

Олимжон ҒАФУРОВ, мусиқашунос


Дата добавления: 27/06/2018 15:39;   Просмотров: 1368
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку