Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

КЎРГАН-КЕЧИРГАНЛАРИМ

О, кўнгил ёди, сен хазин хотиралар аламидан кучлироқсан.

Б.Батюшков.

Таниқли журналист Холиқ Ҳакимов кўп йиллар “Шарқ тонги” (ҳозирги “Гулобод тонги”) газетасида ишлаган. Айни пайтда эса қарилик нафақасида. Отахон журналист ҳали-ҳамон қаламини қўлидан қўймасдан публицистик мақолалар, очерк ва лавҳалар ёзади. Унинг бир нечта китоби эса ўқувчиларнинг севимли асарларига айланган. Яқинда Х.Ҳакимов кўрган-кечирганларини, ёзган асарларини тўплаб нашриётга топширди. Ушбу асарлар мажмуаси “Олтин ер фарзанди” номи билан чиқиш арафасида.

Биз отахон журналист Холиқ Ҳакимовга ижодий парвозлар тилаб, унинг “Кўрган-кечирганларим” публицистик мақоласини эътиборингизга ҳавола этамиз.

ТАҲРИРИЯТ

Устоз Насриддин акани эсласам, кўз олдимда юзидан нур ёғилиб турган, камтарин, дилкаш инсон намоён бўлади. У билан боғлиқ ўтган асрнинг 70-йилларидан кейинги хотиралар ёдимга тушади. Ҳаётлигида кўплаб ёш журналистларга устозлик қилган, “Шарқ тонги” газетасини 15-20 минг нусхада ранг-баранг, ўқимишли чиқаришга эришган бу отахоннинг қайси бир фазилатини эсламай, яхшиликка бахшида умр намоён бўлади. Ҳаётлигида у киши хусусида бир нарса ёзмаганлигимга таассуф қиламан. Ва кеч бўлса-да қўлимга қалам олиб, биз билан бирга 22 йилдан зиёд таҳририятда бир эшикдан кириб, бу соҳанинг минг машаққатию роҳатини бирга баҳам кўрганимиз ёдимга тушади.

Тарихга муҳрланган ушбу суратни олиб орқасидаги ёзувларини ўқийман. “Қадрдон укам – “Шарқ тонги” рўзномаси бўлим мудири Холиқжон Ҳакимовга эсдалик учун тақдим этаман, Насриддин Зайниев, 1973 йил”. Ўшанда 24 ёшли, ерга урса, осмонга сапчийдиган йигит эдим. Хаёл учқур от каби олиб қочиб, 42 йил олдинги онлар кўз ўнгимда кино тасмаларидек гавдаланади. “Яхши сўз – гавҳардан аъло”, - дейди халқимиз. Бу бежиз эмас...

ХХ асрнинг етмишинчи йиллари. Самарқанд туманида чиқадиган “Шарқ тонги” (ҳозирги “Гулобод тонги”) газетасида муҳаррир Насриддин Зайниев, у кишининг ўринбосари Аҳмад Нарзиқулов, Ғазанфар Иброҳимов, бўлим мудирлари Ўткир Раҳматов, Миршариф Хўжаев, Эркин Ҳожиқурбонов, мусаҳҳиҳ Санъат Шодиева, суратчи Салим Ниёзов, адабий ходим Фароғат Ҳусенова, матн кўчирувчи Мавлуда Маннонова, бухгалтер Тамара Петровна ва жамоатчи мухбирлар бир бўлиб чинакамига таянган ҳолда “Шарқ тонги”нинг шуҳратини республикада ёйдик.

– Ҳаёт пиллапояларидан кўтарилиб бораётган ҳар бир одам ўз умрининг самараси, ўтган кунларни сарҳисоб қила бошлайди,— дейди “Халқ сўзи” ва “Народное слово” республика газеталарининг бош муҳаррири Ўткир Раҳматов. – Мен ҳам газетачиликнинг сир-асрорларини илк устозим, “Шарқ тонги” гезетасининг муҳаррири, марҳум Насриддин Зайниевдан ўрганганман. Мен у кишидан бир умр миннатдорман, руҳлари олдида қарздорман.

– Мен вилоят “Зарафшон” газетаси муҳаррири ўринбосари, вилоят телерадиокомпанияси раиси вазифаларида ишладим, Самарқанд Давлат университети журналистика факультети талабаларига сабоқ бердим. Биринчи устозим, ажойиб инсон, ташкилотчи раҳбар, тажрибали журналист Насриддин Зайниев қўлида газетачилик мактабини ўтадим, - дейди нафақадаги журналист ва ёзувчи Миршариф Хўжаев. – Насриддин ака - камтарин, серфазилат журналист эди. У журналистика тараққиётига муносиб ҳисса қўшган, кўплаб истеъдодли шогирдлар етиштирган инсон. Марҳум устозимдан олган сабоқларим ҳаётим йўлида ҳар қадамда маёқ бўлди. Насриддин Зайниевнинг ёрқин хотираси шогирдлари қалбида мангу яшайди.

– Насриддин Зайниев мени “Шарқ тонги” таҳририятига бир неча бор ишга таклиф этдилар. Ўшанда Самарқанд туман халқ таълими бўлимида услубчи бўлиб фаолият кўрсатардим. Ҳар куни бўлмасада, кун ора маорифчилар ҳаётидан бирон-бир янгилик ва хушхабар билан редакцияга кириб борардим. Кўк чой ичиб, мириқиб суҳбатлашардик. У киши менга “Дарс самарадорлигини ошириш”, “Ўқувчилар билимини баҳолаш”, тажрибали ўқитувчилар ҳақида мақола ва очеркларни қандай ёзиш ҳамда нималарга эътибор бериш ҳақида қимматли маслаҳатлар берардилар. У киши кўпинча Юсуф Хос Ҳожибнинг:

Илмдунёнинг иззати,

Охиратнинг шарофатидир.

Ёқут қут беради, билим шараф-шон,

Шу иккови туфайли улуғдир инсон.

деган сўзларни такрорлаб юрганлари ҳамон кечагидай ёдимда, - дейди Ўзбекистон Халқ таълими аълочиси Муртазо Султонов.

Ҳар бир сўзини ўйлаб айтадиган ва айтганига амал қиладиган, яхши сўзидан, ибратли ишларидан қайтмайдиган, камтарин инсон, бутун умрини газетачиликка бағишлаган Н. Зайниев “Зарафшон” вилоят газетаси ва Иштихон туман газеталарида ишлагандан сўнг 1961 йилдан бошлаб “Шарқ тонги” рўзномасида 30 йилдан зиёд муҳаррир бўлиб, кўпгина ибратли ишларни амалга оширди. Янги редакция биносини қуриш ва ишга туширишда у кишининг хизмати катта бўлди.

Баҳор. Чор атрофга зангори гилам тўшалган. Суқланиб нигоҳ ташлаб ҳам кўзингиз тўймайдиган ажиб манзара. “УАЗ” автомашинаси ҳайдовчиси Тоҳир, мухбирлардан Абдусалом ака, Эркин ака, Пўлат ака, муҳарриримиз Насриддин ака ва мен табиат қўйнида дам олиш учун Сайидон қишлоғига бормоқдамиз. Йўл-йўлакай ичакузди латифалару байт-бараклар бир бирига уланиб, шўх кулгу янграмоқда. Насриддин ака шундай деб қолди:

– Биз Ботирхон домла билан қадрдон дўстмиз. Мен у кишининг хонадонларида бир неча марта бўлганман. Ишхоналари оддий, китоб жавонларида катта маънавий бойлик бор: нодир қўлёзмалар, тошбосма нашрлар, дунё ва Шарқ халқлари адабиёти, буюк сиймоларнинг асарлари... Шундай катта олимнинг хокисорлиги, камтарлиги мени ҳайратга солади...

Йиллар ўтди. Мен Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясида муҳаррир бўлиб ишладим. Компаниямиз раиси Миршариф Хўжаев ҳузурларига чақириб қолдилар: “Устоз Ботирхон Валихўжаев ҳаёти ва фаолияти ҳақида 30 дақиқалик фильм қилсангиз”, - деб топшириқ бердилар. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шукур Самандаров билан дастлаб, СамДУнинг филология факулътетига бориб, домла билан учрашдик. Ботирхон домла бағри кенг, эзгулик ва маърифат ёғдусига катта ишонч қўйган олим эдилар. Менга талабалик давримдаёқ у киши билан кўп учрашиш насиб қилган. Домлани ҳамиша вазмин, ўйчан, ним табассумли қиёфада учратиш бизга ҳузур бағишлайди. Бу сафар ҳам у киши ана шундай қиёфада пешвоз чиқдилар. Кўрсатувнинг бир қисмини дорулфунунда, қолганини устознинг уйида давом эттирдик. Гап Самарқанд адабий муҳити, журналистикасига келиб тўхтаганда:

- Насриддин Зайниев билан биз университетда бирга таҳсил олган. Хожа Ахрорга тез-тез бориб, Насриддин билан суҳбатлашардик. Биз дўсти беғаразмиз. Камтар инсон, қалами ўткир журналист... Яхшиларнинг яхшиси, жуда ҳам қадрли одам десам, янглишмайман, - дедилар.

* * *

Агар хотирам панд бермаса, 2001 йилнинг май ойи эди. Самарқанд туманидан “Замин саховати” деб номланган кўрсатув тайёрлаб, тасвирчи Икром Муҳаммадиев билан компанияга қайтаётган эдик. Собиқ озиқ-овқат техникуми бекатида устоз Насриддин акани учратиб қолдик. Қучоқ ёзиб кўришдик. У ёқ-бу ёқдан суҳбатлашдик.

– Одамнинг каттаси, ишларинг яхшими, уй-ичи, бола-чақалар? Узунни кўриб турибсанми? – деб сўрашгач, “Устоз, вақтингиз бўлса, бир пиёла чой ичсак”, - дедим.

- Бобоқул Имомов ҳар йили тут пишиғи пайтида 2-3 бор қўярда-қўймай телефон қилиб чақирадилар. Бу одат 1952 йилдан бери узлуксиз давом этиб келмоқда. Бизнинг дўстлигимиз, ака-укалигимиз ана шу “Зарафшон” (собиқ “Ленин йўли”) газетаси таҳририятида ишлаган пайтларимиздан бошланганди. Ҳар сафар тут ейиш баҳонаси, дийдорлашамиз. Бобоқул Имомов қарийб 40 йил “Зарафшон”да қишлоқ хўжалик бўлимида мухбир бўлганлари учунми, бу тармоқни яхши биладилар, - деди Н. Зайниев. –Насриддин, биласизми, тут қадимдан турли касалликларни даволашда ишлатиб келинган. Чиндан ҳам, тут меваси ва қайнатмаси тўйимли таом. Оқ тут, марварид тут, шотут – ҳар бири инсон учун фойдали. Оқ тут анжирнинг ўрнини босса ҳам, унга нисбатан озиқлиги паст. Бир йилда 6-7 марта тўйиб истеъмол қилинса, қон босими йил давомида юқори бўлмайди. – дедилар.

- Бобоқул Имомов, Ботирхон Валихўжаев, Насриддин Зайниевларнинг камтарлиги, хокисорлиги, каттаю кичикнинг ҳурматини жойига қўйишлари мени ҳайратлантиради...

- Бугун мен Бобоқул аканинг хонадонига бораман. Янаги сафар албатта чойхўрлик қиламиз..., -деди Насриддин ака.

Минг бора афсус ва надомат билан айтаманки, бу бизнинг сўнгги суҳбатимиз, охирги дийдорлашганимиз бўлди. Ҳозирги кунда устоз жисман орамизда бўлмасаларда, аммо у кишининг табаррук номи, ибратли ҳаёти, ёзган мақолалари газета саҳифаларида қолди.

Насриддин ака захматкаш инсон эди. Афсуски, шундай тилла одамни ҳам ранжитганлар бор. Бир сафар тунд кайфиятда ўтирган раҳбаримизни кўриб, “тинчликми”? дедим:

- Туманимизнинг биринчи раҳбари ўзига бино қўйган, кўпларнинг дилини ранжитган эди. “Қовун қовундан ранг олади”, деб бежиз айтишмайди. Буни қаранг, бўлим мудири, унинг инструкторлари ҳам бурунлари осмонда. Нокасу бадфеълликда “қабул котибаси”нинг қилиқлари ҳам ошиб тушмоқда...

- Хафа бўлманг, у котиба бизлар билан ўқиган. Эрга тегмагани учун жиззаки, сержаҳиллиги шундан, - дедим.

- Эрга тегмаган бўлса, аламини отаси тенги одамдан оладими? Бундан кейин райкомга ўзинг борасан.

- Нима учун, устоз?

- Яна нимага, дейсан, ўшанга уйланганингда, менга ёвқараш қилмасди, - дедилару кулиб юбордилар. - уйланмаганинг яхши бўлибди. Акс ҳолда...

Холиқ ҲАКИМОВ


Дата добавления: 24/03/2017 11:01;   Просмотров: 1807
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку