Агар ёлғиз эрсанг, ҳамдам китобдир,
Билим субҳидаги нур ҳам китобдир.
Абдураҳмон Жомий
Эътироф этиш лозимки, халқимиз қадимулайёмдан китоблар ёзиш пайига тушган, уларни мутолаа қилиб, билимларини бойитган бўлмаганларида, дунё тамаддунининг осмонида Рудакий, Фирдавсий, Абурайҳон Беруний, Муҳаммад Хоразмий, Мусо Хоразмий, Абу Али Ибн Сино, Ал- Фарғоний, Марғиноний, Мирзо Улуғбек каби юзлаб олиму уламолар йўлчи юлдуздек порламаган бўлардилар. Ҳа, бизда бу нурли чўққилар дунё халқларига ҳар томонлама ибрат бўлиб хизмат қилиб келди, десак, янглишмаган бўламиз. Буни исботлаб ўтириш ҳам шарт эмас. Чунки, бу жаҳон халқларига ойнадай равшан.
“Авесто” ҳам бизнинг она Ватанимиз ҳудудида вужудга келди. Ўтмиш замонда китобларни кўпайтиришда хаттотлар, яъни ҳуснихати чиройли, саводли кишилар бутун умрларини бахшида этганлар. У пайтларда молларнинг териси, тошларда ёзардилар. Бунинг учун кўп вақт сарфланарди. Китобларни тошбосма (литография) усулида нашр этилишига беш асрча вақт бўди. Ҳозир эса техника ривожланган даврда нашр этишнинг ҳеч қандай муаммоси йўқ.
Асосий мақсадга кўчсак, халқимиз замонлар оша китобхон эди ва ҳозир ҳам шундай бўлиб қолиши шарт ва зарур! Зеро, халқимиз алифбедан саводини чиқарса, кейинчалик, “Қуръони карим”, “Чор китоб”, Саъдию Хожа Ҳофиз, Низомию Румий, Фузулию Навоий, Хайёму Машрабларни ўқир эдилар, минглаб шоиру алломалар яратган бебаҳо дурдоналардан баҳраманд бўлардилар.
Бироқ, кейинги пайтларда китоб мутолааси, китобхонлик маданиятини ривожлантириш муаммога айланди. Шунинг учун жорий йилнинг 12 январида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси, китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармойиши эълон қилиндиким, бу – айни пайтдаги ҳужжатдир.
Кўриниб турибдики, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг мазкур Фармойиши ўз вақтида эълон қилиниши аҳоли, хусусан келажак пойдевори бўлган ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, шу билан бирга, бадиий, маърифий-тарбиявий, илмий-оммабоп, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга қаратилган адабиётларни чоп этиш, улар билан таълим муассасаларини таъминлаш, миллий ва жаҳон адабиёти намояндаларининг етук асарларини саралаш, таржима қилишни пухта йўлга қўйиш давр талабидир.
Таълим ва маданият муассасаларида китоб харид қилиш, ноширлар ва адибларни молиявий рағбатлантириш, хусусан, болалар адабиётига ихтисослаштирилган нашриётларга молиявий имтиёзлар бериш, янги китоблар тақдимотини ўтказиш, мутолаа маданиятини ошириш, туман марказларида ихтисослаштирилган китоб дўконлари очиш, ҳудудларда ёзувчи-шоирлар иштирокида китоб байрами ва ярмаркаларни ташкил этиш, китоб сотувчилар ҳамда кутубхоначи ва тарғиботчилар орасида танловлар ўтказишни назарда тутсак, бу маҳаллий ижодкорларни ҳам хушнуд этади.
Раҳимжон Наимов, Ўзбекистон ҳалқ таълими аълочиси, шоир
Сурат муаллифи Б.ҚОДИРОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.