Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

КИТОБ – ХАЗИНАЛАР КАЛИТИ

Китоб – инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаидир. Китоб фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, мўътабар ва муқаддас деб ҳисоблаган. Китоб – руҳиятимиз озуқаси, у билан дўстлашиш кишини нафақат юксалтиради, балки унга жаҳонни танитади, илм оламига саёҳатда ҳамроҳлик қилади, эзгуликка етаклайди.

Китоб – бебаҳо хазина, дедик. Буни доноларнинг ўгитлари, ёзма манбалар, халқ оғзаки ижоди дурдоналари, халқнинг анъанавий тарбия усулларида акс этган китоб билан боғлиқ хилма-хил ҳаётий расм-русумлар, удумлар ва урф-одатлардан ҳам билиш мумкин. Халқ китоб ҳақида нақл-ривоятларгина эмас, балки кўплаб мақоллар, афоризмлар, топишмоқлар, ҳикматлар ҳам яратган.
Шу боис Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 12 январь куни "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойишни имзолади. Ўз вақтида қабул қилинган ушбу меёрий ҳужжатда белгиланган вазифаларни амалга оширишга киришилди. Бу борада ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказлари, кутубхоналар китобхонлар конференциялари, шеърхонлик, давра суҳбати, савол-жавоб кечалари, билимдонлар беллашуви, мавзули ва мунозара кечалари, китоб кўргазмалари ташкил этиш ва кўргазмадаги адабиётлар обзорлар ўтказилди. Шунингдек, "Ахборот кунлари", "Янги китоблар куни" каби турли-туман тадбирлар шаклларидан унумли фойдаланилди.
Китоб ва китобхонлик ҳақидаги халқ анъанавий пандномаси билан улуғларнинг дунёқараши, мулоҳазалари бир-бирига жуда яқин, бири иккинчисини тўлдиради. Бу ҳол китобнинг катта маънавий кучга эгалиги, китобхонлик инсон учун юксак мезон экани билан изоҳланади. Китобхонлик тор маънода китоб ўқишни билдирса, кенг маънода танлаб ўқиш, ҳис этиш, англаш ва фикр билдириш тушунчаларини ўз ичига қамраб олади. У бадиий адабиёт, адабий танқид ва педагогика кўмагида юксала боради.
Кишининг маданияти унинг китоб ўқишида акс этади. Шу маънода бугунги кунда китоб ўқиш ва унга муносабат бир қадар сусайгандек. Чунки ёшлар кўпроқ кино, видео, телевидение, компьютерга берилиб кетди. Компьютер ҳозирги кунда кўпгина хонадонларга ҳам кириб келган. Исталган янгилигу ахборотларни бу воситалардан хоҳлаганча олиш мумкин. Ачинарлиси, бугун китоб ўқиш учун вақт сарфлашга ҳожат йўқдек. Аслида, ҳеч бир ахборот воситаси, кино ёки видеофильм бадиий асар ўрнини босолмайди. Масалан, "Ўтган кунлар" романи асосида ишланган фильм қанчалик маҳорат билан суратга олинган бўлмасин, китобнинг таъсирини, жозибасини беролмайди.
Китобхонлик оиладаги муҳитга ҳам боғлиқ. Маърифатли оилаларда китобга эътибор фарзандлар тарбиясида қўл келади. Китобни инсон тафаккурининг қанотларига ўхшатишган. Зеро, тафаккури, фикр доираси кенг, маърифатли кишилар жамиятнинг чинакам бойлигидир. Аксинча, ҳаётда рўй бериб турадиган айрим нохушликлар илдизи эса маърифатсизлик, китоб ўқимасликнинг аччиқ меваси. Темирни занг кемирганидек, одамни ҳам маънавиятсизлик мўрт қилади. Маънавият эса инсонга китоб ўқиш орқали юқади. Ҳар қандай янгилик ҳам бир кун эскиради. Бироқ инсониятнинг минг-минг йиллар давомида қўлга киритган ақлий ҳамда фикрий дурдоналарини ўзида жамлаган китоблар асло эскирмайди. Бинобарин, китоб-ҳамиша илм-маърифат, адаб ва ахлоқ манбаи бўлиб келган. Бугунги кунда ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбиялашда ҳам китобдан кўра қудратлироқ восита йўқ.
Болаларни кимгадир зарур бўлгани учун эмас, балки улар бахтли бўлишлари учун китоб ўқишга ўргатиш керак. Чунки, бир томондан, адабиёт – санъатнинг бир муҳим тури. Умри давомида куй ва қўшиқдан, кино, театр, тасвирий санъат, архитектура асарларидан, гўзал манзаралардан, гуллардан завқланмай ўтган одам ким-у, китоб ўқиб завқланмай ўтган одам ким? Иккинчи томондан, китоб тафаккур озиғидир. Китоб саодат топиш учун ўқилмайди. Унутмаслик керакки, китоб ўқишнинг ўзи – олий саодат.
Юртбошимиз қўйган талаб – китобхонликни кенг тарғиб қилиш учун ўқув масканларида, меҳнат жамоаларида тез-тез "Мутолаа маданияти", "Китобхонлик – маънавий эҳтиёж", "Шахс маданиятини шакллантиришда китобнинг ўрни", "Китоб – билим манбаи", "Китоб – менинг дўстим" каби мавзуларда китобхонлар конференцияси ўтказиб туриш лозим. "Китоб – офтоб", "Китоб – мўъжиза" каби мавзуларда китоб кўргазмаси ва адабиётлар обзори ташкил этиш ҳам фойдадан ҳоли бўлмайди. "Ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялашда китобнинг ўрни", "Мутолаа санъати", "Китоб, китобхонлик", "Китоб – руҳ озиғи", "Китоб – миллий тафаккур онаси", "Китобсиз дунё ҳидсиз гулга ўхшайди" каби мавзуларда ўтказиладиган мавзули кечалар ҳам ёш авлоднинг китоб ўқишга бўлган қизиқишларини оширади. "Китобдан яхшироқ дўст йўқ", "XXI аср китобхони", "Китоб буюк кучдир" каби мавзуларда китоб кўргазмаси ва адабиётлар обзори ёки "Китоб танлаш ҳақида замондош зиёлиларимиз фикрларини биласизми?","Мутолаа ва мутолаа маданияти ҳақидаги нималарни биласиз?", "Алломалар китоб ҳақида", "Янги китоб – янги олам", "Китоб нондай азиз", "Илм – китобда", "Китобдир беминнат, беғараз устод" каби мавзуларда китоб кўргазмаси ва адабиётлар обзори, давра суҳбатлари, ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар ўтказилиб турилса, нур устига аъло нур бўлар эди. Шунингдек "Ёшлар китобни қандай ўқийди?", "Китоб ақл қалъасидир", "Китоб – хазина", "Китоб – муаллим" каби мавзуларда китоб кўргазмаси ташкил этиш ҳам китобхонлик маданиятини ошириш ва китоб тарғиботини кенг йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.
Инсон учун ҳаётда икки нарса энг мўътабар ва азиз. Бу – нон билан китоб. Шу боисдан ҳам нон қанчалик мўътабар саналса, китоб ҳам шунчалик азиз. Нон – ризқ-рўз, дастурхон кўрки, ҳаёт баракаси бўлса, ўтмишдан ҳикоя қилувчи тарих, бугунни акс эттирувчи кўзгу, эртанги кунни айтиб берувчи мўъжиза эса китобдир. Покланиш, иймон бутунлиги, руҳий бойлик ҳам китобдандир. Китоб инсоннинг маслаҳатгўйи, доимий ҳамроҳидир. "Китоб кўрмаган одам нодондир, китоб кирмаган уй қоронғу зимистондир" дейди донишмандлар.
Мутолаа маданияти китобга қизиқиш, одамларнинг адабиётлар билан кенгроқ танишиш рағбати, китоб ва у билан ишлаш ҳақидаги махсус билимларга эга бўлишни, шунингдек, ахборот манбаларидан тўлиқ фойдаланишда кўникма ва малакага эга бўлишни тақозо этади. Мутолаа маданияти кишининг манбани тўлақонли тушуниши, ундан эстетик завқ олиши, муаллиф фикри ва ғоясини англаши ҳамда уни баҳолай олиши каби хусусиятларга эга бўлишини таъминлайди. Китобни танлаш, уни ўқиш, авайлаб сақлаш, шахсий кутубхона ташкил этиш, ўқилган китобларни бошқаларга тавсия эта олиш ҳам мутолаа маданиятига киради.
Баъзи "бойвачча" кишиларнинг уйларида жуда бежирим ишланган китоб жовонларига ва уларда чиройли қилиб териб қўйилган китобларга кўзимиз тушади. Мабодо уй соҳибидан "Мана шу китобларнинг нечтасини ўқиб чиққансиз?" дея сўраб қолсангиз, бир сесканиб тушади. Чунки, у китобнинг фарқига боролмаганлиги учун муқоваси чиройли китоблардан "коллекция" тўплаган холос. Китоб йиғиб, ўзини ўқимишли, маданиятли кўрсатишга уринаётган шу каби инсонларга "Ака, жавондаги китоб безак бўлолмайди" деб айтгингиз келади.

Хайрулла ҲАМРО


Последнее редактирование: 05/07/2018 12:16;   Просмотров: 5209
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку