Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

КИТОБ – БЕМИННАТ УСТОЗ

Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси, китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишини ўқиб чиқдим ва ундан беҳад хурсанд бўлдим.

Ҳақиқатан ҳам китоб инсон маънавиятини, саводини оширади, эзгуликка ундайди. Унинг дунёқарашини бойи-тади, узоқ ўтмишдан бошлаб ҳозирги кундалик ҳаётимизгача юз бераётган воқеалардан хабардор қилади. Ахлоқу одоб, яхшилигу ёмонлик, катта-кичикларга нисбатан иззат-ҳурмат, ишқ-муҳаббат, Ватанга, оилага меҳру садоқатни ўргатади.

Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Абулқосим Фирдавсий, Ҳофиз, Саъдий, Улуғбек, Бобур ва яна юзлаб шоиру алломаларимиз яратган ўлмас асарлар асрлар оша бизларгача етиб келиб бебаҳо дурдонага айланган.

Ўз замонида Умар Хайём шундай деган экан:

Дилим илмлардан маҳрум бўлмабди,

Бир сир қолмадики мавҳум бўлмабди.

Туну кун ўйладим етмиш икки йил,

Англадим ҳеч нарса маълум бўлмабди.

Бу мисраларни ўқиб жуда ҳайратда қолган эдим. Наҳотки Умар Хайём рубоийларида риёзиёт, фалсафа, астрономия, жуғрофия, тиббиёт, мусиқа ва бошқа соҳалар тўғрисида юксак даражада ёзган бўлсаю ўзининг 72 ёшида ҳалиям ҳеч нарсани билмас эканман, деб ўтган бўлсалар!

Болалигимда Муллоқаландар маҳалласида жойлашган кутубхонага кунора бориб, китоб ёздириб олиб ўқир эдим. Мустақиллик туфайли имкониятлардан фойдаланган минглаб тадбиркорлар ҳашаматли тўйхоналар, кошоналар, магазинлар очиб иш юритмоқдалар. Оллоҳ зиёда қилсин дейман, бу ҳам ҳар кишининг қўлидан келмайди. Аммо биронта фермер ё тадбиркор китоб дўкони ёки кутубхона қурибди деганларини кўриш у ёқда турсин, эшитмайсиз ҳам.

Ҳозир болалар ва ёшлар орасида китобхонлар жуда кам. Чункилар компютер ва телефон билан овора. Ота-оналар компьютер ва телефон сотиб олиб болаларига беришга қурблари етадию оддий бир китоб олиб беришни ўйлашмайди ҳам. Ахир улардан тарқаладиган нур бола соғлиғига зарар келтиради, асабларини бузади-ку. Наҳот шуни тушунишмаса?!

Китоб эса дўстдир, ундан ҳеч ким, ҳеч қачон зарар кўрмаган, кўрмайди ҳам. Аксинча китобдан руҳ ва виждон озуқа олади. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарларида булар ҳақида беҳуда тўхталмаган-да.

Мен Туркияда сафар қилганимда ҳар бир хонадонда алоҳида китобхона борлигини кўрганман. Ҳар бир янги чоп этилган асар, албатта, уларнинг жавонидан жой олади. Худди шундай Россия давлатида ҳам Умар Хайёмнинг асарларини ҳар бешинчи-олтинчи хонадонда кўриш мумкин. Хоҳ метрода, хоҳ автобусу троллейбусларда бўлсангиз, албатта, қўлларида эрта тонгдан кундалик рўзномалар, бадиий асарлар ёки журналларни кўрасиз. Муҳтарам фермер ва тадбиркорларимиздан илтимосим китоб дўконлари, кутубхоналар қуриб, мактаб кутубхоналарини бадиий, илмий ва оммабоп китоблар билан тўлдириб, китобсеварларни китоб билан рағбатлантирсангиз. Бу билан сиз Президентимиз фармойишини қўллаб-қувватлаган бўлар эдингиз.

Ўзбекистон республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, профессор Аслиддин Қамарзоданинг ўндан ошиқ китоблари, яъни “Тут дарахтининг ноласи”, “Самарқанд тароналари”, “Самарқанд афсоналари”, “Ҳаёт маъноси” каби китобларини ўқиб чиқдим. Айниқса, “Ҳаёт маъноси” китобидаги “Китоб ўқинг, дўстларим” номли шеъри менга катта таассурот қолдирди.

Келинг, азиз дўстларим, кўпроқ китоб ўқийлик, мустақил юртимизнинг маърифатли, маданиятли фарзанди бўлайлик. Бизнинг авлодларимизни Навоийю Хайём, Ҳофизу Саъдий, Улуғбеку Бобурлар даражасига етишларига ҳисса қўшайлик.

Анзурат РАББИМҚУЛОВА

Сурат муаллифи Б. ҚОДИРОВ

 

 

 

 

 


Последнее редактирование: 29/03/2017 15:51;   Просмотров: 2536
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку