Сиғдириб ўзига еру осмонни,
Олису яқинни, ою юлдузни,
Эслатиб эътиқод, эрку иймонни,
Китоблар яшайди етаклаб бизни.
Жўнгина кўринган муқова аро
Мўъжиза туради кўздан беркиниб:
Гоҳида гадога тож қилиб ато,
Гоҳ қайтиб беради қўлга эркини.
Қанотга айланиб бир-бир варақлар
Сени олиб учар Боғи Эрамга.
Сенга сўз айтгудек ҳилол чарақлар,
Юрагинг сиғмасдан қолар оламга.
Саҳродан денгизга, денгиздан тоққа,
Тоғлардан дарёга зумда ўтасан.
Сўнг ўхшаб сеҳрли, жонли чироққа,
Қоронғу дунёга зиё тутасан.
Дунё бор-будини сенга сарфлар,
Бошингга қўнади ҳақиқат қуши.
Сени ухлатмайди бедор ҳарфлар–
Сўзларда янграган ҳаққуш товуши.
Гарчанд карам кўриб қодир Худодан,
Фаришталар ичра ул кун сайландинг.
Сўнг олиб фотиҳа Одам атодан,
Ернинг фарзандига, гарчанд, айландинг.
Бироқ англай бориб бир-бир ўзингни,
Тағин осмонларга сезмай қайтасан,
Китобдан ўрганган улуғ сўзингни
Яна ҳам улуғвор қилиб айтасан.
Йўқолиб боради кўнглингдан аста
Ғазабу гиналар, кин, икир-чикир.
Гўёки жавонинг сирли гулдаста,
Ҳар битта китобда гуллайди фикр.
Китоблар куйлайди, куйлайди хона,
Бу сирли қўшиқдан яшарар олам.
Ҳатла деб чорлайди сени остона,
Сенга икки қутб бўлар бир қадам. . .
Токи яшар экан дунёда китоб,
Китобда яшагай гўзал дунёлар.
Китобсиз уйларга йўламас савоб,
Фаришта киролмай эшикда қолар.
«Иқро!» калимаси янграйди абад,
Тинглаб, амал қилмоқ муқаддас фарздир,
То қиёмат қадар чорлар бу даъват,
Ўқимоқ, эй одам, қиёмат қарздир!
Абдулла ШЕР
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.