Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҲИКМАТЛАР ХАЗИНАСИ

Яқинда Тошкентдаги “Турон замин зиё” нашриётида босмадан чиққан “Ҳикматлар гулдастаси” китобида муқаддас ҳадислардан олинган ҳикматлар, улуғ азиз-авлиёлар, алломалар ва шоирларнинг ахлоқ-одоб тўғрисидаги теран фикрлари, турмушнинг турли соҳаларига тегишли халқ дурдоналари жамланган. Бу ҳикматлар ҳар бир ўқувчининг маънавиятини бойитишга, комил инсон бўлиб шаклланишига кўмак беради.

Самарқанд Давлат университети профессори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Аслиддин Қамарзода, тадқиқотчи олима Моҳигул Бобоеваларнинг ушбу китобидаги муборак ҳадислардан терилган ҳикматлар дурлари Сизни ўқишга, моҳиятини англаб етишга жалб этади.
Ҳикматларда ақл билан билим ёнма-ён қўйилган бўлиб, ақлли бош билимдон бўлиши таъкидланади ва ҳар бир кишини ҳам ана шу хислат ва фазилатларга эга бўлишга даъват этилади. Шу билан бирга, жоҳил ва нодонлар қаттиқ танқил қилинади. Азалдан бир заминда яшаб келаётган, дини ва эътиқоди бир ҳамда миллий анъаналари қоришиб кетган барча миллат халқлари орасидаги дурдона ҳикматлар китобдан жой олганки, уларда дўстлик, биродарлик, халқпарварлик, оилапарварлик ўз ифодасини топган. “Ҳадислардан олинган ўгитлар”да ота-онани рози қилишлик, аҳли аёл ва болалар тарбияси ўз ифодасини топган бўлса, “Подшоҳ Анушервоннинг вазир Бузургмеҳр билан савол-жавоблари”даги пурмаъно ҳикмату ривоятлар, “Амир Темур ўгитлари”даги насиҳатлар киши онгини чархлаб, ҳаётга, ота-она ва оилага бўлган эътиқодини оширади ва дилида: “Илм истамоқ ҳар бир фуқаро учун фарздир!”, деган фикр пайдо бўлади.
Аҳмад Яссавий, Сўфи Оллоҳёр, Абулқосим Фирдавсий ҳикматлари, афоризмлар, алломалар ҳикмати ҳар бир ўқувчи онгини бойтишга хизмат қилади.
Рисола кенг китобхонларга мўлжалланган бўлиб, у ҳар бир хонадон соҳибининг маънавий мулкига айланиши муқаррар. Шундай хазинани тўплаб қўлимизга тутқазган муаллифларга миннатдорчилик билдирамиз.

Нури МУҲАММАД


Дата добавления: 28/06/2017 14:09;   Просмотров: 1531
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку