Яқинда газеталарнинг бирида "Фидойилик" номли ҳикояни ўқиб қолдим.
Унда она ўз боласи учун донор бўлиб, қулоқларини ўғлига беради, аммо бу гап онанинг илтимосига кўра маълум вақт, яъни ўлгунига қадар фарзандидан сир тутилиши керак эди. Ҳатто ким донор бўлганлигини ўғли билиб қолмаслиги учун она умрининг сўнгги кунларигача сочларини йиғмай юрганлиги ҳикоя қилинган. Бу ҳикоя менга жуда таниш, аввал ҳам қайсидир газета ё журналларнинг бирида ўқиганлигим ёдимга тушди. Муаллифнинг исм-шарифи мени бироз адаштираётганлиги сабаблими бир муддат эслай олмадим. Бир неча йил олдинги эски газета-журналларни сақлаб қўйганлигим учун ўша мақолани қидириб топишга қийналмадим. Ишонч ҳосил қилмоқчи бўлдим. Охири ўша ҳикоя чоп этилган газетани топдим. "Она қалби" номли ушбу ҳикоя биринчи газетадагидан анча ихчам ва муаллифи аёл киши эканлигини ҳисобга олмасак иккала ҳикоя ҳам бир хил эди. Ҳа, шубҳам ўз тасдиғини топди, бу ўхшашлик эмас, кўчирмакашлик, яъни маънавий ўғриликнинг ўзгинаси эди. Биз одатда кўпроқ телеэкран орқали томошабинлар эътиборига тақдим этиб келинаётган кинофильмлар, қўшиқ ва клипларни баҳолаш жараёнида баъзан унинг қайсидир жиҳати чет эллик ижодкорлар томонидан яратилган бирор бир қўшиқ кино ё клипга жуда ўхшаб кетишини кузатганмиз. Айнан ўхшаш деб талқин қилганлигимиз гарчи меҳнат маҳсули бўлсада кўчирмакашлик, яъни ўғриликнинг ўзи бўлиб чиқади.
Агар эътибор берадиган бўлсак босма оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган тарбиявий аҳамиятга эга ҳаётий мавзулар ёритилган мақолаларда ҳам худди шундай такрорланиш ва ўхшашликларнинг беихтиёр гувоҳи бўламиз. Ҳайратланарлиси эса ҳали ҳаваскор сифатида бу оламга қадам қўйиб қалам тебратаётган, ижод намуналарини газеталарга тақдим этаётган муаллиф олий маълумотга эга бўлмасада бироқ "сайқал" берилса етук ижодкор бўлиб етишиб чиқиши мумкин бўлган истеъдодли ёшларнинг ижод намуналарини худди "Парвона" спектаклидаги Ўткурий қайноғаси ёзган "Палов" шеърини ўзлаштирганидек устомонлик билан йўл тутишни ўзларига эп кўраётганларнинг аксарияти таассуфки таниқли ижодкор, шоир, ёзувчи, журналист бўлиб чиқади. Мавзу ёки унинг ғояси маъқул келиб ижодкорга илҳом бердими, тамом ўзиники бўлмаган ошга қўл чўзиб ўғрилик қилишдан тап тортмайдилар. Мақсадлари пул ишлаш, машҳурлик чўққисига кўтарилиш бўлиши мумкин "Бу мавзуни мен яхшироқ ёритаман" деган хаёл унга тинчлик бермайди. Ахир унинг кўп йиллик тажрибаси бор. Бундай кимсалар янги мавзу устида ишлаш, ўқиб изланиш деган гапни аллақачон ўзларича "кўчирмакашлик" деб талқин қилишга улгуришган. Қизиқ, наҳотки ижодкор учун "қайноқ ижод палласи" деганлари шу бўлса?
Ф.МАҲМУДОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.