Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ИЖОД ҚАЛАМИ ҲАММАГА БЕРИЛАВЕРМАЙДИ

“Кўп яшагандан эмас, кўп сафар қилгандан маслаҳат сўра” дейишади.

Дарвоқе, очеркимиз қаҳрамони Ғазанфар Иброҳимов ана шу хислатларни ўзида мужассам этганлардан. Шогирднинг ўз устози ҳақида фикр юритиши анча душвор бўларкан. “Гулобод тонги” рўзномаси бу йил 60 ёшга тўлади. Шу муносабат билан бу таҳририятда ишлаган устозлар, ҳамкасабалар ҳақида ҳикоя қилиш истаги туғилди.

Бугунги кунда етмиш беш ёшни қоралаб бораётган Ғазанфар Иброҳимов Самарқанд журналистикасида ўз мактабини яратганлардан. Оқсоқол журналист турли жанрларда самарали ижод қилди. Турли даврларда ёзган ва матбуот, радиода эълон қилинган очерклари, лавҳалари, шеърлари матбуотнинг заррин саҳифаларидан ўрин олган, одамларнинг маънавий камолотини мукаммаллаштиришга муносиб ҳисса қўшган. Ғ.Иброҳимовнинг болалик ва ёшлик чоғлари уруш йилларига тўғри келди. У 1942 йилнинг 5-майида Самарқанд туманининг Хўжасаҳат қишлоғида таваллуд топди. Отаси Иброҳим Ризаев 24 ёшида 17-мактабда директорлик қилган. Онаси Сора Ризаева колхозда деҳқончилик қилган, ипак қурти парвариши билан шуғулланган. Умр йўлдоши Иброҳим ака ҳаётдан бевақт кетгач ҳам ота, ҳам она бўлиб олти нафар ўғил-қизни едириб-ичириб, ўқитган.

Илмга ташна ёш Ғазанфар дастлаб етти йиллик мактабда, сўнгра Самарқанд шаҳридаги 18-ўрта мактабда таҳсил олди. Илм ва билимга чанқоқ Ғ.Иброҳимов 6-мактабда йўриқчилик билан бирга Самарқанд давлат университетининг кечки бўлимида таҳсил олди. Ўзбек тили ва адабиётининг сир-асрорларини пухта эгаллади. Ўзбек ва тожик филология факультетида таҳсил олиб юрган кезларида “Шарқ тонги” газетасига ишга таклиф этишди. У рўзномада мухбир, маданият бўлими мудири ва муҳаррир ўринбосари бўлиб, 1964-1971 йиллар давомида фаолият кўрсатди.

–Ғазанфар ака умр чўққисидан назар ташлаганингизда кўнглингиздан нималар ўтмоқда?

–Эҳ-ҳе, уларни қайси бирини айтай. Тўғри, замон илгарилаб кетди. Компьютер, телефон, интернет... Бироқ ижодкор учун оппоқ қоғоз узра қаламнинг юришидан кўра аъло завқ йўқ. Устозларим, Аҳмаджон Мухторов, Насриддин Зайниев, Раҳматжон Акрамов, Душан Файзиев, Марди Нуриддинов, Орзу Рўзиевларни эслаб жойлари жаннатда бўлсин дейман. Мен “Шарқ тонги” рўзномаси таҳририятида ишлаган кезларимда, ишга барвақт бориб, чой қўярдим. Янги ташлаб кетилган газеталарни варақлаб, янгиликлардан огоҳ бўлардим. Хонага муҳарриримиз Насриддин Зайниев, Эркин Ҳожиқурбоновлар кириб келишарди. Бир пиёла чой устида бугунги ишларни келишиб олардик. “Ҳаёт инсонга бир марта берилади. Шундай экан, мазмунли яшашга, бирон арзигули из қолдиришга ҳаракат қилиш керак. Шунда сен ҳамкасбларинг ўртасида обрў-эътиборга эга бўласан”,-дерди ўрта бўйли, ҳаракатчан, тетик Насриддин Зайниев. –Ҳазил-ҳузул, беғараз кулгилар ҳам жамоа орасида тез-тез бўлиб турарди. –Иш шароитимизни XXI аср қулайликлари билан таққослаб ўтирмайман. Қишлоқ хўжалик бўлимини Озоджон Ғойипов деган йигит бошқарарди. Аграр соҳасида пишиқ-пухта мақолалар ёзиш билан бирга шеър ҳам машқ қилиб турарди. Кунларнинг бирида “Юрак” сарлавҳали шеърини менга ташлаб кетди. Ўқиб чиқдим, бадиий жиҳатдан пишиқ. Газетанинг навбатдаги сонига тайёрлаб, туширдим. Сўнгра қувлигим тутиб, машинистка Мавлуда Манноновага қоғоз қўйишни буюрдим.

“Ҳурматли О.Ғойипов. “Юрак” сарлавҳали шеърингизни олдик. Бадиий томондан бўш, сайёзлиги учун ундан фойдалана олмадик. Кўпроқ бадиий китоб ўқинг, шеър ёдланг. Сиздан пишиқ, пухта асарлар кутиб қоламиз”.

Ғ.Иброҳимов, бўлим мудири.

Почтага бориб, хатни конвертга солиб, Ғойиповнинг манзилига юбордим. Эртаси куни тушдан сўнг хонамга ўтирсам, Озоджон кириб келди. “Шу гапларингизни ўзимга айтсангиз бўлмайдими?” деди бир оз хафа бўлиб. “Укажон, бу ҳазил, шеърингиз газетанинг эртанги сонида чиқаяпти”-дедим.

Ҳар бир ижодкорнинг фаолияти, ижоди, у қандай лавозимда ишлашидан қатъи назар – ёзган асарлари билан баҳоланади. “Мурғак қалб нидоси” шеърида шоир Ғазанфар Иброҳимов шундай дейди:

Соғинаман сизни онажон,

Нега келиб олмайсиз хабар?

Йўлингизда кўзларим гирён,

Нечун мендан қиласиз ҳазар?

Ҳеч нарсадан зориққаним йўқ,

Ҳамма нарса муҳайё бунда.

Яшашимдан ҳозир кўнглим тўқ,

Тарбиячим меҳрибон жуда...

–Ҳар бир одам - бир олам, деган гап бор,–Ғазанфар Иброҳимов ўз қаҳрамонлари ҳақида ёниб, завқланиб сўзлайди. –“Шарқ тонги” ва вилоят радиосида ишлаган кезларимда турфа хил одамлар, турфа хил тақдирлар билан учрашдим. Улар ҳақида мақола, айримлар ҳақида эса шеър ёздим. Мавзуни ҳаётнинг ўзи айтиб туради.

Чиндан ҳам Ғазанфар ака 40 йил давомида кўп вақти йўлда, хўжалик, ташкилот, мактаб, институт... Вилоятнинг ҳамма туманларида, сафарларда бўлди, чарчаш нималигини билмади. Янги-янги қаҳрамонлар излади, топди. Улар ҳақида бир-бирига ўхшамайдиган лавҳа, очерк, мақола, шеърлар ёзди. Газетхонларга бир янгилик, бир қувонч улашди.

1980 йили сира ёдимдан чиқмайди. Муҳарриримиз Насриддин Зайниев, Абдусалом Муҳаммадалиев, Эркин Ҳожиқурбонов тушликда сомса тамадди қилиб, кўк чой ичиб ўтирардик. Радиодан қишлоқ хўжалик ходимлари учун эшиттириш берилаётган эди, дикторнинг “Эл севган хонанда Қувондиқ Искандаров ҳозир Ғазанфар Иброҳимнинг “Пахтадан” деган қўшиғини ижро этади”, деди:

Меҳнат билан бўлди ўлкам, гавҳаристон пахтадан,

Чеҳралар гул-ғунча, юзлар моҳитобон пахтадан.

Офарин айтиб, Ғазанфар пахтакорлар шаънига,

Дур териб, сўз боғидан ёз катта достон пахтадан.

Қўшиқ тугади. Ҳаммамизнинг қувончу-шодлигимиз қалбимизга сиғмасди. Ахир Ғазанфар ака билан бир неча йил бирга ишлаб, газетачиликнинг қувончию машаққатини бирга баҳам кўрганмиз. Шу-шу бўлдию Ғазанфар аканинг кўплаб шеърлари қўшиққа айланиб, радио ва телевидениедан жаранглай бошлади.

Омонбой Йўлдошев ҳамроҳлигида Ғазанфар акани кўриш учун у кишининг хонадонига бордик. Диванда ётган эканлар, катта ўғилларининг ёрдамида туриб стулга ўтирдилар. Бизларни кўриб, қувончларини яшира олмасдилар. Бетобликлари ҳам ёддан кўтарилиб, ҳаётларидан қизиқ лавҳаларни мароқ билан сўзлар, ҳазил-ҳузил қилиб, ёддан шеърлар ўқирди:

Ҳеч ким бўлолмайди дунёда устун,

Ҳаётда ҳаммамиз вақтинча меҳмон.

Умр якунланиб қолганда бир кун,

Ўрнимиз жаннатми, дўзахми гумон.

Шеърни ўқиб бўлгач, “касал одамни қийнаб қўймайлик”,-деб ўрнимиздан турмоқчи бўлдик. Буни сезган Ғазанфар ака, ўғилларига “Ош тайёр бўлган бўлса керак...” дедилар. Кўп ўтмай, буғи чиқиб турган ош келтирилиб, дастурхонга қўйилди. Ошдан сўнг бир пиёла кўк чой устида гурунглашдик. Ғазанфар ака ёзишга қийналганлари учун шеър ва мақолаларини неваралари Фотимаойга айтиб, ёздирар эканлар.

–Ижод қалами ҳаммага ҳам берилавермайди. Бу оламга бир кирган, маҳлиё бўлган одам қайтиб чиқиб кетолмайди,-деди Ғазанфар Иброҳимов ва сўнгра сўзини давом эттириб,-“Шуни ҳеч қачон унутмайликки, журналистика факультетини битирганларнинг барчаси ҳам журналист бўлолмайди. Ҳозирги замон журналисти, ҳамкасбимиз ким ўзи? Менимча, у чуқур билимга эга бўлган, фикр доираси кенг, кўп нарсалар ҳақида ижодий мулоҳаза юрита оладиган замон билан ҳамнафас кишидир.

Ғазанфар Иброҳимов ярим асрдирки, умр йўлдоши Сайёра Ғаффорова билан ҳамнафас, умргузаронлик қилмоқда. 5 нафар ўғил-қизни меҳр билан тарбиялаб ўстиришди. Уларнинг ҳаммаси ўқимишли, аксарияти олий маълумот соҳиби. Баҳром, Феруз эл назарига тушган тадбиркор, қизлари Назокат она изидан бориб ўқитувчи, Мамлакат ва Зебоойлар бири ўқитувчи, бири шифокор.

–Ғазанфар ака, қалб қатингизда авайлаб юрган туйғуларингиз бўлса керак, “Гулобод тонги” мухлисларини ана шу олам билан таништирсангиз.

–Дилимда айтмоқчи бўлган гапим шуки, мустақиллигимизни қадрлашимиз керак. Истиқлол туфайли, ўзлигимизни чуқур англаш саодатига мушарраф бўлдик. Оиламиздан 5 киши ҳаж сафарида бўлди. Ёстиқдошим Сайёра, келиним Ферузаой, ўғилларим Баҳром ва Ферузлар. Олдинлари тушимизга ҳам кирмасди. Бу мустақиллик самараси. Яйраб-яшнаб ишлашимиз, Ватанимизни гуллаб-яшнашига ҳар биримиз ҳисса қўшайлик. Шуларни ўйлайману қалбимдан мана бу мисралар отилиб чиқмоқда:

Мақсадим шул-беғубор бўлса гўзал осмонимиз,

Юртимиз тинч бўлса, балки, роҳат олгай жонимиз...

Умр бўйи самимийлик, садоқат, мурувват уруғини сепиб келган устоз яхшилик ва одамийлик деб аталмиш беназир бўстон меваларидан баҳраманд бўлиб, уни элга ёймоқда.

Холиқ ҲАКИМОВ


Дата добавления: 13/01/2017 10:11;   Просмотров: 1769
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку