Умр ўтмоқда. Биз қарияпмиз, ёшлар эса улғайиб, турмушга тайёр бўлаяпти. Ота-оналар болаларининг орзу-ҳаваси билан яшашади, яхши ният-ярим давлат деганларидек кўп ишларни қилишга ўйлар эканман, бундан эллик беш йил олдинги йигитлик даврим ёдимга тушди. Тўйларда хизмат қилар эканман, тўрдаги безатилган каравотда виқор билан ўтирган отахонларга қарайман.
Улар навбати билан катта ҳаётга қадам қўйётган ёшларни қутлашиб, юзларига фотиҳа тортишмоқда. Ўшанда мен шу отахонлардек бўлишга, суннат ва никоҳ тўйлари ўтказилаётганларнинг тўну тўнчаларини кийгизишни ният қилган эдим. Мана, орадан йиллар ўтиб ниятим ўз ижобатини топди. Киши яхши ният қилса, албатта мақсадига эришар экан. ўз ҳовлисида тўй қилаётган қўшним сомсахўрликка таклиф этди. Ўттиз кишига жой тайёрланган, безатилган столларда эса ҳамма нарса муҳайё қилинган. Отахонлар каравотда, қолган меҳмонлар эса столларда ўтиришибди. Уйда қилган тантана файзли ўтмоқда. Менга сўз беришди. Дастлаб суннат тўйи ўтказилаётган болакайнинг тўнчаларини кийгиздим. Кейин эса бўлғуси куёв тўра елкасига тўнини ташлаб, белини маҳкам боғладим, дуо қилдим. Ҳамма "омин, Оллоҳу акбар!" дея юзига фотиҳа тортди. Шундан кейин маҳалла оқсоқоли сўзга чиқиб, тўйлар ҳозир илгаригидек ресторанларда эмас, ихчамгина, исрофгарчиликсиз ҳовлиларда ўтказилаётганини мамнуният билан айтиб берди. Гап орасида тўй ва бошқа маросимлар тартибли, давлатимиз қоида-қонунларига амал қилинган ҳолда ўтказилаётганини ҳам уқдирди.
Ҳа, оқсоқолнинг айтганича бор. Илгари тўйлар жуда ҳашаматли қилиб базмгоҳларда ўтказилган. Исрофгарчиликни айтмайсизми, яна денг маст бўлганлар жанжал ҳам қилишган. Ҳозир ундай эмас. Булар икки томонга енгиллик бўлди. Мақсад икки ёш бахтли бўлиши экан, ҳар бир ота-она шуларни ўйлаши керак. Мебелларни, сарполарнинг ёқмаганини баҳона қилиб жанжал чиқариш ўрнига икки ёшни бир ой дам олишга юбориб, уларнинг соғлиғини ўйласак мақсадга мувофиқ эмас-ми?!
Хуллас, ҳар бир киши яхши ният билан орзу-ҳавас қилса, меҳр-оқибатли бўлса, албатта, бахтли ҳаёт кечиради, ҳар қандай муаммоларни осонлик билан енгиб ўтади.
Ҳожи Қамар МУАЗЗАМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.