Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

И Ж О Д У М Р Н И Ч Ў З А Д И

Маълум бўлишича, ижодий касб эгалари одатда умрини оғир жисмоний меҳнатда ўтказадиган кишиларга нисбатан узоқроқ умр кўришлари аниқланган. Нега? Бу саволга жавоб баъзи кишилар учун ғайриоддий туюлиши мумкин...

Олимлар фан ва маданиятнинг турли соҳалари билан шуғулланган 26878 кишининг таржимаи ҳолини ўрганиб чиқишган. Шуниси эътиборлики, улар турли миллатга мансуб бўлиб, эрамизнинг ҳар хил даврларида яшашган. Маълум бўлишича, ижодий меҳнат кишилари барча даврларда ва мамлакатларда бошқа одамларга нисбатан анча узоқроқ яшаган экан. Қуйидаги рақамлар ва фактларга эътибор қилинг: ижодий меҳнат кишилари XVI асрда бошқа одамларга нисбатан ўртача 36,5 йил: XVIII асрда –36: XIX асрда эса 24,6 йил кўпроқ умр кўришган. Энг қадимги даврда ижодий меҳнат кишиларининг ўртача умри 67 ёшга тенг бўлган. Ўрта асрларда бу кўрсаткич 65 ёшни, XVII асрда – 64, XVIII асрда–64, XIX асрда – 69 ёшни ташкил қилган.
Ана шу вақт ичида жами аҳолининг ўртача умр кўриш муддати (2000 йил давомида) 27 ёшдан 60 ёшгача кўтарилган. Ҳолбуки, ижодий меҳнат кишилари ёшидаги бу фарқ ниҳоятда кичик. Турмуш тарзининг ўзгариши, одамлар маданий қиёфасининг ўсиши, тиббиётдаги тараққиёт аслида ижодий касб эгалари ҳаётининг узайишига кам таъсир кўрсатган. Чунки ижодий омил асрлар давомида меҳнат тарзи асосан фикрлаш билан боғлиқ одамлар турмушида мунтазам равишда бош ўринда келган. 2000 йил давомида олимларнинг ўртача умр кўрсаткичи тахминан 71 ёшни, файласуфники 69, ихтирочи ва муҳандисларники 71, меъморларники 71, рассом ва ҳайкалтарошларники 67, артист ва режиссёрларники 70, композиторларники 67, ёзувчиларники 58 ёшни ташкил қилган.
Аёлларнинг эркакларга нисбатан кўпроқ умр кўриши ҳам ана шу ижодий омилнинг таъсири билан изоҳланади. Чунки рўзғор билан шуғулланаётган аёл ҳам кундалик турмушда кўп ўйлашга ва рўзғорда янги-янги нарсаларни ихтиро қилишга мажбур.
Аслида ижодий меҳнатнинг самарали таъсири ҳатто, моддий етишмовчиликлар туфайли вужудга келадиган салбий оқибатларни ҳам қоплашга қодир экан. Ўрта асрларда ғарбий Европада қироллар ва князлар ўртача 48,5 йил, аксарият ҳолларда муҳтожликда умр кечирувчи артистлар эса 61 йил яшашган. XVI асрга келиб улар кечираётган ўртача умр орасидаги бу фарқ тўққиз йилни ташкил қилган. Масалан, Романовлар сулоласига алоқадор 112 киши ўртача 49,4 йилдан яшаган. Уларга замондош ёзувчиларнинг ўртача ёши эса 60 га тенг бўлган. Юқоридаги маълумотлар Европа, Осиё, Америка ва ҳатто Африка қитъаси мисолида қиёсланганда ҳам айнан тўғри келмоқда. Яъни, ҳамма жойда ижодий меҳнат умрни узайтирганини кўрамиз.
Кўпчилик кишилар ўз мияси имкониятларидан тўлиқ фойдаланмайдилар. Яна шуни унутмаслик керакки, табиат инсонга эҳсон қилган имкониятлар фақат улардан мунтазам фойдаланилгандагина сақланиб қолади ва доимо ошиб боради. Тарихдан ижодий меҳнат ёрдамида энг қийин шароитдаги аҳвол ҳам енгиб чиқилганлиги тўғрисида ўнлаб мисолларни келтириш мумкин. Рус энциклопедист олими Н.А.Морозов қамоқхонада ётганда бир неча хил касалликларга дучор бўлади, мунтазам равишда ўлим билан юзма-юз келиб туради. Лекин ана шу қийинчиликларга қарамай у бир кишилик камерада 25 йил ўтиради. Қамоқхонада ўтказган йиллар давомида 26 томлик – химия, физика, астрономия, адабиёт, биология ва геологияга оид асарлар ёзади. У 1946 йили 92 ёшида вафот этади.
Ижод бу – ҳаёт, у узоқ умр кўриш асосларидан бири. У ёшларга кенг, мазмунли ҳаётга йўл очса, кексаларга уни чўзиш ва муносиб тарзда якунлаш имконини яратади.

Н.МУҲАММАД


Дата добавления: 01/09/2017 15:45;   Просмотров: 1361
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку