Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Газетамизнинг шонли  65 йиллиги

БИЗНИНГ САНЪАТ ОПАМИЗ

1969 йилнинг сентябрь ойида "Шарқ тонги" ҳозирги ("Гулобод тонги") газета редакциясига ишга келдим. Муҳарриримиз Насриддин Зайниев бир муддат мен билан суҳбатлашгач шундай дедилар: "Ука, ҳозиргина босмахонадан Санъат опамиз телефон қилдилар. "Подчичик Абдулла ишга келмабди, шофёр сизни босмахонага олиб боради, опага гранка ва саҳифаларни ўқишга ёрдамлашасиз...".

Мана шунга ҳам орадан эллик уч йил вақт ўтибди. Ўйлаб қарасам, Санъат Шодиевадан кўп нарсани ўрганибман. Илк бор опага ёрдамлашганимда: "Корректорлик шу касб  учун яратилган кишигагина  мансуб эмас. Оддатда, бу соҳада  ишлаган кишилар газетанинг барча икир-чикири билан танишади. Тил қоидаларини яхши билиб олади, ёзиш сирларини ўрганади. Газетачилик  мактабида обдон пишади, чиниқади. Газеталарда масъул  котиб бўлганларнинг кўпчилиги мусаҳҳиҳ бўлиб фаолият кўрсатган...", дедилар. "Гулобод тонги" олтмиш беш ёшга тўлган  тарихий сана кунлари, газета саҳифаларига имзо чекмайдиган, лекин уларсиз газета таҳририяти яшай олмайдиган, оддий, аммо қутлуғ касб соҳибаларидан бири ҳаммамиз учун қадрли, устоз Санъат опамиздир. Қанчадан-қанча илк матбуотга қадам қўйиб, таниқли бўлиб кетган журналист ва ёзувчиларга опа  устозлик қилган .

Санъат Шодиева чуқур мушоҳадали тиниқ  фикрли, юмшоқ табиатли инсон эди. Опа билан гаплашганда билмаган нарсаларимизни ўрганардик. Баъзан эса, ҳазиломўз гаплар айтиб, чарчоқларимиз ёзилар, ўзимизни енгил ҳис этардик.

- Ўқиётган ҳар бир сўзга, унинг кўринишига, имло хатоларига эътибор қаратиш зарур.  Баъзан эса, мусаҳҳиҳдан ўтган хатони навбатчи муҳаррир кўрмай, сезмай қолиб ўтказиб юборади. Эртаси куни, бутун жамоа ҳақида нима дейди? - деганлари ҳамон  ёдимда. Санъат опамиз умр йўлдошлари, Ибодулла Ўлмасов билан "Шарқ тонги" да иш фаолиятларини бирга бошлашган. Кейинчалик И.Ўлмасов қирқ йилга яқин ("Ленин йўли") ҳозирги "Зарафшон" вилоят газетасида масъул котиб ўринбосари бўлиб, элга танилдилар. Юлдуз, Ғайрат, Нигора, Илҳом сингари ўғил-қизларни оқ ювиб, оқ тарашди, ўқитишди. Уларнинг ҳар бири ота-оналари ўгитига амал қилиб, мустақил Ўзбекистонимизни гуллаб-яшнашига ўзларининг муносиб улушларини қўшмоқдалар.

Асал айнимас, деганлар. Ҳарқалай Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ибодулла Ўлмасов ва у кишининг  ёстиқдоши Санъат Шодиевлар-да, уларнинг  жўшқин ва покиза ҳаётига, меҳнат фаолиятига ҳар қанча ҳавас қилса арзийди.

Ҳа, 65 йил. "Гулобод тонги" (собиқ "Шарқ тонги")нинг ўзига яраша тарихи, бу тарихнинг ижодкорлари, яратувчилари бор... Улар кўпчиликни ташкил қилади. Улар ёзган мақолаларни жамласак, китоб қилсак улар юзлаб китоб бўлади. Мен ҳам ёшлик-узоқ йилларим ана шу таҳририятда ўтган. Мени билан бирга ишлаган устозларим, ҳамкасбларимнинг аксарияти орамизда йўқ... Нима ҳам дейман, ҳаёт қонуни шу-да.  Жойларингиз жаннатда бўлсин дейман, хўрсиниш ва соғинч билан.

Холиқ ҲАКИМОВ.


Последнее редактирование: 08/04/2022 15:03;   Просмотров: 1910
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку