Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

“ДУНЁ ЎТАДИЮ” ТЎПЛАМИГА ТАҚРИЗ

Азал-азалдан Шарқда тарихий-маданий меросга, миллий қадриятларга эҳтиром билан қараб келинган. Бизнинг тезкор замонамизда бу анъаналар бир қадар сусайгандек таассурот қолдираётган эди. Яхшиям кейинги пайтларда юртимизда бу каби масалаларга қайта эътибор берилаётганлиги туфайли амалга оширилаётган тадбирлар ўзининг самарали натижаларини бермоқда. Унутилаёзган сиймоларнинг хотиралари тикланмоқда, китоблар нашр этилмоқда. Ушбу тўплам шу йўлдаги саъй-ҳаракатлардан биридир.

Мазкур тўпламда шоир, ёзувчи, олим, рассом, журналист, санъат аҳли каби турли ижод қирралари соҳибларининг Ориф Гулханий, Олимжон Орифий, Жамол Сирожиддинлар ҳақидаги хотиралари жамланган. Тўплам шунчаки хотира китоби эмас. Унда ижодкор шахси, масъулияти, ижод жараёни, ҳаёт ва унинг бадий талқинига доир ўй-мушоҳадалар, таржима, адабий ҳамкорлик ҳамда муаммоли назарий қарашлар ҳам ўз ифодасини топганки, бу табиий равишда тўпламнинг эстетик қийматини оширади. Унинг оммабоплигини тайин этади.
Адабиёт тарихидан маълумки, ижодкор зоти бор дунёнинг ўткинчилиги, бебақолиги, буқаламунлигидан огоҳ этиб ўтган. Мазкур тўпламга Ориф Гулханийнинг машҳур шеъри сарлавҳа қилиб олинганлиги, яъни “Дунё гузарон”-“Дунё ўтади”лиги жуда кўп фалсафий, илмий-маърифий масалалар талқинига йўл очган.
Ориф Гулханий, Олимжон Орифий, Жамол Сирожиддин Самарқанд адабий муҳитида турли даврларда яшаб, ижод этдилар, уларни оврўпоча атайдиган бўлсак, пафосдошлик, ўзбекча айтсак, дарддошлик туйғуси бирлаштириб туради. Шунингдек, мавзу танлашда, талқинда, ифодада улар услубида яқинлик сезиладики, улар ҳақидаги хотираларнинг бир китобга жамланганлиги айни муддао бўлган.
Тоғнинг этагида бўлганимизда унинг юксаклигини сезмаймиз, бироқ ундан узоқлашган сари тоғнинг юксаклиги, улуғворлиги янада яққолроқ намоён бўла бошлайди. Тўпламда хотиралари ҳақида сўз кетган ижодкорлар ҳам ўша тоғлардек, вақт ўтган сари ўзларининг юксакликларини кўрсатиб турибдилар.
Муқимжон Орифов хайрли бир ташаббусни бошлаб бердилар, бу ташаббус бардавом бўлишини истардик. Табиийки, илк нашрда айрим камчиликлар бўлади. Бор материалларни қамраб олишга ҳаракат қиламиз, саралашга баъзан имкон бўлмайди. Муҳими, бошлаб олиш, кейинги нашрларда бу кемтикликлар тўлдирилади, янги хотира ва материаллар билан мукаммаллашади. “Дунё ўтадию” тўплами катта тарбиявий-аҳлоқий моҳиятга эга деб уни чоп этишни мақсадга мувофиқ ҳисоблайман.

Шавкат ҲАСАНОВ, филология фанлари доктори


Дата добавления: 17/11/2017 11:18;   Просмотров: 1482
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку