ХХ аср адабиёт осмонида чарақлаган юлдузлардек из солган «Жамила», «Юзма-юз», «Бўтакўз», «Сарвқомат дилбарим», «Биринчи муаллим», «Сомон йўли», «Алвидо, Гулсари», «Оқ кема», «Эрта қайтган турналар», «Соҳил ёқалаб чопаётган олапар», «Асрни қаритган кун», «Қиёмат», «Кассандра тамғаси», «Қулаётган тоғлар» каби дурдона асарлар Ч. Айтматов мактабининг нақадар пурҳикмат , сержило, бир сўз билан айтганда, бадиий юксаклигидан далолат беради. Бу мактаб ҳали минг йиллар давомида қанчалаб келажак авлодлар учун хизмат қилади.
Асил Рашидов, профессор
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 2 апрелдаги "Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорини адабий жамоатчилик, мамлакатимиздаги кўп миллатли аҳоли зўр қувонч билан қарши олдилар. Бу жаҳоншуммуллик обрў қозонган адиб ижодига бўлган эътибор нафақат ижодкорларга, балки икки халқ қавм-қардошлигининг ўчмас нишонаси бўлди.
Эътироф этиш керакки, қирғиз халқ ёзма адабиёти ҳали етарли даражада шаклланмаган эди. Чингиз Айтматов ХХ асрнинг 50-йилларида адабиёт майдонига келиб, у нафақат қирғиз адабиётининг шаклланишига ўз ҳиссасини қўшди, балки жаҳон адабиётининг йирик вакили, буюк сўз санъаткори, туркий адабиётни юксак чўққиларга кўтарган истеъдодли адиб даражасига етди. Юнеско тақдим этган маълумотларга кўра, адиб асарлари ўтган асрнинг 90-йиллари сўнггида 168 мамлакатда 165 тилга таржима қилиниб, 830 марта, жами 67.2 миллион нусхада чоп этилган. Ҳозирги кунда бўлса жаҳоннинг 180 га яқин тилига таржима қилиниб, 80 миллион нусхада нашр этилган.
Айтиш жоизки, "Жамила", "Оқ кема", "Ёз ёмғири", "Алвидо, Гулсари", "Чопиб бораётган ит" каби қиссаларини ўқимаган ўзбек китобхонлари деярли бўлмаса керак.
Адиб ижодининг авж палласида ҳали у асарини битказмай туриб, таржимонлар уни рус тилига ва кейинчалик турли жаҳон тилларига таржима этишар эди. Чингиз Айтматов рус тилини мукаммал билганлиги учун кейинчалик ўз асарларини бирданига рус тилида ёзадиган бўлди. Натижада ижодининг жаҳоншумуллиги ошиб, дунёнинг турли бурчакларида унинг асарларини орзиқиб кутадиган миллионлаб ўқувчилар юзага келди.
Адибнинг "Асрга татигулик кун", "Қиёмат", "Охири замон нишоналари", "Қулаётган тоғлар" романларида одам ва олам ҳақидаги қарашлар, умуминсоний муаммолар бадий мантиқ ва фалсафа нуқтаи назардан талқин этилиши ҳеч бир китобхонни бефарқ қолдирмайди.
Қайд этиш керакки, Чингиз Айтматов ижоди коллеж ва умумий ўрта таълим мактабларида ҳам ўрганилади. Шу боисдан барча туман ўрта махсус касб-ҳунар коллежлари ва умумий ўрта таълим мактабларида адиб юбилейининг 90 йиллигини нишонлаш ўқув жамоатлари учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Ёзувчи тўғрисидаги маълумотни ўқиб, ёш авлод кенг кўламда маълумотга эга бўладилар ва асарларини чуқурроқ ўрганадилар, деган умиддамиз.
Раҳимжон НАИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.