(Очерк)
Бошига толпопук таққан қизалоқ чопқиллаб ҳовлига кирди-ю, кўрпа қавиб ўтирган онахоннинг бағрига ўзи отди.
- Катийнажон, байрам билан табриклайман.
- Вой, ширинтойим, чеваргинам, раҳмат. Илоҳим, умринг узоқ бўлсин. Менга қара, бир ўзинг келдингми, болам?
- Йўқ, Ҳаммамиз келдик. Отам укаларимни эргаштириб келяпти.
Онахон пешвоз чиқишга улгурмади. Ҳовли бир зумда болалару катталар билан гавжум бўлди-қолди. Фарзандлари, набира, чевараларини бир-бир бағрига босиб, "Раҳмат, илоҳим, умрларинг узоқ бўлсин", дея алқади она. Ҳовлида қийқиришиб ўйнаётган болаларга боққан кўзларида севинч ёшлари пайдо бўлди. Бошидаги рўмол четини юзига босди.
- Катийна, ановингизга қаранг, шапкасини кийишга бермаяпти. - Шикоят қилди ҳалигина бағридан чиқиб, болалар ўйинига қўшилган толпопукли қизалоқ. Онахон аскарча шапкасини кўз-кўз қилаётган чеварасини кузатаркан "Худди бобоси-я" дея хаёлга чўмди...
Украинанинг қуюқ ўрмони. Ўрмонзор орасидан ўтадиган сўқмоқ йўл мўъжазгина хуторга олиб боради. Бир томони дарё. Унинг чап қирғоғида ҳарбий қисм. Николай амаки хутордаги кекса балиқчи. Қайиғида тонгни тунга улайди. Ҳарбийлар ўнг соҳилга ўтишларида кўпинча кекса балиқчининг қайиғидан фойдаланишади. Ҳар ҳафта бир марта хутордаги ёш-яланглар гавжум бўладиган жой - ягона маданият ўчоғи - клубга тўпланишади. Николай амакига ором йўқ. Рақс кечасига ҳарбийлар ҳам келишади. Обдон ўйнаб-кулишган аскарларни чап соҳилга ўтказиб қўйишдан Николай амаки эринмайди. Ўша куни ҳам Таня отасини дарёдан қайтишини кутиб ўтирди. Алламаҳалда қайтган балиқчи чол уйига қорамағиздан келган аскар йигитни бошлаб келди. Қизига кўзи тушиб, ҳазиллашди:
- Танка, қара-чи, сенга кавалер топиб келдим.
Фақат...
- Нима фақат? - сўради қиз отаси ортидан кирган йигитга юзланаркан.
- Фақат озгина айби бор. На рақс тушишни билади, на қизлар билан муомалани билади. Қисқа таътил беришибди хизматлари учун. Рақс кечасига келиб, томоша қилишдан нарига ўтмади. Бошлаб келавердим. Аскар йигит ота-боланинг ўзаро суҳбатидан, кўҳликкина қизнинг тортинмасдан мовий кўзлари билан ўзини "тинтув" қилаётганидан ийманиб, бошини эгди. Она қизига танбеҳ беришни унутмади.
- Ота-бола бировни уялтиргандан кўра дастурхонга таклиф қилинглар. Овқат тайёр. Рақсни эса танишиб олгач, ўргатиб қўярсан...
Таня уятчан Мирзага биринчи марта расқга тушишни ўргата бошлади.
- Миша, ўнг қўлинг билан белимдан ушла, - деди қиз бир қўли билан йигитнинг панжаларидан тутиб. Мирзанинг пешанасидан тер чиқиб кетди. Уларга қараб турган қизнинг ота-онасидан нигоҳини олиб қочди.
- Миша, сен дадилроқ бўл. Таня ёш қиз эмас. Ўн бешга тўлди. Ҳар қандай йигитни ипсиз боғлаб олади. Шу туришингда... - далда берди Николай амаки.
Граммафондан таралаётган мусиқа тингунга қадар Мирза жиққа терга ботди. Рақсни билмаганидан эмас, биринчи марта қизнинг белидан тутганидан. Яна ота - отаси олдида.
Ёз ойи. Ўрмон димиққан кунларнинг бирида у яна кунлик таътил олиб, рақс кечасига келди. Илк бор Таня иккаласи даврада рақс тушишди. Бироз одмироқ кўринадиган қорамағиз йигитнинг енгил айланиши бошқаларнинг эътиборини тортди. Навбатдаги мусиқа бошланишида хуторлик бошқа бир қиз уни вальсга таклиф этди. Нотаниш қиз билан суҳбат орасида Мирзанинг кўзлари Таняни излади. Тополмади. Мусиқа тиниши билан ташқарига югурди. Таня ҳовлиси олдида отасига ниманидир уқтираётган эди. Қиз отасига қараб деди:
- Ана ўзи. Энди ўзингиз гапиринг!
- Эҳ, Миша, Миша. Қизалоғимни хафа қилибсан-ку!
- Нималар деяпсиз? - Мен уни... - энтикди Мирза.
- Ана кўрдингми, қизим. Сен бўлсанг бошқаси билан рақс тушганига хафа бўлиб юрибсан. Қани уйга, Анна Андреевнанинг шоҳона дастурхони кутаяпти ҳаммамизни...
Ўша куни Мирза Таняларнинг уйида ётиб қолди. Ўзбекистон, навқирон Самарқанд, жонажон Паст Дарғом, қадрдон Чандир қишлоғи, адоғи кўринмайдиган боғу токзорлар ҳақида гапирди. Таня берилиб тингларди уни.
- Қандай ажойиб. Шу гапларинг рост бўлса, мени юртингга олиб бориб, барчасини кўрсатасан. Кўрсатасан-а? - Таня эркаланиб, илтижоли оҳангда ялингудек гапирди.
- Ҳа, албатта, сени олиб бораман. Менга турмушга чиқсанг, бир этак фарзандларимиз бўлади. Хизматим тугаяпти...
Қўққисдан ҳарбий қисм томонида қаттиқ портлашдан хонани ларзага солган даҳшатли овоз тонг сокинлигини бузди. Кейин устма-уст гумбирлаш садолари яқинроқда эшитила бошлади. Мирза чаққон туриб, дарё томон отилди.
- Таня, тезда кўришамиз, - дейишга улгурди у. Азондан бошланган тўполон ойдинлашди. Ҳамманинг оғзида шу гап:
- Уруш! Уруш бошланди. Фашистлар бостириб кирди!
Ана Андреевна шошиб қолди. Эрининг қайиғи ҳам, ўзи ҳам топилмади. Кейин барча қўшнилари каби, станцияга кетаётган қишлоқдошларига эргашди. Икки ўғли ва Таня оналари билан бирга боришарди. Ҳамма бесарамжон - кўзлар беихтиёр осмонга қадалар, йўл-йўлакай улар устига ажал уруғини ташлаб учаётган самолиётлар ногаҳонда пайдо бўларди. Яқинроқда портлаган мина зарбидан она ҳушини йўқотаёзди. Фарзандларни бағрига босганча ерга ёпишди. Самолёт узоқлашгач, Таня ўрнидан турмаган онасини туртди ва унинг қонга бўялиб ётганини кўриб, додлаб юборди. Айни вақтда биров бировга ёрдам берадиган вазият эмасди.
- Станцияга улгуринглар. - Анна Андреевна минг бир азобда гапираркан, бир ютиниб, охирги илтижосини айтишга улгурди, - Сибирга, тоғангнинг ёнига боринглар.
Сибирнинг аччиқ аёзли кунлари. Нон комбинатида азонлаб ишчиларнинг қўли-қўлига тегмайди. Комбинат бригадири Татьяна Лёхова жиғибийрон. Яна мотор ишдан чиққан. Хамир қориш ускуналарининг тўхтаб туришидан қанча одамлар нонсиз қолади. Телефон қўнғироғи бригадирнинг диққатини бўлди. Гўшакни кўтарди. Тоғаси экан.
- Таня, яна нон муаммоси. Машина қуруқ қайтибди. Тушунсанг-чи, ахир. Турмадагилар ҳам одам. Бу ерда минглаб маҳкумлар оч.
- Улгурмаяпмиз, тоғажон! Биламан қийин... Савил қолгур, мотор ишдан чиққан.
- Маҳкумлардан бирини жўнатганман. Таъмирлаётгандир, қўли гул йигит. Фақат бироз одамовироқ. Интизоми яхши. Доимий тарзда сизларда ишлайверсин... Татьяна мотор таъмирланаётган хонага кирди. Қорамағиз йигит мойга беланганча дастгоҳга уннар, атрофдагиларга эътибор ҳам бермасди.
- Ҳой йигит... - Татьянанинг гапи бўғзида қолди. Бир муддатдан сўнг кичқирди. - Миша, Мирзажон! Наҳотки сен!
Маҳкум атрофга аланглади. Хаёлида "йилт" этган умид-ла "Танюша, наҳотки у! Саккиз йил ўтди. Украинадамасман-ку!" дея пичирлади. Бироз довдираб тургач, пичирлаши ҳайқириққа айланди.
- Таня, Танюша! Тушиммасми! - дея унга отилди. Атрофдагилар бехос бу учрашувдан лол эди...
- Сен Миша, анойи эмассан. Ҳеч ким билан гаплашмай юрганингдан билганман. Кимнидир соғинардинг, кутардинг. Жияним Таня экан-да у, - деди турма бошлиғи мийиғида кулиб, оила аъзолари хурсандчиликка йиғилган куни. - Энди озодсан. Сибирда озод юравер. Ўзим кафилман сенга. Фақат хат ёзма...Ҳид оладиган кўп...
Совуқ Сибирнинг аёзли кунлари. Мирза билан Татьяна турмуш қуришди. Саккиз йиллик айрилиқ дамларини бир-бирларига ҳикоя қилиб беришди...
Уруш бошланган кун Мирза қисмга етиб боролмади. Қисм турган жой аллақачон вайронага айланганди. Ўрмон оралаб кетаётган аскар йўлдан саф-саф бўлиб ўтиб турган ҳарбийларни пинҳона кўрди, бегона тилда чуғурлашишидан нимадир юз берганини ҳис қилди. Дарёдан ўтишга, Татьяналарни бундан огоҳ этишга шошилди.
- Хальт! - қўққисдан янграган овоздан Мирза бир муддат қотди. Қўлларини кўтариб, япроқлар орасидан илжайганча бир-бирига ниманидир чулдираётган икки киши қурол ўқталиб турганини кўрди. Ўйлашга фурсат топмаган Мирза ўзини дарёга отди. Сув тагида тўлқин уни ажалдан олиб қочди. Анча узоқлашгач, сув сатҳида қарши қирғоққа интилди. Ўрмонда узоқ сандирашга тўғри келади. Турли қисмлардан айрилиб қолган аскарларга қўшилди. Немислар бостириб кирганини, ҳаракатдаги қўшинлар чекинаётганини улардан эшитди.
Оч-наҳор бир неча кунни ўтказган қочқинлар портлашларда ўлган от ва қорамол гўштларини ейишарди. Ниҳоят, унвони юқорироқ ҳарбийлардан бири қочқин аскарларни сафга тизиб, аҳволни баён этди.
- Кечқурун кўприкда соқчилар камаяди, - деди у. - Асосий қўшинларга қўшилишимиз керак. Ёппасига ҳужумга ўтамиз. Қурол оз. Аммо станцияни ёриб ўтишимиз шарт...
Бошида ҳужум муваффақиятли кечди. Аксарият аскарлар кўприқдан ўтиб олишди. Лекин қўшимча куч етиб келганда кўприк усти ярадор ва ўликлар билан қалашиб ётарди.
Ҳимоясида турган бир қанча аскарлар ёпирилиб келган душманга дош беролмади. Кўплар ўққа учди, асир олинди. Асирларнинг соғломлари сараланиб, Польшага жўнатилди. Мирза ана шу гуруҳга тушиб қолди. Кейинчалик Голландияга ўтказишди. Тўрт йиллик азоб-уқубатлардан сўнг, асирлар иттифоқчилар қўлига ўтди. Англия ҳукумати маҳкумларни совет давлатига топширди.. СССР тупроғига қадам қўйган маҳкумларнинг пешонасига "Власович" деган тамға босилди. Мирза ҳам тақдирнинг ана шу битигидан қуруқ қолмади. Ўн беш йиллик қамоқ жазоси билан Сибирнинг Кемерова вилоятига жўнатилди…
Узоқ Сибирдаги иноқ оилада фарзанд туғилди.
- Биринчи фарзандимизга исмни ўзинг танла, - деди тўлин ойдек очилган Татьяна.
- Файзулла деб атаймиз. Ҳеч бўлмаса, исми юртимни эслатиб юради, - деди Мирза қувониб…
Йил ўтиб яна фарзанд кўришди.
- Энди сенинг галинг. Ким деб атаймиз? Фақат юртингни эслатадиган исм танла. Яхши хабарлар бор. Ўз диёримизга, Ўзбекистонга биз учун йўл очиладигандай, - деди Мирза шодланиб.
- Виктор бўла қолсин. Сени озод қилган, бизни топиштирган тоғажонимни эслаб юрамиз… Биламан, сенга осонмас. Ўн олти йиллик айрилиқ… Юртдан, қариндошлардан…
Чандир қишлоғи… Мирза Эшонқуловлар оиласида бирин-кетин яна уч ўғил, икки қиз дунёга келди. Уларнинг кенжаси туғилганда эр-хотин яна исм танлашди.
- Халқимизнинг удумига қаранг-да, отаси. Менга қолса, Сафарбой бўла қолсин. Шу сўлим юртни, қадрдонларимизни қўмсаб не юртларда азоб тортдингиз, - деди ийманиб Татьяна.
- Эна, ҳовли тўйхонага айланиб кетибди-ку! - дея дарвозадан кириб келган Сафарбойнинг овози учқур хаёлларини ўтган кунлардан қайтарди. - Бутун бир боғча кўчиб келибди-я!
- Болагинам-эй. Шукур, шу кунларга етказганига. Отанг раҳматли билан орзуларимиз ушалгани шу, ўттиз беш невара, ўн беш чеваралари билан бағрим тўлиб турса тўйхонага айланади-да. Отанг билан мени, қолаверса, юртимизнинг келажаги шулар-да, - деди Татьяна момо Сафарбой ўғлини бағрига босиб…
Бахтиёр ШУКУРОВ,
"Пастдарғам ҳақиқати" газетаси муҳаррири
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.