Малика Жумазода СамДУ тожик филологияси факултети иккинчи босқич магистранти. У олийгоҳда ўқишнинг биринчи кунлариданоқ бадиий ижод билан машғул бўлиб, бу борада қатор муваффақиятларга эришган.
Публицистик мақолалар ва бадиий ҳикояларнинг нашридан кейин, ўз ижодий маҳоратининг такмил топишига саъй-ҳаракат қилди. Шу мақсадда маъруф шоир Ориф Гулханий Самарқандий хонадони вакиллари билан ҳамкорликда ўзининг биринчи китобини "Бонувони хонадони Гулханӣ" номи билан икки тилда ўқувчиларга тақдим этди. Китоб қалам аҳли ва ўқувчилар орасида катта эътибор қозонди.
Айни вақтда ёш адиба ижодий малакасини такомиллаштириш илинжида ўзининг иккинчи китобини нашрга тайёрлади. Мазкур китоб "Зевари дунёст набера" ("Дунё безагидир, набира") деб номланиб, кичкинтой ўқувчиларга бағишланади.
Китобнинг вужудга келиши таҳсинга сазовордир. Зеро, бугун Ўзбекистон адабий муҳитида тожик тилидаги китобларнинг нашр этилишига ҳам эътибор кучаймоқда. Чунки, тожик тилидаги китобларнинг миқдори китобхоналар жавони ва китоб дўконларида жуда ҳам кам. Тожик мактабларида эса ўқувчилар ўз она тилларида китоб ўқишга эҳтиёж сезмоқдалар.
Малика томонидан ёзилган кичик ҳикояларнинг тили осону тушунарли, тасвирлари равшан ва болалар учун жудаям завқлидир. Улар замонавий, ҳаётий яратилганлиги сабабли қалблардан жой эгаллайди. Кичик ҳикояларнинг яна бир аҳамиятли жиҳати эса уларнинг қисқа ва мўъжазлигидир. Бу хусусиятлар кичкинтой ўқувчилар учун айни муддао ва ўқиши учун ҳеч ҳам малол келмайди.
Қисқа ҳикоячалардан жамланган мажмуа муаллифи келажакда мумтоз тожик ва форс ҳамда жаҳон адабиётини ўрганиш устида жиддий шуғулланиб, ўқувчиларга янги-янги китобларни тақдим қилади, деб умид қиламиз.
Садри САЪДИЕВ,
филология фанлари доктори, профессор
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.