Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

БЕТОБ ТЎРДА, СОҒ ГЎРДА

Акром бобо ваҳимали туш таъсирида саҳарлаб уйғониб кетди. Бир неча муддат шу даҳшатли тушидан хавотирга тушиб, карахт бўлиб ўтирди. Тушида бу фоний дунё билан хайрлашаётган эмиш...

Ҳамманинг ҳам қариганида охиратини берсин экан. Бошидан не-не савдоларни ўтказмаган Акром бобо умрининг сўнгги дамларида ёлғизланиб қолди. Аввалига автоҳалокат туфайли ёлғизгина ўғли вафот этди. Фарзандининг доғида куйиб адо бўлган кампири ҳам бир йил ўтмай бандаликни бажо келтирди...
Мана, ўша машъум воқеаларга ҳам ўн беш йил бўлибди. Ўтган давр мобайнида Акром бобо «Мени ҳам кўп қатори ҳурмат-иззат билан дафн этишса, маъракаларимни ҳеч кимдан кам қилмай ўтказишса» деган ўй- фикрлар гирдобида яшади. Пенсиясидан орттириб, охирати учун анча-мунча маблағ ҳам тўплади.
Кечаги ваҳимали тушидан кейин бу пулларни кимга ишониб топшириш мумкинлигини ўйлай бошлади. На фарзанди, ва на яқин қариндошлари бор. Бирор диёнатли инсонни топиш керак. Охири бир тўхтамга келиб, маҳалладошларидан қирқ ёшлар атрофидаги дину диёнатли, иймони пок Болтавойни танлади ва эртагаёқ у билан учрашиб, маслаҳатлашишни дилига тугиб қўйди.
Эрталаб Болтавойнинг уйига келиб, дилидагини тўкиб солди.
– Умрингиздан барака топинг, иним. – дея хазин овозда дардини айта бошлади бобо. – Мана шу омонатни олиб қўйсангиз. Яна ҳар ойда пенсия пулимни пешма-пеш келтириб бераман, ёнига қўшиб қўяверасиз. Ушбу тўпланган маблағни расомати билан сарфлаб, барча маъракаларимни бадастур ўтказишингизга ишонаман. Шу сабаб дину диёнатли инсонлар ичидан сизни танладим, Болтажон. Илтимос, йўқ деманг, иним.
Болтавой ҳам бироз сукутга чўмди-да, сўнгра розилигини билдирди. Акром бобо кўнгли хотиржам ҳолда уйига қайтди. Орадан бир ҳафта вақт ўтди. Эрта тонгда маҳалланинг нариги бошидан йиғи-сиғи овози кела бошлади. «Ким бўлди экан, у тарафда кексароқ киши йўқ эди-ку!?» деган ўйлар билан Акром бобо кўчага чиқди. Болтавой вафот этибди, деган шум хабарни эшитди-ю, қалбидан бир нарса «чирт» этиб узилиб кетгандек бўлди. Тақдирнинг ўйинини қарангки, уч-тўрт кунлик хасталикдан сўнг ишонган одами ҳам у дунёга рихлат этса... Акром бобо «Болта оламдан ўтибди!» деган гапга ишониб-ишонмай йиғи-сиғи авжига чиқаётган таъзияхонага ошиқди. Вазиятни англагач, ҳақиқатан ҳам Болтавой бандаликни бажо келтирганига ишонч ҳосил қилди ва чуқур «уҳ» тортиб юборди. Бу «уҳ», бу андуҳ Болтанинг бевақт ўлганига ачинишми, ё унга ишониб топширган омонати учунми, буни атрофдагилар ҳам ҳатто бобонинг ўзи ҳам тушунмади. Шу андуҳ ортидан Акром бобонинг кўзларига ёш қалқди. Наҳотки соппа-соғ юрган барваста йигит дабдурустдан оламдан ўтса-я. Вужудини совуқ тер босди.
Майитни қабристонга олиб кетишларидан олдин, жаноза ўқилмасидан бурун Акром бобо пулни қандай қилиб қайтариб олиш борасида маҳалла оқсоқоли билан маслаҳатлашди. Оқсоқол билан бирга бориб Болтабойнинг хотини ва акасига бўлган воқеани тушунтиришди. Хотини тан олмади, акаси эса «Менинг хабарим йўқ» дейишдан нарига ўтмади. Энди фақат жаноза ўқийдиган мулла «марҳумнинг ким билан олди-бердиси бўлса, айтингиз. Қариндошлари ҳисоб-китоб қилишади» деган даъватига жавобан эл олдига чиқиш қолди. Шу пайт марҳумнинг жияни Қилич орага тушди ва бундай қилмасликни, барча харажатларни ўзи кўтаришини маълум қилди. Соддагина Акром бобо йигитнинг гапларига ишонди ва тинчланди.
Болтавойнинг «қирқ»и ўтгандан сўнг Акром бобо унинг жияни Қилич Россияга ишга кетганлигини эшитиб қолди, қулоқларига ишонмади. Бобо яна бир бор карахт ҳолга тушди. Омадсизлик бир келса, қўша-қўша келар экан. Икки ой ўтмасидан қариндошлари Россиядан Қиличнинг жасадини олиб келишди. Ўша ерда ҳам у маҳаллий кишилардан бирига қоп-қоп ваъдалар бериб, бажармаганлиги учун жанжал кўтарилибди. Аламига чидолмаган мезбонлардан бири унинг бошига лом билан уриб, ўлдириб қўйган эмиш... Боқий дунё сари сўнгги сафарга ким олдин, ким кейин кетишини фақат Парвардигорнинг ўзи билади, деганлари рост экан.
Тез орада Акром бобонинг «ўлимлигини Болтавойга ишониб топширган» лиги ҳақидаги миш-мишлар бутун қишлоққа овоза бўлди. Бир куни Болтавой ва Қиличнинг яқин дўстлари «Ўйланманг бобо, мабода бандаликни бажо келтирсангиз, мана биз бормиз» деб тарвузи қўлтиғидан тушган Акром бобога таскин беришди. Шундай бўлди ҳам. Вақти-соати етиб, нуроний ёшида омонатини топширган Акром бобони ўша валломат йигитлар, қолаверса маҳалла аҳли иззат-ҳурмат билан боқий дунё сари кузатишди. Барча маъракалари ўтганидан сўнг қабристонда мўъжазгина қабр тоши ҳам қад ростлади...

Маъмуржон МУҲСИНОВ


Последнее редактирование: 03/07/2018 15:35;   Просмотров: 1275
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку