Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

БАҲОР СЕВИНЧИ

Вафо маъбудаси - баҳорим келдинг,
Ваъдасига содиқ - бойчечак бўлиб.
Чипор тўн ёпинган қир-адирларда
Ўқ теккан оқ қушдек қиш ётар ўлиб.
Нур ва қор фарзанди митти жилғалар,
Оҳ, бунча нафисдир қадами сувнинг.
Мажнундек ишқини яширмас еллар,
Шивирлар: "бандаси мен шу сулувнинг".
Уялиб бойчечак эгар бошини,
Кўзига ёш келар ҳар битта тошнинг.
Тунги юлдузларми қирда томчилар,
Ё синган кузгуси гўзал қуёшнинг.
Тўйхона қолади тоғнинг ортига,
Сархуш бир суворий вазмин қир ошар.
Қайтишин кутгандек турар бойчечак,
Узиб, у ҳовлиқиб қишлоққа шошар.
Баҳор, деб жар солиб елар чавондоз,
Бунчалар ўзгарган яқину-йироқ.
Суворий кўкларда қилгандек парвоз,
Баҳорга айланиб қолгандек қишлоқ.

НАВРЎЗ

Бугундан узаяр кунларнинг умри,
Совуқ шамолларнинг узилар жони.
Кимузарга куйлаб булбул-у қумри
Ажиб бир оҳанг-ла безар ҳавони.
Силаи раҳмга тоб бермас араз,
Соғинган дийдорга талпинар кўнгил.
Она маъбудага қилгудек фараз,
Ака йўқловидан боши тоғ сингил.
Шогирднинг ташрифи эҳтиром рамзи,
Ифтихор жилваси устоз кўзида.
Келинчак мисоли навбаҳор шамси,
Камалак поёндоз унинг изида.
Алёрлар авж олар, куну тун пайти,
Нуроний кампирлар қиздай жон ҳалак.
Қозонни кавларкан шукрона айтиб,
Юзидан ранг олиб қайнар сумалак.
Ҳар уйни банд этган байрам шукуҳи,
Диёрим макони қўшиқ, арўзнинг.
Йил бўйи қалблардан кетмасин руҳи,
Юртимга ярашган дилбар Наврўзнинг.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ


Последнее редактирование: 20/03/2020 11:46;   Просмотров: 902
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку